2017 йили Ўзбекистонда асос солинган Bakan Tex тўқимачилик фабрикаси¸ унда ишловчи бир гуруҳ ишчи-хизматчиларнинг Озодликка айтишича¸ 8 соатлик иш кунини қўшимча ҳақ тўламасдан 12 соатга айлантирган¸ меҳнат таътилини 21 кундан 15 кунга туширган ва байрам кунлари ишлашни ҳам мажбурий қилган; ҳафтасига 60 соатдан ошадиган бундай иш учун ишчилар ойига 1.2-1.5 миллион сўм ҳақ олмоқда.
Фабрика мутасаддиси¸ бу маълумотни қисман тасдиқлаган ҳолда¸ бундай иш талабининг Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги доирасида экани ва одамлар шунга рози бўлиб ишга кираëтганини билдирди.
Меҳнат вазирлигининг ҳуқуқий бошқармаси мутахассиси эса¸ турк-ўзбек қўшма корхонасидаги вазият мисолида Ўзбекистон меҳнат қонунчилигининг ишчи-хизматчи эмас¸ кўпроқ иш берувчи томонида экани ва бу қонунчиликнинг реал воқеаликка мос келмай қолганини таъкидлади.
“Ҳафтада 6 кун 12 соат тик туриб ишлаймиз”
Озодликка боғланган ишчилар ўзларининг Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган Bakan Тex фабрикасининг ип йигирадиган цехи ишчилари¸ электр ва қозонхона фаолиятини таъминлашга масъул хизматчилари номидан мурожаат қилаëтганини билдирди.
Иш шароитларини матбуотга очиқлагани учун ишсиз қолишидан қўрққан бу суҳбатдошлар¸ шахси сир тутилишини сўради.
“Kўпчилигимиз сменадаги ишчилармиз – ҳафтада 6 кун 12 соатдан ишлаймиз. Шартномада 8 соат дейилган¸ ундан ошиғига алоҳида ҳақ тўлаш керак. Лекин тўлашмайди. 8 соатлик иш сўраб президент виртуал кабулхонасига мурожаат қилдик¸ аммо ҳеч қандай натижа бермади. Меҳнат инспекциясидан келган текширувчи барчасини бости-бости қилиб кетди”¸ - деди бир гуруҳ ҳамкасблари номидан Озодликка боғланган Bakan Тex ишчиларидан бири.
Бу суҳбатдошга кўра¸ 12 соатдан тик оëқ устида ишлаëтганлар орасида ҳомиладор аëллар ҳам бор.
“Улардан биттаси шикоят билан порталга чиққанидан кейин¸ ҳамма ҳомиладор аëлларни янги ишга қабул қилинган ходимлар бўлими ва техника хавфсизлиги инженери “ўз розилигига кўра” деб ëзилган аризага мажбуран қўл қўйдириб¸ноқонуний бўшатиб юборишди”¸ - дейди Bakan Тex ишчиларидан яна бири.
Озодлик гаплашган Bakan Тex ишчи-хизматчилари¸ фабрика бошқаруви бир неча ой аввал туркиялик менежерга ўтганидан сўнг¸ ишчиларнинг меҳнат шартномалари қайта кўриб чиқилганини айтади.
“21 кунлик меҳнат таътили 15 кунга туширилди¸ бир соатлик тушлик 15 минут бўлди¸ порталга чиққанимиздан кейин¸ 30 минут қилиб беришди. Ҳатто туалетга ҳам талон билан кириб чиқадиган бўлдик – неча марта кирганимизни кузатишади. Соат 4 да чой ва булочка бериларди - сал нафас ростлаш учун униям “иш ҳажмини оширамиз”¸ деб йўқ қилишди. Чанг-тўзонли ëпиқ жойда¸ 12 соат оëқ устида ишлашдан силламиз қуриди. 8 март куни ҳам ишладик¸ ҳеч қандай ички буйруқ чиқмади – қонун бўйича ишчининг розилиги керак. Чиқмаганлар ишдан бўшайди¸ деб қўрқитишди. Байрамда ишлаганимизга ҳам ҳақ тўланмайди”¸ - дейди Озодлик гаплашган турк-ўзбек қўшма тўқимачилик фабрикаси ишчиси.
Ишчиларга кўра¸ уларга 6 кун¸ 12 соатлаб иш учун тўланаëтган ўртача ойлик 1 миллион 200 мингдан 1 миллион 500 минг сўмгачани ташкил этади.
Ишчилар иддао қилаëтган каби¸ улар 6 кун 12 соатдан 1¸5 миллион сўмлик ойликка ишлаëтган бўлса¸ бу уларга соатига тўланаëтган иш ҳақининг ярим долларга ҳам етмаслигини англатади.
(Қиëс учун – 2019 йили бир соат иш ҳақи учун белгиланган минимум Австралияда 14 долларни¸ иш кучи энг арзон саналадиган давлатлардан бири Хитойда эса¸ энг ками 1.2 долларни ташкил этади)
«Хоҳласа шу¸ хоҳламаса¸ катта кўча…»
Bakan Тex ип йигириш фабрикаси рус¸ турк ва инглиз тилларидаги сайтида ўзини «тўқимачилик саноатидаги энг илғор немис технологиялари асосида ишлаëтган» фабрика сифатида тақдим этган.
Мазкур сайтдаги маълумотга кўра¸ 2018 йилнинг сентябрида ишга тушган Тошкент фабрикасида бир кунда 41 тонна пахта ипи ишлаб чиқарилади.
(Айни компания Наманган вилотининг Тўрақўрғон туманида ҳам янги ип йигириш фабрикасини ишга туширган ва жорий йил 28 февраль куни президент Мирзиëев у ердаги иш фаолиятини бориб кўрган.)
Тошкент фабрикаси кадрлар бўлими мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда ишчилар номидан тушган аризадаги фактларни инкор қилмади¸ аммо уларнинг қонунчилик доирасида эканини билдирди.
- Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра¸ ишчига бир йилда энг камида 15 кунлик таътил берилиши кўзда тутилган. Биз ҳам 15 кун таътил берамиз. Иш куни 8 соат билан чекланган¸ аммо ишчилар истаса¸ 12 соат ишлаши мумкин ва бунинг учун қўшимча ҳақ тўланади. Шартномада ҳаммаси шунга рози бўлган. Байрам кунлари ишлашса¸ бунинг учун икки кунлик иш ҳақи ëзилади. Иш шароитлари Ўзбекистонда энг яхшилардан бири¸ истасангиз¸ келиб кўришингиз мумкин. Булар кадрлар бўлими ëки раҳбариятга чиқмасдан¸ нега журналистларга шикоят қилади? - деди Яшнобод туманида жойлашган Bakan Тex фабрикаси кадрлар бўлими мутасаддиларидан бири Озодлик билан суҳбатда.
Ҳозирча Озодлик ихтиëрида Bakan Тex МЧЖси ва унинг ишчилари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси нусхаси йўқ. Ишчиларга кўра¸ бундай шартнома нусхаси ҳатто уларнинг ўзига ҳам берилмаган.
Тошкент фабрикаси кадрлар бўлими мулозимига кўра¸ Тошкент фабрикасида камида 500 одам ишлайди¸ иш тўхтовсиз режимда ташкил этилган ва иш кучи танқислиги боис¸ ишчиларга¸ ўз хоҳиши билан 12 соатдан ишлаш таклиф этилган.
Фабрикадаги меҳнат шартномасининг ҳуқуқшунослар томонидан тўлиғича Ўзбекистон Меҳнат кодексига мос тузилганини Озодлик билан суҳбатда бир неча бор такрорлаган фабрика бошқаруви вакили¸ бу шартлар ëқмаганлар учун “бошқа жойдан иш қидириш имкони” борлигини таъкидлади.
Меҳнат қонунчилиги иш берувчи тарафида...
Ўзбекистон президентининг 2018 йил 20 августдаги қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Давлат меҳнат инспекцияси ташкил этилган ва “мажбурий меҳнатга қарши курашиш” унинг асосий вазифаларидан қилиб белгиланган эди.
Мазкур инспекциянинг Тошкент бўйича инспекторларидан бири Bakan Тex фабрикаси ишчилари вазиятига ҳуқуқий баҳо берар экан¸ мамлакатда давлат ва хусусий секторда ишловчи минглаб ишчи-хизматчининг “мажбурий меҳнат исканжасида қолаëтганини” эътироф қилди.
“Муаммонинг илдизи¸ Ўзбекистон Меҳнат қонунчилигига бориб тақалади. Мавжуд қонунлар¸ иш берувчининг манфаатини ҳимоялаш устига қурилган. Қонунчилик реалликдан орқада қолиб кетгани боис¸ ҳозир Ўзбекистонда ишчиларнинг қулдек ишлатилишига ҳуқуқий асос бор. Нега 12 соат ишлатаяпсан¸ десангиз¸ қонунчилик буни тақиқламаган¸ ўзи истаб ишлаяпти¸ ҳақ олаяпти шунга¸ дейди. Лекин ҳақ тўламайди¸ ишчи чиқиб буни очиқ айтолмайди¸ айтса¸ ишини йўқотади. Кўчада эса қараб турган иш йўқ”¸ - дейди танқидий фикр билдиргани учун муаммога дуч келишидан чўчиб¸ исми очиқланмаслигини сўраган ҳуқуқшунос.
Ўзбекистондаги ишчи-хизматчилар меҳнати учун тўланаëтган ҳақ¸ уларнинг иш шароитларининг Хитойдан ҳам арзонлаб кетганини тан олган бу мутахассис¸ меҳнат инспекциясининг Bakan Тex каби президент ҳимоясига олинган корхоналарга “тиши ўтмаслигини” ҳам очиқ айтди.
“Бизга бундай шикоят келиб тушган тақдирда ҳам¸ уни текшириш учун бир кун ажратилган. Текширганимиз билан¸ биз фақат тавсия бера оламиз. Иш берувчи бунга амал қилаяптими-йўқми¸ буни назорат қила олмаймиз. Бу фабрикаларнинг эгалари бундай текширувлардан яхшигина ҳимояланган”¸ - деди Меҳнат инспекцияси мутахассиси.
Фабрика ишчилари ҳам Озодлик билан суҳбатда¸ бу фабриканинг ҳақиқий эгаси “каттаконлардан экани” ҳақида эшитганлари¸ аммо унинг айнан кимлигини билмасликларини айтдилар.
Озодлик 2017 йили Юнусобод тумани¸ Амир Темур кўчаси 95-А манзилда рўйхатга олинган BAKAN TEX МЧЖсининг ҳақиқий эгаси ким эканига оид маълумотни очиқ манбалардан топа олмади.