Ҳуқуқшунос президент белгилаган вазифа 20 ойдан буён бажарилмаётганини танқид қилди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Бўстонлиқдаги “снос”лар сабабини очиқлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
Ҳуқуқшунос президент белгилаган вазифа 20 ойдан буён бажарилмаётганини танқид қилди
Президент Шавкат Мирзиёев одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифаларга бағишланган катта селекторда адвокатура тизимидаги нуқсонларга ҳам тўхталди (“Миллий тикланиш” газетаси, 2020 йил 8 июль).
Президентга кўра, Тошкент шаҳрида давлат томонидан адвокатларга ўтган йили 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, ушбу маблағнинг тенг ярми 20 та адвокатлик фирмасига берилган (жами 746 та шундай фирма мавжуд).
“Давлат раҳбари тилга олган ушбу масала – адвокатуранинг жуда ҳам оғриқли жойларидан бири. Халқ тилида “чўнтак” ёки “дежурный” дейиладиган бундай адвокатлар ҳақиқатан одил судловда томонлар тенглигига болта урадиган иллатдир”, - деб ёзади ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев.
Қайд этилишича, 2018 йил 12 майда қабул қилинган президент қарорига кўра гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатни автоматик равишда танлаш бўйича махсус электрон тизимни жорий этиш вазифаси белгиланган.
Адвокатлар палатаси ва Адлия вазирлигига мазкур талабни 2018 йил 1 декабрга қадар бажариш юкланган. Лекин орадан 1 ярим йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, президент қарорида белгиланган ушбу вазифа бажарилмади.
“Нима учун расмий норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлган президент қароридаги банд ижроси салкам 2 йил пайсалга солинган? Бирор қарордаги вазифа бажарилиши учун албатта президент уни мажлисда оғзаки айтиб, шахсан топшириқ бериши шартми?” - дея мутасаддиларни саволга тутади ҳуқуқшунос Хушнудбек.
Яманда қолган ўзбекистонлик шифокорларнинг 6 нафари ҳаётдан кўз юмди
Яман давлатида 150 га яқин ўзбекистонлик шифокор пандемия сабабли бутунлай ҳимоясиз, ночор аҳволда қолмоқда, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Platforma.uz каналида чоп этилган мақоласида.
Маълумотларга қараганда, уларнинг 6 нафари, шу жумладан, Андижон вилояти собиқ бош гинекологи, 62 ёшли профессионал шифокор Замира Абдуллаева ҳаётдан бевақт кўз юмган.
Депутатга кўра, Ўзбекистон ҳукумати пандемия кризиси даврида хорижий мамлакатлардаги фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс ишлар амалга оширмоқда. Жумладан, карантин жорий этилган вақтдан бери 100 мингдан зиёд фуқароларни ватанга қайтаришга эришилди.
Чет элларда қолиб кетган ватандошларни Ўзбекистонга қайтариш давом эттирилмоқда. Қ.Жўраев Яман клиникаларида ишлаш учун борган ўзбек шифокорларини ҳам қайтариш лозимлигини таъкидлаган.
Маълум бўлишича, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан шифокорларни қайтаришда ёрдам бериш масаласида ҳукуматга сўров юборилган.
Бош вазир ўринбосари: Коррупция ва маҳаллий органлар эътиборсизлиги “снос”ларга сабаб бўлмоқда
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “снос”лар сабабини очиқлади (www.kun.uz, 5 июль).
“Коррупция, маҳаллий органларнинг ҳам эътибор қаратмагани, ҳамма-ҳаммаси бугунги “снос”ларга сабаб бўлмоқда. Сабаби, қурилиш қилиш учун ер ажратиш тақчил бўлган, сунъий тақчиллик ҳосил қилинган. Туризм учун фойдали жойлар тадбиркорларга таклиф этилмаган. Шундан кейин одамлар ҳар хил қинғир-қийшиқ йўллар билан, коррупция ва бошқа йўллар билан мана шундай жойларни эгаллашиб, ноқонуний қурилишлар қилишган. Энди бу нарсаларни биз жой-жойига келтиришимиз керак” , - деган А.Абдуҳакимов.
Бош вазир ўринбосари бу борада маҳаллий ҳокимликнинг ҳам айби борлигини қайд этган.
“Тўғри, бу можароларнинг юзага келиши маҳаллий ҳокимликнинг ҳам камчилиги, айби деб ҳисоблаймиз. Қурилиш қилиб бўлмайдиган жойлар белгилаб қўйилмаган. Ерлар шу пайтгача очиқ-ойдин аукционга қўйилмаган. Натижада бугунгидек муаммолар келиб чиқмоқда” , - деган у.
Бош вазир ўринбосарига кўра, белгиланмаган жойларда уйлар қурилаверса, “Ўзбекистон Швейцарияси” деган жойдан асар ҳам қолмайди.