Рашод қори иши: "Тақиқланмаган" адабиёт, радикаллик кучаяётган жануб

Рашод қори Камолов 8 йил имомлик қилган Қорасувдаги "Сарахсий" жоме масжидида жума намози

Ўтган ҳафта нафақат Қирғизистон жануби, балки қўшни Ўзбекистонда ҳам танилган 37 яшар имом Рашод қори Камолов 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Расмийлар бу ишни мамлакат жанубида радикаллик кайфияти кучаяётганига бир далил ўлароқ қабул қилдилар. Аммо, ҳимоя томони Қирғизистонда тақиқланган диний адабиётлар рўйхати йўқлиги, диний адоват қўзғаш айбловлари исботини топмаганини даъво қилмоқда.

Диний адоват қўзғаш, экстремистик материалларни тарқатганлик

5 йил манзил колонияда жазо ўташга ҳукм қилинган Рашод қори Камоловга Қирғизистон Жиноят Кодексининг 299-моддаси асосида “Ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда диний адоват қўзғаганлик”, “Оммавий тадбирлар ўтказиш чоғида экстремистик материалларни тарқатганлик” каби айбловлар қўйилди.

2015 йилнинг февраль ойида ҳибсга олинганидан то суд ҳукми эълон қилингунича ўтказилган 17та суд мажлисида унинг Қорасувдаги "Сарахсий" масжидининг расман тайинланган имоми эмаслиги ўртага чиқди. Натижада, иш "диний адоват қўзғаганлик" ва "экстремистик материалларни тарқатганлик” айблови билан судга ошди.

У ҳибсга олинганидан бери матбуотда эълон қилинган мақолаларда Рашод қори ўзи имомлик қилган масжид қавмини ҳалифалик қуриш ва жиҳодга чақирганлик, ҳатто, Сурияга жиҳодга одам жўнатганликда айбланаётгани ҳақида хабарлар берилди. Аммо, айблов хулосаси ҳамда ҳукмда бу гаплар бўлмади.

7 октябрь кунги маҳкамада Қорасув туман суди судьяси айбловлар исботини топди, деган қарорга келди ва имомни 5 йил манзил колонияда жазо ўташга маҳкум этди.

"Қирғизистонда тақиқиланган диний адабиёт йўқ"

Суд ҳукми ўқилганидан сўнг Озодлик Рашод қори Камоловнинг адвокати Ҳусанбой Солиевни яна бир карра суҳбатга тортди. Зеро, ҳимоя томони суд қарори устидан юқори инстанцияларга арз қилишини билдирган.

Ҳимоя томони иддаосича, қўйилган айбловлар судда тасдиғини топмаган.

Адвокат Ҳусанбой Солиев Озодлик билан суҳбатда бу иддаосига асос ўлароқ икки жиҳатни илгари сурди:

- Биринчидан, "диний адоват қўзғаш" дейилган моддани қўллашга оид ҳолатнинг ўзи йўқ. Бу имом бир дин вакилини бошқасидан устун қўйиш, камситиш, ҳақоратлаш ҳаракатларини содир этмаган ва судда ҳам бунга бирор далил келтирилмади. Иккинчидан, қонунда аниқ айтилган, информацион материал фақат суд қарори билан ман қилинади, одамлар оммавий хабардор қилинади, деб. Биз маҳкама жараёнида Қирғизистонда бирор адабиётнинг экстремистик мазмунда, деб тақиқланганига оид бирорта суд қарорини топмадик ва бунақа қарор йўқлиги ҳақида мамлакатдаги Юстиция вазирлигининг бизда қарори бор, бунақа тақиқланган материал бизда йўқ, деган. Расмий жавобларимизни судяга тақдим қилдик. Яъни, тақиқланган адабиётнинг ўзи йўқ мамлакатда расман. А Рашод қори қайси тақиқланган адабиётни сақлаган бўлади унда, тушунаяпсизми?! - дейди адвокат Солиев Озодлик билан суҳбатда.

"Ҳамма гап 4 июл кунги маърузада"

Адвокат Солиевнинг даъвосича, Рашод қори Камоловнинг "диний низо қўзғагани, экстремистик материалларни тарқатганига далил" сифатида 2014 йил 4 июлда ўқиган маърузаси олинган.

- Ўша маърузада бу киши ҳалифалик ҳақида маъруза қилган. У маъруза 18 минут. Лекин, унинг ҳар еридан фақат ҳалифалик ҳақида динда айтилган нарсаларни тушунтиргани юлиб-юлиб олинган 3 ярим минутлиги ҳам бор. Судда шу 3 минутлиги анализ қилинганда. 18 минутлигини эшитсангиз, айтяпти: Бағдодийни тан олмаймиз, деяпти. Биз суддан нимага фақат шу ҳалифалик жўнида айтилган қисмини олиб, оценка бераяпсизлар, деб судга мурожаат қилдик, лекин инобатга олинмади, - дейди Солиев.

Рашод қори Камоловнинг бу маърузасини айни пайтда Youtube тармоғида тинглаш мумкин. Бу маърузанинг 18 дақиқалик ҳамда 3 ярим дақиқалик қисқа варианти тармоқда турибди.

Унда Камолов "бир кун ер юзига ҳалифаликнинг қайтиши муқаррарлиги", "бунга ҳар бир мусулмон иймон келтириши шартлиги ва бу фарзлиги", "Бағдодий эълон қилган ҳалифалик китоби суннатга мос келмаслиги", "минтақа олимлари ҳам Бағдодийни ҳалифамиз, демагани", "унга итоат қилиш ҳаром бўлиши", аммо "уларни дарҳол қоралашга, танқид тошини отишга тушмасдан, сукут сақлаш кераклиги, хато қилаётган бўлсаларда, улар ҳам мусулмон бирордарлар экани"ни айтган.

Рашод қори Камолов бу маърузани 2014 йилнинг 4 июлида - Ироқ ва Сурияда "Исломий давлат" террор гуруҳи ҳалифалик эълон қилганидан бир ҳафта ўтиб ўқиган эди. У пайтда "Исломий давлат" қонли хуружларини ҳали бошламаган, сунний мусулмонларнинг қони, моли, жонини ҳалол, деб эълон қилмаган эди.

Бу маъруза диний экстремистик мазмунда, деб топилган хулоса Қирғизистоннинг Дин ишлари бўйича давлат комиссиясига оиддир. Рашод қорининг ҳимоячилари аслида бу маърузага берилган хулосанинг легитимлигини ҳам савол остига қўймоқда:

- Биринчидан, комиссия ўзбек тилидаги маърузани экспертиза қилган. Биз эътироз қилдик, кейин қирғизчага таржима қилинганида нотўғри кетган жойлариям бор. Яна муҳим гапни айтиб қўяй, бизда Дин ишлари комиссияси - бу эксперт организация эмас. Адлия вазирилигида Суд экспертизаси маркази бор, ўшани директори хат ёзяпти: Дин ишлари комиссияси - эксперт организациямас, деган. Муфтиятнинг хулосаси экспертиза хулосаси бўлолмайди. Кейин Кадровый cлужбадан хат бор: Комиссияда дин ишлари бўйича эксперт лавозими йўқ, деган. Хуллас биз жуда кўп тақдимномалар киритдик, лекин билмадик, нима учун инобатга олинмади? - дейди адвокат Солиев.

Қуйида адвокат билан суҳбатни тингланг:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Адвокат Ҳусанбой Солиев билан суҳбат

Рашод қори экстремизмда айбланган биринчи имом

Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раисининг собиқ ўринбосари Канатбек Мирзахилилов Озодлик радиосига 8 октябрь куни берган интервьюсида Рашод қори Камолов иши комиссия фаолиятига соя ташлаганини қайд этди.

У киши муфтият томонидан расман тайинланмаган шахснинг 8 йил жоме масжидига имомлик қилиши муфтият ишида камчилик борлигидан далолат экани, айни пайтда бу масжид йиллардан буён Камоловлар сулоласи томонидан бошқарилаётгани ҳам бунга сабаб, деб билишини таъкидлаб ўтди.

Аммо, айбловга далил сифатида олинган предмет - ҳалифалик ҳақидаги маърузада Рашод қори берган хулосалар "нотўғри эмас", деган тасаввурда эканини қайд этди:

- Диний тарафдан ҳалифалик тузуми, уни тушунтириш йўлларини диний асосда Камолов тўғри талқин қилган, дегандай тасаввур қолди менда. Лекин, унақа китобларни тарқатган, уйида сақлаган, деган ҳолатлар эса суд томонидан аниқлаштирилган факт, деб ҳисоблайман мен, - деди Канатбек Мирзахилилов.

Айни пайтда Мирзахалилов қорасувлик имом Камолов Қирғизистонда диний экстремистик жиноятларга алоқадорлик айби учун жазоланган илк имом бўлди, деб таъкидлаб ўтди.

"Жанубда радикаллашув ўзбеклар ҳисобига кучаймоқда"

Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раисининг собиқ ўринбосари Канатбек Мирзахилилов Озодлик билан суҳбат давомида Қирғизистон жанубидаги диндорлар, айниқса, ўзбеклар орасида радикаллик кайфияти кучайётгани, Сурияга кетаётганларнинг кўпчилигини жанублик ёшлар ташкил қилиши ҳақидаги хулосани тилга олди.

- Ҳақиқатда ҳам мамлакат хавфсизлиги, яхлитлиги, экстремизм масаласига келинса, айниқса, шу Сурияга кетаётган ёшларнинг, ўзбекларнинг сони жанубда, Қорасувда кўп эканидан, буни ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар тасдиқлаб, фактлар келтириб берганидан кейин, мен ўйлайманки, бу муфтиятга қарашли одамларнинг бундай йўлга кириб қолгани терс бир кўриниш, деб ўйлайман, - деди Мирзахалилов.

Бу хулоса эса шу кунда Қирғизистон расмийлари ва минтақадаги экспертлар томонидан кўп тилга олинмоқда.

Қирғизистон ИИВ эълон қилган маълумотга кўра, 2010 йилдан бери Суриядаги жангларда қатнашиш мақсадида жами 352 фуқаро кетгани аниқланган. Булардан 49 нафари жангларда ўлган, 23 нафари эса ватанига қайтган. Ҳуқуқ-тартибот органлари расмийлари бу фуқароларнинг асосий қисми жанубий вилоятларда истиқомат қилишини таъкидламоқда.

Хусусан, 18 сентябрь куни "Имом Бухорий" катибаси томонидан тарқатилган видеодаги худкуш ўзбек Жаъфар ал-Таййарнинг асли сузоқлик 21 яшар Бобур Исроилов экани маълум бўлди. Яқинларининг айтишича, Бобур 2013 йилда Россияга ишлагани кетган ва тахминан, 2014 йил апрелидан Туркия орқали Сурияга ўтган.

"Радикаллашаётганлар расмий имомларни тан олмаётганлардир"

Ҳозир Ўзгандаги жоме масжидлардан бирида имомлик қилаётган Икромжон Хотамжон ўғли: "Ҳақиқатан ҳам жиҳодга кетган жанубликлар бор, аммо уларнинг орасида ўзбеклар сони кўп, деган фикрга қўшилмайман", деди Озодлик билан суҳбатда.

Бу имом нафақат Қирғизистон, балки Марказий Осиё мамлакатларида диндорларнинг маълум бир қисми ҳукумат томонидан тайин этилган диний раҳбариятни тан олмаслиги боис, радикал кайфиятдаги одамларнинг таъсирига берилиб қолмоқда, дея хулоса берди.

Қуйида Икромжон Хотамжон ўғли билан суҳбатни тингланг:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзганлик имом Икромжон Ҳотамжон ўғли билан суҳбат

Айни пайтда Қирғизистон жанубидаги мусулмонлар орасида айнан шу қарашларни рўкач қилган хуқуқ тартибот идоралари маҳаллий ёшларни, хусусан, ўзбек ёшларини сохта айбловлар билан ҳибсга олмоқда, баъзан эса улардан пул ундирмоқда, деб шикоят қиладилар. Озодлик бу каби конкрет шикоятларни ўрганган ва хабар берган.

Рашод қори Камолов

37 яшар Рашод қори Камолов, унга қадар эса унинг 2006 йил 6 авгусда отиб ўлдирилган отаси - Фарғона водийсида танилган яна бир катта имом Муҳаммадрафиқ қори Камолов имомлик қилган "Сарахсий" масжиди Қорасув шаҳрини икки қисмга – Ўзбекистон ва Қирғизистонга ажратадиган Шаҳрихонсойнинг шундоққина ёқасида жойлашган.

Икки давлат ўртасидаги борди-келдиларни деярли тўхтаб қўйган Ўш воқеаларига қадар бу масжидни Ўзбекистон Қорасувида истиқомат қиладиган, баъзан эса ундан ҳам олисроқдан келадиган мусулмонлар кўп зиёрат қилар эди.

Бундай зиёратларнинг муҳим сабаби 37 яшар Рашод қори, унга қадар эса унинг отаси Муҳаммадрафиқ қори Камоловнинг мусулмонлар ўртасидаги эътибори эди.

У киши Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг Қирғизистон жанубида ўтказган махсус амалиёти чоғида ўлдирилган.

Кейинчалик бу борада бот-бот расмий баёнот берган Қирғизистон расмийларининг асосий изоҳи Муҳаммадрафиқ қори Камоловнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати халқаро террор ташкилотига аъзо, дейилган айблов билан кузатувда бўлган шахслар билан бирга бўлган ва амалиёт чоғида тасодифан отилган, мазмунида бўлган. Аммо, кейинчалик бу воқеа бўйича жиноят иши номаълум муддатга ёпилган.

Шу тариқа ўқ еб вафот этган Рафиқ қорининг ўғли Рашод қори эса отасининг ишини давом эттириб, айни масжидда имомлик қилди. Тез орада у ҳам отаси каби ном қозонди ва Қорасув ҳамда унга қўшни районларда машҳур ёш ўзбек имомларидан бирига айланди.

Рашод қори сўнгги йилларда бир неча бор ҳибсга олинган. 2012 йилда қисқа муддат қамоқда ҳам сақланган эди.

У ҳибсга олинганида, Қорасув шаҳридаги "Сарахсий" масжиди қавми йиғилиб, унинг озод этилиши талаби билан митинглар ҳам ўтказган.

Қуйида "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тинглашингиз мумкин:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Рашод қори иши: Тақиқланмаган адабиёт, радикаллик кучаяётган жануб