Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Тақиқланган материаллар рўйхати. "Россиядан андоза" ва Каримов давридаги усулларга қайтиш


21 яшар Жаҳонгир Улуғмуродов YouTube’даги нашидага линк юборгани учун ўтган ой уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
21 яшар Жаҳонгир Улуғмуродов YouTube’даги нашидага линк юборгани учун ўтган ой уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини тармоқларда нашида (исломий бағишлов қўшиғи)ни синфдошлари билан бўлишгани учун уч йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродов устидан апелляция судининг адолатли ўтишини таъминлашга чақирди.

14 июнь куни Тошкент вилояти апелляция судлов ҳайъати 21 яшар талаба Улуғмуродовнинг ишини кўришни бошлади, маҳкаманинг навбатдаги мажлиси 21 июнь кунига белгиланди.

HRW Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан очилган жиноят иши унинг диний ҳуқуқларини ва эътиқод эркинлигини бузмоқда, деб ҳисоблайди.

“Сўнгги пайтларда ҳукумат “экстремистик” деб ҳисоблайдиган контентларни тарқатиш айблови билан таъқиб қилинаётганлар сони кўпайиб бормоқда”, дейилади баёнотда.

Май ойида 21 ёшли талаба ўз синфдошлари билан Telegram’даги гуруҳ суҳбатида YouTube’даги нашидга линк юборгани учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Дин ишлари бўйича қўмита бу қўшиққа “ақидапарастлик ғоялари сингдирилган” деб ҳисоблади.

"Ҳаддан ташқари қаттиқ жазо"

Human Rights Watch баёнотида қайд этилишича, ташкилот мазкур нашида матни билан танишиб чиққан ва унда “бевосита зўравонликка чақириқ аломатлари мавжуд эмас”, деган хулосага келган.

Ташкилот нуқтаи назарича, Тошкент вилоят ИИБ 10 майда Улуғмуродов интернет орқали «жиҳодга ва шаҳидликка чорловчи материалларни” тарқатгани тўғрисида маълумот берар экан, бу иддаони исботловчи ёки тасдиқловчи ҳеч қандай далилларни келтирмаган.

Human Rights Watch бу каби айбловлар билан Тошкент, Наманган ва Андижонда бир неча ёш йигит судланганига ҳам эътибор қаратмоқда.

Ўтган ой суд Тошкент Давлат иқтисодиёт университети талабаси бўлган Улуғмуродовни жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материал тарқатиш, сақлаш ёки намойиш этишда айбдор, деб топган.

Суд айтаётган айтаётган материал эса нашида ёки исломий қўшиқдир.

Яқинлари ва тармоқ фаоллари суд айбловга асос бўлган материални нотўғри малакалагани ва Жаҳонгирга ҳаддан ташқари қаттиқ жазо тайинлаганини айтишмоқда.

У "мазкур диний ақидапарастлик ғояларига йўғрилган нашидани 10 нафар аъзоси бўлган “Alhamdulillah” номли гуруҳга тарқатган"и айтилади.

Маълум бўлишича, Улуғмуродов қўлга олинганида у қулоқ солган нашида тақиқланган материаллар рўйхатида бўлмаган.

Мамлакатда тақиқланган “террорчилик ва экстремистик ташкилотларга тегишли материаллар” рўйхати мавжуд.

"Бундай ишлар ҳатто маъмурий ҳам эмас"

Human Rights Watch нинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритманнга кўра, Жаҳонгир Улуғмуродовнинг ҳибсга олинишида ўзбек ҳуқуқ-тартибот ходимлари мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган бўлишлари мумкин.

“Улуғмуродов ва бошқаларни “экстремистик” деб аталган материалларни тарқатишда айблаб, улардан зўравонликка ундашда фойдаланмоқчи бўлганликлари ёки улардан фойдаланишни мақсад қилганликлари учун ҳеч қандай далилсиз қамоққа олиш - ўз ваколатларини қўпол равишда суиистеъмол қилишдир”, -дейди Мира Ритманн.

Париждаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаева бундай ишлар малакали экспертиза хулосаларига таяниши керак, деган фикрда.

- Зўравонликка чорловчи ва тақиқланган маълумотларга эга адабиётлар мавжудлиги рост. Давлат, жамоат хавфсизлигига таҳдид қилувчи материаллар ҳам махсус идоралар томонидан блокланиши табиий ҳолат. Бироқ, бу ерда “рўйхат қайси мезонлар асосида тузилди” саволи вужудга келади. “Тақиқланган” деб эълон қилиш учун экспертлар, олимлар, мутахассислар хулосалари бўлиши шарт. Бу хулосалар мезонлари ҳам олдиндан белгиланган бўлиши лозим.

Бирор ўзбекистонлик билиб-билмай муайян сайтларга кирса, гуруҳларга аъзо бўлиб қолса ёки айрим асарларни, видео ва аудиоларни қўл телефонига кўчириб олса ҳам Ўзбекистон Жиноят кодекси моддаси остига тушиши мумкин.

Масаланинг муҳим томони - бу тақиқлар нафақат сиз ўзингиз юклаб олган, кўчирган, тарқатган материалларга тегишлидир. Рўйхатдаги тақиқ остидаги материални сизга бошқа одам юборган бўлса ҳам сиз жавобгарликка тортилишингиз эҳтимоли катта.

Ҳужжат тўлиқ “Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхати” деб номланади ва мунтазам тўлдириб турилади.

Дин ишлари бўйича қўмита расмий сайтида бу рўйхат охирги марта 2023 йилнинг 17 май ойида тўлдирилгани очиқланган.

Тақиқланган диний мазмундаги материаллар рўйхатини тузиш “Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2014 йил 20 январдаги 10-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2019 йилда жорий этилганди.

Унда рўйхат ҳар йили камида икки марта Дин ишлари бўйича қўмита томонидан янгилаб туришлиши айтилганди. Ўшанда ҳужжатдаги “диний экстремизм” жумласидан “диний” деган сўз олиб ташланган ҳам эди.

Ўзбекистон Олий суди қарорига кўра, рўйхат ижтимоий тармоқлардаги тақиқланган профиль, канал ва гуруҳлар ҳамда нашида ва китоблар рўйхатидан иборат.

Дин ишлари бўйича қўмита телеграм-каналида ёйинланган рўйхатга “экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилгани” айтилган:

Facebook тармоғидаги 123 та профиль ва гуруҳ;

Instagram’даги 60 та профиль;

Telegram’даги 207 та канал;

Youtube’даги 49 та канал;

“Одноклассники” тармоғидаги 16 та гуруҳ;

TikTok’даги 13 та профиль;

7 сайт;

6 та диний нашида;

ва 18 та китоб номи киритилган.

Шунингдек, рўйхатдан Швециядан бошпана топган қорақалпоғистонлик имом Муҳаммадсодиқ Обутов, қирғизистонлик имом Рашод Камолов ҳамда унинг марҳум отаси Муҳаммадрафиқ Камолов, Швецияда суиқасдга учраган наманганлик имом Обидхон Назаров, 1994 йилда Тошкент аэропортида ғойиб бўлган андижонлик имом Абдували Мирзаевлар номи ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда танилган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби, 2018 йилда Ўзбекистонни тарк этган имом Фазлиддин Парпиевнинг президентга видеомурожаати ҳам рўйхатга киритилганди.

Бу материалларни Ўзбекистон ҳудудига:

олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш қилиш ман этилган.

Қўмита ўзининг бошқа бир постида ўзбекистонликларни террористик ва экстремистик ташкилотларга тегишли материалларни тайёрлаш ва тарқатишдан сақланиш, хусусан, шубҳали аудиоматериалларни Интернет тармоғидан юклаб олмаслик, дуч келган электрон китобни юклаб, тарқатишдан тийилиш ҳамда текширилмаган фото ва видеоматериалларни Интернетдан юклаб олишдан эҳтиёт бўлиш хусусида огоҳлантирган.

Яъни, ҳар бир Ўзбекистон ватандоши ҳар қайси сайтга киришдан, ижтимоий тармоқдаги гуруҳга аъзо бўлишдан, китоб ёки ауди юклаб олишдан олдин юқорида тилга олинган рўйхатга назар ташлаши лозим.

Акс ҳолда у маҳаллий қонунлар бўйича жиноят содир этган бўлади.

Ҳуқуқ фаоли Надежда Атаевага кўра, Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан жиноят иши мамлакатда инсон ҳуқуқлари институтлари ривожланмагани натижасидир.

- Бу бола биринчи маротаба жавобгарликка тортилмоқда. Балким у билан суҳбат ўтказиб қўйиш етарли бўларди?! Бу иш ҳатто маъмурийга тортмайди! Агарда Ўзбекистон либераллашув, инсонпарварлик жамияти сари одимлаётган бўлса, ҳукуматга бу боланинг тақдирини синдириш ва кейин унга “афв” эълон қилишдан нима наф?! Ҳар бир инсон қачонлардир нимагадир қоқилади, бунинг учун дарҳол қўлини кесиб ташлаш керакмас. Бундай одам умрининг охиригача ўзига келмайди, қанақа ватанпарварлик ҳақида гапирса бўлади кейин? Диний эркинлик йўқ жамият албатта турли хато тасаввурлар, ғоялар билан тўлдирилади. Жамият бу муаммоларни яширмасдан муҳокама қилиши лозим, агар ғоя хато бўлса, экспертлар буни жамоат фикр алмашинуви жараёнида исботлаши керак. Шунинг учун ҳам давлатда демократия, инсон ҳақлари институтлари ривожланиши шарт, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

"Хизмат доирасида фойдаланиш учун" тузилган рўйхат

Тақиқланган ва жамоатчилик учун хавфли деб билинган материаллар сиёсий-ижтимоий мазмунда эмас - у ерда ҳатто порнографик манбаларга тақиқ қўйилмаган. Рўйхатдаги материаллар фақат диний мазмунда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелда қабул қилган ва шу йилнинг май ойида ўзгартиш киритилган қарорига мувофиқ, экстремистик ёки террористик руҳдаги материаллар рўйхати, у ёки бу материални “жамият ва тузум учун хавфли” деб топилиши учун ўтказиладиган экспертиза:

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва “ДИНИЙ МАЗМУНДАГИ МАТЕРИАЛЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ОЛИБ КИРИШ ВА ТАРҚАТИШ ҲАМДА ДИНШУНОСЛИК ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ” томонидан белгиланади.

Яқингача мазкур рўйхат "Хизмат доирасида фойдаланиш учун" деб таснифланган ва жамоатчилик унинг мазмуни тўғрисида маълумотга эга бўлмаган.

АҚШдаги Жанубий Калифорния университетининг инсон ҳуқуқлари бўйича профессори Стив Свердлоу тақиқлаш ва қамоқ жазосини қўллаш билан давлат бу муаммони бартараф эта олишига шубҳа билдирди.

У Дин ишлари қўмитаси ва Олий суд у ёки бу материални тақиқлаши аксинча ёшлар эътиборини ўзига жалб этмоқда, дейди:

- Ўзбекистонга реал қарайдиган бўлсак, мамлакат ичкарисида террорчилик хавфи ва экстремистлар сони жуда оз. Ислом Каримов даврида жамиятни қўрқитиб олган диктатор тинч диндорларни қамаб келган. Бир нечта учрашувларда юқори лавозимли ўзбек расмийлари шахсан менга “Стив, биз ўзбекистонликлар қўшни давлатларда авж олаётган, масалан, Ҳизб-ут Таҳрирга қизиқишларини истамаймиз!” дейишган.

Афсуски, ўзбек жамиятида сунъий тузилган ва аксилғарбий, аёллар ҳуқуқларини камситаётган ва зўравонликка чорлаётган одамларга истаганини гапиришга рухсат берилган. Қизиғи, ҳукумат тақиқ қўяётган материалларга ёшлар қизиқиши ортиб бораверади. Экстремизмнинг олдини олишнинг ягона йўли мавжуд , у ҳам бўлса - инсон ҳақларини ҳимоя қилиш, таълим тизимини, жумладан, диний таълимни такомиллаштиришдир.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши белгиланган.

НизомдаЎзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси материалларни экспертизадан ўтказишга Ваколатли орган деб белгилаб қўйилган.Қўмита экспертлари Ўзбекистонга олиб кирилаётан диний мазмундаги медиа ва матбаа маҳсулотларини ўрганиб чиқади, уларни олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш юзасидан хулосаларини беради.

Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Давлат Чегара хизмати ва Давлат Хавфсизлик хизмати олиб мамлакатга кирилаётган материаллар устидан қатъий назорат ўрнатган. Озодлик смартфонларидан топилган материаллар учун жавобгарликка тортилган Россия, Қозоғистон ёки Туркиядан Ўзбекистонга кириб келаётган муҳожирлардан шикоятлар олган.

Экспертлар охирги йилларда диний соҳани назорат остига олиш ҳаракатлари айниқса, собиқ Иттифоқ мамлакатлари ҳудудларида авж олаётганига эътибор қаратиб келмоқда. Масалан, ўтган давр мобайнида Россияда 5342 та, Қозоғистонда 1133 та, Қирғизистонда 167 та ва Тожикистонда 2417 та радикал контентлар суд томонидан тақиқланган.

Ҳукумат томонидан тақиқланган материаллар рўйхатининг энг каттаси ва мазкур рўйхат асосида энг кўп жазоланганлар бўйича дунёдаги илғорлик Путин Россиясига тегишлидир.

СССР даврида асосан адабий асарлар тақиқ остида бўлган бўлса, замонавий Кремл раҳбарияти 2002 йилдан буён “Эктремистик материаллар рўйхати”ни янгилаб келади.

Вазиятнинг абсурдлигини Россиядаги Татаристоннинг Лаишевский суди 2021 йил декабрида тақиқланган экстремистик материаллар рўйхатига “Саҳиҳ ал-Бухорий” нашрини киритгани кўрсатиб туради.

2022 йил 5 июлда Татаристон Олий суди мусулмонлар учун иккинчи манба саналган муқаддас “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни экстремист адабиёт рўйхатида қолдириш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирганди. 2023 йилнинг апрелидагина жамоатчилик босими остида Татаристон суди ҳукми бекор қилинди ва бу муқаддас китоб рўйхатдан чиқарилди.

Кўплаб соҳа экспертлари Владимир Путин режими жорий қилган Интернет, аудио-видео ва матбаа материаллари цензура қилинишини бошқа сателлит давлатларга экспорт қилган, деб ҳисоблайди.

Ҳуқуқшунос Стив Свердлоу эса диний радикализмга қарши курашишнинг бундай усули кашфиётчиси аслида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов, деган фикрда:

- Эълон қилинган бу рўйхат Диний масалалар қўмитаси жамиятдан ажралган ҳолда бу муаммони бартараф эта олмаслигини кўрсатди. Ислом Каримов бундай рўйхатларни тузиш кашфиётчисидир! Афсуски, у бошқа давлатларда ҳам тақиқ қўйишга намуна бўлди.Масалан, учинчи муддатига ўтирган Владимир Путин айни рўйхатни Россияда жорий қилди ва бугун у қандай оқибатларга олиб келганини кўриб турибсиз: у ерда ҳатто иеговачилар хатарли ташкилотлар қаторида! Менимча, Ўзбекистон диний масалалар бўйича тузилмаси Каримов давридан қолган эскича ёндашувни қўлламоқда ва яна ўша муваққат усулларни ишлатмоқда. Жамиятда ҳақиқатан Исломга қизиқиш юқори ва юзага келаётган ихтилофлар рўйхатлар тузиш билан эмас, жамиятдаги эркин мулоқот орқали бартараф этилмоғи лозим.

2018 йилда АҚШ Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича вазият «алоҳида хавотирли» давлатлар рўйхатидан чиқарган, аммо 2019 йилда уни диний эркинликларни топтовчи давлатлар рўйхатига қайтарган.

Сўнгги ойларда тармоқларда танишларига нашида йўллагани учун бир неча ёш йигит судланиб, қамалди, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу йилнинг 30 январида 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 3 йил олдин синфдошига юборган диний қўшиқ (нашид) учун 5 йилга қамалган, апелляция суди эса унга белгиланган жазо муддатини шартли қамоқ жазоси билан алмаштирган эди.

Шу йилнинг 27 март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида БМТнинг диний эркинликлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Аҳмад Шахид Ўзбекистондаги сўнгги 5 йилликка оид ҳисоботини эълон қилди.

Айрим масалаларда “ижобий силжишлар” борлигини эътироф этган БМТ вакили “аксарият муаммоларнинг ўзгармай қолаётгани хавотир” билдирган. Аҳмад Шаҳидга кўра, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний таълим бериш, диний адабиётлар чоп этилиши жараёнини эркинлаштиришга оид нормаларда "қолоқлик" сақланиб қолмоқда.

3 йилга қамалган талаба йигит Жаҳонгир Улуғмуродов иши юзасидан навбатдаги апелляция маҳкамаси Тошкент вилоят судида 21 июн куни бўлиб ўтади.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG