Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:27

Олимлар: Эрнинг асаби хотини пул топмасаям қақшайди, топсаям...


I
I

Бат университети (Буюк Британия) ўтказган тадқиқот оила даромадининг 40 фоизигача бўлган қисмини хотини топса, эр ўзини яхши ҳис қилишини, аммо аёллар ойлиги бу кўрсаткичдан юқори бўлса, эрлар стрессга йўлиқишини кўрсатди. Иқтисодий жиҳатдан хотинига бутунлай қарам бўлган эркакларда эса стресс даражаси энг юқори бўлади.

15 йил давомида 6000 америкалик эр-хотин орасида ўтказилган тадқиқот эркаклар ягона пултопар бўлса, жиддий стрессдан азият чекишини кўрсатди. Аёлларнинг маоши оила даромадининг 40 фоизигача бўлса, эрларнинг стресс даражаси озаяди. Аммо аёллар маоши оилавий даромаднинг 40 фоизидан кўп бўлса, эркаклар стресс даражаси яна оша бошлайди.

Бат университетнинг Бошқарув мактаби иқтисодчиси доктор Жоанна Сирда:

- Тадқиқот натижалари эркакларнинг оила боқувчилик роли ҳақидаги ижтимоий нормалар ҳамда эркаклар аёлларидан кўпроқ даромад топиши бўйича анъанавий қарашлар эркаклар соғлиғи учун хавфли эканлигини кўрсатди, - деди.

- Бу муайян гуруҳ ўртасида ўтказилган йирик тадқиқот, холос. Бошқа гуруҳларда ҳамда жамиятларда қарашлар ўзгача бўлиши ҳамда вақт ўтиши билан натижалар ўзгариши мумкин. Шундай бўлса-да, натижалар етарлича салмоқли бўлиб, жинс нормалари ҳануз мавжудлигини, уларнинг эркаклар соғлиғида ўйнайдиган ролини кўрсатади. Тинимсиз безовталик кўплаб саломатлик билан боғлиқ муаммоларга, жумладан, жисмоний касалликлар, руҳий, ҳиссиёт билан боғлиқ ҳамда ижтимоий муаммоларга олиб келиши мумкин, - дея қўшимча қилди Сирда.

Доктор. Сирда, шунингдек, оила қуришдан аввал эркаклар бўлажак турмуш ўртоғи кўпроқ даромад топишидан хабардор бўлса, оила қургандан кейин психологик безовталикдан азият чекмаслиги кузатилганини айтди.

Пью тадқиқот маркази маълумотларига кўра, 1980 йилда Америкада оилали аёлларнинг фақат 13 фоизи эридан кўпроқ маош олган. Аммо 2017 йилга келиб бу кўрсаткич 30 фоиздан ошган. Вақт ўтиши билан бу кўрсаткич янада кўтарилишини кутиш мумкин.

Доктор. Сирда тадқиқотчилар учун бу ўзгариш ижтимоий нормалар, саломатлик ҳамда эркакларнинг анъанавий роли ҳақидаги қарашларга қандай таъсир кўрсатиши жуда қизиқ эканлигини айтди.

- Оилада аёллар кўпроқ маош топиши ортидан анъанавий жинс ролларининг ўзгариши турли оқибатларга олиб келади. Улар жисмоний ва руҳий саломатлик, ҳаётдан қониқиш, вафо, ажрашиш ҳамда оилада музокара олиб бориш қобилияти каби ўлчамлар билан боғлиқ, - деди Др. Сирда.

Тадқиқот натижалари, шунингдек, эркаклар ва аёллар ўз стресс даражалари ҳақида турли қарашларга эга эканлигини кўрсатди. Хусусан, аёллар оилавий даромаднинг 50 фоизини топса, эрларида стресс энг оз бўлади, деб ҳисоблайди. Аммо эркаклар назарида бур кўрсаткич 40 фоизни ташкил қилади.

Доктор. Сина ўтказган тадқиқот натижалари Personality and Social Psychology Bulletin журналида чоп этилди.

XS
SM
MD
LG