Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Суриядан Чеченистонга олиб келинганлар орасида ўзбекистонлик 2 бола бор (ВИДЕО)


Суриядан Грознийга учоқда асосан аёллар ва болалар олиб келинди.
Суриядан Грознийга учоқда асосан аёллар ва болалар олиб келинди.

13 ноябрь Суриядан Россияга эвакуация қилинган 41 кишининг аксарияти аёллар ва болалардир. Чеченистоннинг Грозний шаҳар аэропортига келиб қўнган махсус бортда вояга етмаган икки ўзбекистонлик ҳам бор. Бу ҳақда Озодликка Чеченистон Ташқи ишлар вазирлиги билдирди.

Озодлик юборган расмий сўровга жавобан Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Чеченистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Бислан Мазаев Суриядан олиб чиқилганлар орасида икки ўзбекистонлик борлигини билдираркан, бундай деди:

- Ўзбекистондан иккита бола бор экан. Болаларнинг онаси Россия граждани экани маълум бўлди. Болаларга Россия гражданлиги расмийлаштирилмасдан қолган экан. Махсус рейс билан келган хорижликлар ўз давлатлари элчихоналарига тарқатилди. Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлимидан уларни кўришга ходимлар келди. Хусусан, консуллик бўлими бошлиғи Собир Йўлдошев шахсан ўзи келиб, вазиятни ўрганди, шахсан улар билан учрашди ва гаплашди. Билишимча, илгари Ўзбекистон ватандошлигига эга бўлган, ҳозирда россиялик бу аёл Россияда қолди. Болалар ҳам у билан бирга, деган умиддаман, деди Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Чеченистондаги расмий вакили Бислан Мазаев.

Вазирлик расмийси, ҳозирча, бу аёл ва болаларга тегишли бўлган бошқа маълумотлар, оммавий ахборот воситаларда очиқланмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганини ҳам қўшимча қилди.

Бислан Мазаев Сурияда жанглар бораётган ҳудудларда яна кўплаб МДҲ давлатлари гражданлари, жумладан ўзбекистонликлар қолаётгани тўғрисида маълумотлар борлигини айтди.

- У ердан қайтиб келганлар сўзларига кўра, уруш бораётган ҳудудларда МДҲ давлатларидан, жумладан Ўзбекистондан бўлган одамлар қолмоқда. У ерда ишимиз давом этмоқда ва янги маълумотларнинг келиб тушишига қараб иш тутамиз, деди Бислан Мазаев.

Вазирликдан олинган маълумотга кўра, Суриядан навбатдаги махсус борт Грознийга яна 10-15 кундан кейин келиши мумкин.

Олдинроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 13 ноябрдаги махсус рейсда қайтганларнинг аксари болалар ва аёллар эканини ўзининг Инстаграм саҳифасида билдирган эди:

"Улар ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган зонага болаларнинг оталари ва аёлларнинг эрлари ўйламасдан қилган жиноий амаллари натижасида тушиб, террорчи иблислар давлати қаторига қўшилиб қолди. Олдинроқ биз Сурия ва Ироқдан 48 одамни олиб чиққан эдик. Энди болалар ва уларнинг оналари хавфсизликда!... Шу тариқа, биз оилаларига шу кунгача 89 кишини қайтариб келдик. Олиб борилган қутқарув ишлари нафақат юртдошларимиз, балки МДҲнинг қатор давлатлари гражданлари ҳуқуқлари билан боғлиқ", деб ёзди Рамзан Қодиров.

Махсус вакил Зиёд Сабсаби суриядан олиб чиқилаётганлар билан
Махсус вакил Зиёд Сабсаби суриядан олиб чиқилаётганлар билан

Чечен раҳбарининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича вакили Зиёд Сабсаби Сурия лагерларидан олиб келинганлар сони 41 киши эканини билдирди.

- Бугун 41 киши олиб келинди. Улардан 5 нафари Қозоғистон, иккитаси Ўзбекистон, 36 киши – Россия Федерацияси ватандошларидир, деди Грозний аэропортида журналистларга маълумот берган Зиёд Сабсаби.

“Грозний Информ” ахборот агентлиги маълумотига кўра, ушбу махсус рейс 2017 йилнинг август ойидан буён Сурияга бориб қайтган олтинчисидир. Агентлик Чеченистон пойтахтига келтирилган аёл ва болаларнинг асосий қисмини Россиянинг Бошқирдистон, Орёл, Доғистон, Чеченистон ва бошқа минтақаларидан Сурияга кетиб қолганлар ташкил этади.

Август охирларида Ироқдан Россияга олиб чиқилган етим қолган болалар орасида 8 ёшли Марям исмли қизча ҳам борлиги хабар қилинган эди. У икки опаси ва акаси билан Мисрда туғилгани, ота-онаси билан яшагани, кейин Ироққа келиб қолгани ва ўша ерда унинг ака-опалари ва ота-онаси халок бўлганини айтиб берди.

Экспертлар болалар уйида қолаётган қизалоқ Тожикистондан бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Сурия ва Ироқдаги жангари гуруҳлар сафида жанг қилаëтган ўзбекистонликлар сонининг 500 нафардан кўплиги тахмин қилинади.

Қуролли жангарилар айримлари оилаларининг ҳам Сурия ва Ироққа ўз эрлари ëнига кетгани айтилса-да¸ бундайлар сонига оид аниқ рақам йўқ.

XS
SM
MD
LG