Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:19

Сурхондарёда президент ташрифи олдидан “тозалаш” ўтказилди


Тошкентдан борган махсус гуруҳ Сурхондарёдаги раҳбарлар орасида "тозалаш" ўтказган бўлса, ишчи-ходимлар президент ташрифи олдидан кўчаларни тозалади.
Тошкентдан борган махсус гуруҳ Сурхондарёдаги раҳбарлар орасида "тозалаш" ўтказган бўлса, ишчи-ходимлар президент ташрифи олдидан кўчаларни тозалади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг уч ойга кечиктирилган Сурхондарёга ташрифи 1-2 июнь кунларига режаланди.

Президент ташрифи олдидан Тошкентдан борган махсус ишчи гуруҳ Сурхондарёда “тозалаш” ўтказиб, ўнлаб раҳбарларни “янгилаган”.

Сўнгги бир ой ичида маҳаллий матбуот Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов фаолиятини олқишловчи кўрсатув ва мақолаларни мунтазам эълон қилди.

Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши ва унга халқаро ташкилотларнинг танқидий муносабатлари давом этаётган бир пайтга тўғри келди.

Уч ойга кечиккан ташриф

Дастлаб жорий йилнинг февраль ойига режаланган ва уч ойга кечиктирилган президент Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи 1-2 июнь кунлари амалга оширилади.

Бу ҳақда хабар қилган президент матбуот котиби Шерзод Асадов Мирзиёевнинг икки кунлик ташрифи кун тартибини очиқламади.

Сурхондарё вилоят ҳокимлигидаги манба 19 май куни Озодлик билан суҳбатда президентнинг март ойига режаланган ташрифининг қолдирилишига блогер Отабек Сатторий ҳибсга олиниши ортидан халқаро танқидларнинг кўпайиши сабаб бўлганини айтган эди.

Президент ташрифи олдидан “тозалаш”

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов имзолаган ҳужжатга кўра, Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифини ташкиллаштириш учун мутасадди вазирлар ва раҳбарлардан иборат ишчи гуруҳ 18 май куни Сурхондарёга етиб борган.

Тошкентдан жўнатилган бошқа бир гуруҳ эса 3 май куни Сурхондарёга бориб, президент ташрифи олдидан вилоятдаги “тозалаш”ларга бош- қош бўлган. Буни вилоят ҳокимлигидаги аноним қолишни истаган манба Озодликка тасдиқлади:

“Кейинги бир ой давомида вилоятдаги ҳамма раҳбарлар “тозалаш”га тушишдан қўрқиб яшади. Жуда кўп раҳбарлар ишда олинди”.

Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг Телеграм каналида берилган хабарларга кўра, сўнгги бир ой ичида вилоят ҳокимининг учта ўринбосари ишдан олиниб, улар ўрнига янгилари қўйилган:

  • Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари Фаррух Тоиров Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.
  • Алишер Хидиров вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлаган.
  • Жўрабек Тўраев вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

Шунингдек, сўнгги бир ой ичида Сурхондарё вилояти Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармасига янги раҳбар, Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасига янги бошлиқ, Ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармасига янги раҳбар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғига янги ўринбосар тайинланган.

Айни пайтда Сариосиё тумани ҳокими Ўктам Тўраев Тошкентга жўнатилиб, қурилиш вазири ўринбосари этиб тайинланган.

“Ҳокимнинг пиар кампанияси яхши ишлади”

Сурхондарё вилоят ҳокимлигидаги манбага кўра, Тошкентдан ишчи гуруҳ келиши билан вилоят ҳокими Тўра Боболов фаолиятини олқишловчи мақола ва кўрсатувлар сони кўпайтирилган:

“Президент қаерга борса, ўша жойнинг ҳокимини ишдан олади ёки ўлгудай пўстагини қоқади. Шунинг учун ҳокимимиз сўнгги бир ой давомида ўзини яхши томондан кўрсатишга астойдил ҳаракат қилди. Жойларга чиқиб, халқ билан учрашиб, уларнинг катта-кичик муаммоларини ҳал қилиб берди. Бу нарсалар матбуот орқали зудлик билан ёритиб борилди. Пиар камапания жуда яхши ишлади. Ҳар куни чиройли кўрсатувлар қилинди”.

Жумладан, 23 май куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳридаги Бобур номли истироҳат боғида фуқаролар учун оммавий сайёр қабул ўтказди.

Расмий хабарда айтилишича, Боболовга ушбу учрашувда уй-жой, тиббий хизмат, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, бизнес учун кредит, ер ажратиш, ички йўлларни таъмирлаш каби масалаларда мурожаат қилинган ва ҳоким уларни ҳал қилишга ваъда берган.

Ҳокимлик Телеграм-каналидаги хабарларга кўра, Тўра Боболов сўнгги бир ой ичида аҳоли вакиллари билан ўндан зиёд шу каби учрашувлар ўтказган.

Айни пайтда Сурхондарё жорий йилда бир неча бор нафақат маҳаллий, балки халқаро матбуотнинг ҳам эътиборига тушди.

Отабек Сатторий суд залида.
Отабек Сатторий суд залида.

YouTubeдаги “Халқ фикри” видеоблогида маҳаллий ҳокимият идораларидаги коррупцияга қарши чиқишлари билан танилган блогер Отабек Сатторий жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди ҳукми билан шу йил 10 майида олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ҳукм ортидан Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Чегара билмас мухбирлар ва Human Rights Watch каби қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини блогер Отабек Сатторийни зудлик билан озод қилишга чақирган. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши фигурантига айланган.

Президент ташрифи арафасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Сурхондарё ҳокимини Сатторий ишига алоқадор дея “айблади”.

Беш ой аввал Сурхондарё вилоят, Қизириқ туманидаги 500 нафар фермер ерини маҳаллий ҳокимият босим ва тазйиқ билан тортиб олаётганидан норози бўлиб, Тошкентга бориб, ўтказган норозилик чиқишлари ҳақида Озодлик туркум мақолалар эълон қилган.

Ери тортиб олинаётган қизириқлик 500 фермер вакиллари Олий Мажлисга арз қилиб борди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:18 0:00

“Президент ташрифи учун кўзбўямачиликлар бўляпти”

Фейсбук тармоғида Сурхондарёнинг Термиз шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида 29 май куни соат 23:10да тасвирга олинган видео ва фотолар эълон қилинди. Хабарда айтилишича, ободонлаштириш ходимлари президент ташрифи олдидан ярим тун бўлишига қарамай йўл бўйига гул кўчатлари экишга мажбурланган.

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 39-мактаб ўқитувчилари эса президент ташрифи арафасида мактабнинг таъмир ишларига жалб қилинганидан шикоят қилишди.

Сурхондарёнинг Шўрчи тумани “Олийҳиммат” маҳалласидан ёзган муштарий эса 3 ой аввал президент келади деб маҳалладаги йўлга тош тўкилгани, бироқ кейин қаровсиз ҳолда қолиб кетгани ҳақида ёзди:

“Шаҳарга чиқадиган йўлимиз нотекис асфальт эди, президент келаркан деб, 3 ой олдин йўлни бузиб, тош тўкиб кетишди. Агар президентимиз биз томонларга келмаса, йўлимиз бузилганча қолиб кетмасин, деб ёзяпман”.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Ўзбекистон” маҳалласининг маълум бир қисми ҳам президент ташрифи учун бўяб-безалди.

Воқеа жойдан Озодликка йўлланган видеода йўлларнинг асфальт қилингани, йўл бўйларига арча ниҳоллари экилгани, симёғочлар оқлангани кўринади.

Президент ташрифига асфальт қилинган йўл ва қаровсиз қўшни қишлоқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:48 0:00

Видеони йўллаган шерободлик йигит президент ташрифига қилинаётган ишларни “кўзбўямачилик” дея атади:

“Йўл бўйига экилган арчаларнинг қуриган ва чанг босган жойларига яшил краска сепиб чиқишди. Далаларга яқинда анор экиб, томчилаб суғориладигандай қилиб қўйишди”.

Каримов давридан қолган анъана

Ўзбекистонда президент ташрифига кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча марта қоралаган.

Аммо бу танқидларга қарамай, президент борадиган ҳудудлар йўлларини шоша-пиша асфальт қилиш, томларни бўяш, бюджет ходими ишчиларини кўча тозалашга чиқариш, йўл бўйига хўжакўрсинга иссиқхоналар қуриш, кўчатлар экиш ёки очилган пахтани тердирмай туриш каби ўнлаб кўзбўямачилик ҳолатлари ҳақида Озодликка хабарлар келган.

Президентнинг кутилмаган ташрифидан қўрққан мулозимлар “қолоқ маҳалла”ларни обод қилишни бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:14 0:00

Алоқадор

XS
SM
MD
LG