Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:07

Самарқандда талабалар 60 кундан бери пахта термоқда


Талабалар совуқ ва зах далада пахта қолмаганига қарамай¸ вилоят ҳокими буйруғи билан даладан қайтарилмаяпти.
Талабалар совуқ ва зах далада пахта қолмаганига қарамай¸ вилоят ҳокими буйруғи билан даладан қайтарилмаяпти.

Самарқанд вилоятидаги барча олий ўқув юртларининг 1-курсдан сўнгги курсигача бўлган талабалари 15 сентябрдан бери пахта даласидан қайтмади. Озодликнинг Самарқанд вилояти ҳокимлигига яқин манбаси¸ вилоят пахта режасини бажармагунча¸ далада пахта қолмаган бўлса-да¸ талабалар ўқишга қайтмаслигини билдирди.

Озодликнинг Telegram хабарлар лентасига самарқандлик талабалардан 15 ноябрь куни мана бу хат келди:

Пахта қачон тугайди? Биз ўзи ўқиймизми ëки йўқми? Тошкентдаги айрим олий ўқув юртларида оралиқ имтиҳонлар бошланди¸ бизда эса ҳали ўқиш бошланмади. Биз оралиқ ва якуний имтиҳонларни қандай топширамиз? Бунинг охири яна коррупцияку!? Баҳолар қандай чиқади? Мана ўқишнинг 60 куни ҳам ўтиб кетди. Биз ўтган йили ТДПИда ўқирдик¸ кейин бизни мажбурий ўз вилоятимизга ариза ëздирди. Ўз вилоятига келганларнинг кўпи ҳали ўқиш умуман бошланмаганини айтаяпти. Шу қатори бизда ҳам ўқиш йўқ. Далада умуман пахта йўқ¸ бизни олиб чиқишдан нима наф¸ шуни тушунмаяпмиз. Бугун 60 кун бўлди пахта тераëтганимизга”.

Бу мурожаатда Самарқанддаги қайси олийгоҳ талабалари ҳақида гап бораëтгани очиқ айтилмагани боис¸ Озодлик мухбири вилоятдаги аксар олий ўқув юртлари маъмуриятига телефон қилиб¸ талабаларнинг пахтадан қайтган-қайтмаганини ўрганишга уринди.

Вилоятдаги уч олийгоҳ маъмурияти билан суҳбатлардан¸ Самарқанд вилоятидаги барча олий ўқув юртлари талабаларининг 1-курсидан битирувчи курсларига қадар 15 сентябрдан бери пахтада экани аниқланди.

“15 сентябрда кетишган. Пайариқ¸ Оқдарëда пахта теришаяпти. Қачон қайтишларини биз ҳам билмаймиз. Уч-тўрт кундан кейин қайтиб қолишар”¸ деди Озодлик мухбири боғланган Самарқанд университетларидан бири ректори ëрдамчиси.

Талабаларнинг қачон пахтадан қайтишини олийгоҳ ректоридан сўрашнинг имкони борми¸ деган саволга бу маъмур¸ “Ректорнинг ўзлари ҳам пахтадаларку!” дея жавоб қайтарди.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд давлат университети расмийси¸ университет талабалари аҳволининг бошқа олийгоҳлардан яхшироқ экани¸ уларнинг узоқ туманларда ëтиб пахта термаëтгани¸ кунига автобусларда яқин туманларга бориб¸ кечқурун уйларига қайтаëтганларини таъкидлади.

Учинчи университет вакили эса¸ вилоят бўйлаб пахта далаларида деярли ҳосил қолмаганини ҳамма кўриб-билиб турган бўлса-да¸ Самарқанд вилояти пахта режасини бажармагани учун¸ талабалар далада қолаëтганини айтди.

“Вилоят ҳокими шунақа деган. Режага оз қолди¸ 99 фоизларга етдиëев. Режа тўлса¸ қайтиб қолишар уч-тўрт кунда”¸ деди Озодлик боғланган Самарқанддаги учинчи олийгоҳ вакили.

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган бир неча расмийси¸ вилоят бўйлаб олий ўқув юртлари талабалари пахтада эканини тасдиқлади¸ аммо уларнинг қачон ўқишга қайтишига оид маълумотга эга эмасликларини билдирди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти куни-кеча ўтказган қўшма семинарда бу йилги пахта мавсуми мониторинги натижасида мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида сезиларли илгари силжиш бўлгани иддао қилинди.

Айни пайтда¸ Касаба уюшмалари федерациясининг 15 ноябрь куни Озодлик гаплашган расмийси¸ Самарқанд вилоятида ўн минглаб талабанинг 60 кундан бери ўқиш ўрнига пахта тераëтганидан бехабарлигини билдирди.

“Бўлиши мумкин эмас. Қайси олийгоҳ¸ қайси туманда пахта тераëтганини айтинг¸ эртагаëқ ҳаммасини уйига қайтарамиз”¸ деди 15 ноябрь куни Озодлик боғланган Касаба уюшмалари федерацияси расмийси.

Самарқанддаги олийгоҳ талабалари 16 ноябрь куни йилт этган тола қолмаган¸ совуқ ва зах даладан ўқишга қайтадими-йўқми¸ Озодлик ваъда ижросини кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG