Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:24

Рауф Парфининг Навоий кутубхонасида ўтказилиши режаланган юбилейи тақиқланди


Рауф Парфининг 75 йиллигига бағишлаб ўтказилиши керак бўлган кеча афишаси
Рауф Парфининг 75 йиллигига бағишлаб ўтказилиши керак бўлган кеча афишаси

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи туғилган куннинг 75 йиллигига бағишлаб 25 сентябрга режаланган “Туркий дунёнинг ғолиб хаёли” деб номланган тадбирни ўтказиш тақиқлаб қўйилди.

Тадбир ташкилотчиларининг Озодликка маълум қилишича¸ ўтказилиши кутилаётган кеча давомида Рауф Парфи шеърлари, унинг ижоди тўғрисида маърузалар ўқилиши, Шоир шеърлари асосида тайёрланган саҳна кўринишини намойиш қилиш режаланган эди.

Ташкилотчиларг аввалроқ тадбирда камида 150 киши қатнашиши кутилаётганини Озодликка хабар қилган эди.

Ўзини "Миллий кутубхона матбуот хизмати ходими", деб таништирган мулозимга кўра¸ “Бу тадбир юқорининг буйруғига кўра бекор қилинган”.

- "Зудлик билан бекор қилиб ўрнига бошқа тадбир қўйинглар", деган оғзаки буйруқ бўлди¸ деди Миллий кутубхона матбуот хизмати вакили Озодлик мухбирига.

Мулозим тадбирни тақиқлаш буйруғи айнан кимдан келганини аниқ айтмай “тепадан келди” дейиш билан кифояланди.

2005 йилда оламдан ўтган Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг таввалуд кунини нишонлаш Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 2018 йил 17 январда имзолаган 01-07-1-3356 рақамли режага кўра¸ Миллий кутубхонанинг 150 кишилик залида ўтказилиши керак эди.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган бу ҳужжатда тадбир ташкилотчи сифатида Маданият вазирлиги ва Миллий кутубхона кўрсатилган.

Бош вазир имзолаган ҳужжат
Бош вазир имзолаган ҳужжат

Озодлик мухбири Бош вазир режаси нега бажарилмаганига қизиқиб, Ўзбекистон маданият вазирлигига мурожаат қилди.

Вазир ёрдамчиси Жамолиддин Узоқов “Бош вазир тасдиқлаган режадан ҳабари борлигини аммо бу режанинг нега бажарилманидан бехабар эканлигини” айтиш билан кифояланди.

Миллиятчи шоир Рауф Парфининг қизи¸ адвокат Муножот Парпиева Озодлик билан суҳбатда бу тадбирнинг нега бекор қилингани борасида Президент маъмуриятига мурожаат қилгани, аммо ҳануз жавоб ола олмаганини айтди:

- Бош вазир режасига киитилган тадбир¸ раҳматли отамнинг 75 йиллик юбилейи 18 сентябрь куни тақиқлаб қўйилибди. Менга ва ташкилотчиларга "тақиқланди", деб айтишди. Ким¸ нега деган саволга жавоб беришмади. Отамни тириклигида хор қилган мулозимлар уни ўлганидан кейин ҳам таъқиб қилмоқда. Бундан 5 йил олдин айни кутубхонада 70 йиллик юбилейини нишонламоқчи бўлганимизда ҳам охирги минутда тадбирни бекор қилишган эди.

Муножот Парпиевга кўра ¸ агар Рауф Парф тирик бўлганда “бу тақиқ устидан мийиғида кулган бўлар эди.”

Ўлимидан бир йил олдин, 2004 йилда шоир ижодига бағишланиб Freedom House ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида ўтказилган тадбирда сўзга чиққан Рауф Парфи тақиқу-чеклашларга кўникиб қолганини айтган эди:

"Китобларим чиқмаслиги¸ мен билан учрашувлар бекор қилинишига кўникиб ҳам қолдим. 1992 йили 50 ëшга тўлганда китобим чиқиши керак эди. Шу китобни сигнал вариантини қўлимга ҳам олдим. Аммо китобнинг бутун тиражини йўқ қилишди. 2003 йили Сорос ташкилоти кўмагида китобим чиқаëтган эди. Корректурасини ўқидим севиниб. 600 бетлик китоб. Лекин Сорос ташкилотининг Ўзбекистон бўлими ëпилиб кетиб китобим чиқмай қолди. Демак мени ўзим шу сал ишим юришмайдиганроқ шоир эканман¸ ўрганиб ҳам кетдим".

Шоир ўлимидан сўнг чоп қилинган китоб
Шоир ўлимидан сўнг чоп қилинган китоб

Рауф Парфи 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. “Карвон йўли” (1968), “Акс садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1974), “Кўзлар” (1976), “Қайтиш” (1981), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1991), “Тавба” (2001), “Сўнгги видо” (2006) каби шеърий тўпламлари, учта сайланмаси (2013) нашр этилган.

“Шоир ҳақиқатни гапирмай туролмайди... Шоир ёлғондан, юзаки, сохта қўшиқ айтишдан қўрқади. Аниқроғи, шоирнинг ичидаги истеъдод қўрқади ёлғондан. Чунки ёлғон – истеъдоднинг кушандаси”, деб ёзганди Рауф Парфи.

“Ёруғ дунёга келган инсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан – Инсон ҳақлари, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон ҳуқуқи – шеърият ҳуқуқи”, дея бонг урганди шоир яна бир ўринда.

Туркий дунёнинг атоқли ижодкори 2005 йили Тошкентда вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда юбилею тадбирларига тақиқ қўйилган Рауф Парфининиг бундан 5 йил олдин 70 йиллик таваллуди муносабати билан Тошкентда ўтказилиши лозим бўлган барча тадбирлар бекор қилинган, бунга “юқорининг буйруғи” сабаб бўлгани айтилганди.

XS
SM
MD
LG