Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:04

"Ургут ҳокими оиламиз 12 йилдан бери ишлатиб келаётган ерни бошқаларга бериб юбормоқда"


“Озод микрофон”га мурожаат қилган Самарқанд вилоят, Ургут туман, Мерганчи маҳалласида яшовчи Давлатбек Махмараҳимов унинг оиласи 2007 йилдан бери фойдаланиб келган 15 сотих ерни "туман ҳокими ноқонуний равишда тадбиркорларга бериб юбораётганидан" шикоят қилди.

OzodMikrofon: "Ургут ҳокими оиламиз 12 йилдан бери ишлатиб келаётган ерни бошқаларга бериб юбормоқда"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:01 0:00


Махмараҳимовнинг айтишича, у айтаётган ер участкаси Мерганчи маҳалласини сув билан таъминловчи мухофаза зонаси ҳисобланади.

- Мерганчи маҳалласини сув билан таъминлайдиган артезиан қудуғининг мухофаза зонаси 15 сотихга тенг. Ўша ҳудудни туман ҳокими Турдиев 2018 йилда аукционга чиқарган ва унда ерни иккита тадбиркор сотиб олган. Биз бундан норози бўлиб Самарқанд шаҳар маъмурий судига мурожаат қилдик. 2018 йил 10 июлда Самарқанд шаҳар маъмурий судининг ҳал қилув қарори чиқди. Унга кўра, шу аукцион натижалари бекор қилинди ва мазкур ҳудуд мухофаза зонаси экани тасдиқланди. Ерни сотиб олган тадбиркорлар бунга апелляция беришди. Навоий вилоят, кейин Тошкентда Олий суд бу ишни кўриб чиқди. 2019 йил 12 июнда Олий Суднинг ҳал қилувчи қарори чиқди. Унга кўра, Самарқанд шаҳар ва Навоий вилоят маъмурий судларининг қарорлари ўз кучида қолдирилиб, ҳудуд мухофаза зонаси сифатида қолдирилди.

Давлатбек Махмараҳимовнинг айтишича, шундан сўнг у туман кадастр бўлимига мухофаза ҳудудини расмийлаштириш учун ҳужжат топширган. Бироқ сентябрь ойида туман ҳокими мухофаза ҳудудини расмийлаштиришдан бош тортган.

Суҳбатдошимизнинг иддао қилишича, кейинроқ ҳоким мухофаза ҳудудини 27 июль куни яна тадиркорларга сотиб юборгани ошкор бўлган. Шундан сўнг Давлатбек Махмараҳимов қатор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган, аммо у аризаларига жавоб олмаган.

- Ҳокимнинг бу қарорига прокуратура протест киритиши керак экан. Аммо прокуратура бу масалани ўрганмаяпти. Ҳоким аввал прокуратурада ишлаган. Менимча, ҳокимнинг прокуратурадаги одамлари бу ишни босди-босди қилишаяпти. Мен 12 декабрда президент маслаҳатчиси Худойбергановнинг сайёр қабулида бўлдим. Ўшанда Ургут туман кадастрининг бош архитекторини чақиришди. Архитекторга “Суднинг қарори чиққан нарсани қандай қилиб яна бировга бераяпсизлар?” деб савол қўйишди. Архитектор “Бўлди, биз бу масалани ўрганиб, мухофаза зонасини шу кишига ажратиб, ҳужжатлаштириб берамиз”, деб ваъда берди. Аммо 18 декабрда вилоят прокуратурасидан текширувчилар тадбиркорлар билан бирга келишиб, менга босим ўткакзишаяпти ,-деди Давлатбек Махмараҳимов.

Унга кўра, мухофаза зонасини 2007 йилда отаси "хусусийлаштириб олган". Бу ерда қурилиш ишларини амалга ошириш мумкин бўлмагани сабабли, бино қурилмаган.

- Мухофаза зонасини 2007 йилда колхоз тугатилганида отам сотиб олиб, хусусийлаштирган эди. Шу вақтгача қудуқ аҳолини сув билан таъминлаб келаяпти. Мухофаза зонаси 15 сотих, унинг тагидан қувурлар ўтган, шунинг учун бу ерда қурилиш қилиш мумкин эмас. Биз бу ерга қараб, тирикчилик қилиб келар эдик. 2016 йилда туман ҳокими бу ерга келиб, “Мухофаза зонаси бўш турмасин, президент келаяпти, лимонарий қуринглар”, деб кўрсатма берган. Ўшанда 7 миллион сўмга икки кунда лимонарий қурганман. Ҳозир лимонларим ҳосилга кирган. Фақат шу тирикчилигим бор. Бу ердан газ қувурлари ҳам ўтгани учун қурилиш қилиб бўлмайди,-деди Давлатбек Махмараҳимов.

---------------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG