Freedom House ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2021 йилда ҳам Интернет эркин бўлмаган авторитар давлатлар қаторида қолди, Интернет тезлиги ва сифати бўйича вазият ҳам мамлакатда деярли яхшиланмади. Бироқ ўзбекистонликлар асосий ахборотни айнан ижтимоий тармоқлар орқали олишда давом этди. Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик 2021 йилда тармоқларнинг ўзбек сегментида трендга чиққан мавзуларни саралади.
“Шоввозсой” - Мирзиёевнинг фош бўлган саройи
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озодлик суриштируви боис кун тартибига чиққан махфий “Шоввозсой” саройи йил давомида тармоқларни титратган трендлардан эди.
Жорий йил февралидаги Озодлик суриштируви Оҳангароннинг жаннатмакон Шоввозсойидаги, давлат бюджетига камида юзлаб миллион долларга тушган яширин қароргоҳ ва сув омбори 2017 йил февралидан бошлаб Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди.
Озодлик суриштируви асосидаги видеолавҳа Facebook ва YouTube тармоғида энг кўп томоша қилинган ва шарҳланган видеолардан бўлди. Биргина YouTubeда қарийб 4 миллион марта кўрилган видеосуриштирувга 8000га яқин шарҳ қолдирилган.
Ўзбек расмийлари Мирзиёевнинг тоғдаги қароргоҳига оид Озодлик суриштируви юзасидан раддия тарқатгани ҳам тармоқларда анча муҳокама қилинди, юзлаб изоҳларда раддиянинг ишончсизлиги муҳокама этилди.
Тренддаги куёвлар
Президент Мирзиёевнинг куёвлари-Ойбек Турсунов ва Отабек Умаровлар ҳам трендларда қайноталаридан қолишмади.
Йил бошида Отабек Умаров автоҳалокатга учрагач, унинг Instagram саҳифаси сустлашди, бироқ унинг ўзи тармоқларда энг кўп гапирилган шахслардан бирига айланди. Қарийб 4 ой давомида унинг соғлиги билан боғлиқ хабарлар тармоқлар ленталарида айланди.
Озодликнинг Orient Group ширкатига доир суриштируви ортидан Отабек Умаров яна тармоқлар “юлдузи”га айланди.
Озодлик ушбу ширкатнинг бевосита Шавкат Мирзиëев оиласига, аниқроғи, кенжа куёвга алоқадор эканини аниқлаган. Озодлик суриштирувига кўра, Orient Group компанияларининг кейинги тўрт йил ичида бевосита президент иштироки ва ҳомийлиги остида ўз бойлигини камида уч бараварга кўпайтиргани аниқланган.
Ушбу суриштирувни YouTubeда 3 миллионга яқин одам кўрди. Суриштирув минглаб ўзбекистонликларни унда кўтарилган мавзуга муносабат билдиришга ундади. Биргина YouTubeда 8000га яқин шарҳ қолдирилди.
Тўнғич куёв Ойбек Турсунов ҳам божасидан қолишмади, у ҳам йил давомида бир неча бор трендга чиққани кузатилди.
Дастлаб Ойбек Турсунов 51 миллион сўмлик Mont Blanc ручка сотиб олгани билан тилга тушди.
Ўзбек жамоатчилигини жунбушга солган ушбу воқеа 3 йил аввал содир бўлган эса-да, жорий йилда ошкор бўлди.
Мавзуга алоқадор Кимники қимматроқ: Президент куëви давлатнинг 51 миллионига Mont Blanc стол жиҳози сотиб олдиЎтган ой Ойбек Турсунов Ўзбекистон молия бозорида етакчи позицияни эгаллаган “Капиталбанк”нинг 50 фоиз улушини сотиб олгани ҳақидаги янгилик билан яна тармоқларда муҳокама қилинди.
Президент қизлари. Саида тармоқлар юлдузи, Шаҳноза эса...
Президентнинг тўнғичи, Масс медиа фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева маҳаллий матбуот ва тармоқлар ўзбек сегментининг асосий ньюсмейкерларидан бўлишда давом этди.
Жорий йилда Саида Мирзиёева трендга чиққан деярли ҳар бир мавзуга ўз муносабатини билдиришга ҳаракат қилди. Унинг #men_feruzaman акциясидаги иштироки, замдекан ва талаба қиз воқеасига муносабати мамлакат ичкарисидаги аксар блогерларнинг мавзуга ёндашувидаги оҳангни белгилаб берган мавзулардан эди.
Саида Мирзиёеванинг эълон қилган оилавий суратларини эса кўчириб босмаган нашр ёки блогер қолмади.
Мирзиёева-Алламжонов тандемининг йил давомида ўтказган ҳар-бир тадбири, биргаликдаги чиқишлари ҳам тармоқларда ўша кунги топ мавзулардан саналди.
Айни пайтда Саиданинг синглиси Шаҳноза Мирзиёева тармоқларда деярли кўринмади.
Собиқ президент неваралари: Марям ва Имон
Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг набираси, Лола Каримованинг қизи Марям Тиллаева (Марьям Тилляева) ўтиб бораётган йилда тармоқлар юлдузига айланди.
Марям Тиллаева жорий йилнинг 13 апрель куни ўзидан 13 ëш катта россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиққани билан тилга тушди.
Жуфтлик йил давомида ўзининг шов-шувли чиқишлари билан тармоқлар қаҳрамонига айланди.
Амиран хотини Марям Тиллаеванинг ярим яланғоч суратини эълон қилгач, ўзбекистонлик фойдаланувчилар кескин танқидига нишон бўлди. Кейинроқ узр сўраб, суратни ўчириб ташлади.
Куни кеча Амираннинг “Кўндаланг савол” YouTube-шоусидаги чиқиши ҳам ўзбек тармоқларида топ мавзуга айланди. Амиран Сардаров шоуда рафиқаси Марям Тиллаеванинг ўз ота-онаси билан мулоқот қилмаётганини айтди.
Лола Тиллаева қизининг турмуши борасида бирон марта очиқ гапирмади, фақат Марямнинг ярим яланғоч суратига танқидлар кучайгач, қизининг ишини отаси Ислом Каримов билан боғламасликни сўраб чиқди.
Ислом Каримовнинг бошқа бир невараси, Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ҳам вақти-вақти билан тармоқларда қизғин чиқишлар қилиб турди.
Гулнора Каримованинг озодлиги учун курашаётган Имон Каримованинг постлари ҳам асосан, онасининг қамоқдаги аҳволига бағишланди.
Мавзуга алоқадор Турма касалхонасидаги Гулнора Каримова қизи билан учраштирилмадиАйни пайтда қамоқдаги Гулнора Каримованинг ўзи ҳам тармоқлар ва янгиликлар кун тартибидан тушгани йўқ.
Мавзуга алоқадор "Гулнора иши": Швейцария судининг сўнгги қарори нимани англатади?Швейцария федерал жиноят судининг 22 декабрь куни эълон қилинган қарорига кўра, Гулнора Каримовага алоқадор Takilant ширкатига тегишли 293 миллион доллар маблағ мусодара қилинган.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ушбу қарор маблағларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича янги музокараларга имконият очишини айтаркан, Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа музлатилган маблағлардан 70 млн долларининг қайтарилишини ҳимоячиларнинг қисман ғалабаси деб атади.
Тармоқларда кулги бўлган мулозимлар
Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоеванинг "свет ўчиши тарихда қолгани" тўғрисидаги сўзлари ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг танқид ва ғазабнок чиқишларига сабаб бўлди.
Тармоқ фойдаланувчилари Сенат раисининг 6 ноябрь куни Телеграм-каналларда тарқалган баёнотига жавоб сифатида ўзларининг электр энергиясисиз, зулматда ўтирган сурат ва видеоларини тармоқларга жойладилар.
Пойтахт тошкент дохил йирик шаҳарлар ва қишлоқ жойларида электр тармоғидаги узилишлардан азият чекаётган оддий фуқаролар Сенат раисини халқнинг турмушидан бехабарлик ва "ёлғончилик"да айблашди.
Мавзуга алоқадор "Ўзининг уйида свет ўчмайди". Тармоқлар Норбоевани 5 йил олдинги зулматга "қайтарди"Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам йил давомида бир неча бор тармоқлар нишонида бўлди.
Айниқса, Тошкент шаҳар ҳокимлигига фуқаро томонидан совға қилингани айтилган қимматбаҳо автоулов аслида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли экани маълум бўлгач, Ортиқхўжаев кулгига қолди.
Ортиқхўжаев 30 ноябрь куни фуқаро Латипова Зиёда Баҳромовнага тегишли Mercedes-Benz S500 Hybrid русумли қора рангли енгил автотранспорт воситасини ҳокимликка ихтиёрий равишда беғараз (текинга) бериш таклифини қабул қилиш ҳақидаги қарорни имзолаган эди.
Gazeta.uz маълумотига кўра, автомобиль аслида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли бўлиб, автомобиль қиймати 295 минг доллар атрофида баҳоланган.
Мавзуга алоқадор Тошкент ҳокимлигига “совға қилинган” Mercedes Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли бўлиб чиқдиФарғона ва Андижон вилоят ҳокимларининг пиёда юриб озганларга пул тарқатиш ваъдалари ҳам тармоқларда ҳажв қилинди.
Фарғона вилояти ҳокими 5 кг дан ортиқ вазн ташлаганларга йўқотган ҳар бир килограмми учун 500 минг сўм ваъда қилди. Андижон вилояти ҳокими эса пиёда юришга тарғиб қилишда намуна бўлган маҳалла раислари ва профилактика инспекторларини Дубайга саёҳатга жўнатишини айтди.
Ҳокимларнинг ҳотамтойларча баёнотларини танқид қилган тармоқлар фойдаланувчилари солиқ тўловчилар пулларини совуришни тўхтатиш шартлигини таъкидлашди.
Янги Ўзбекистон ва янги мухолифлар
Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатини бошлаган сайловлар йилида икки янги мухолифатчи- профессор Хидирназар Аллақулов ва Жаҳонгир Отажонов тармоқларнинг ўзбек сегментида кам муҳокама қилинадиган сиёсий мавзулар қаҳрамонларига айланди.
Диний эътиқоди боис қўшиқчиликни тарк этганини айтган ва президентликка ўз номзодини қўйишни режалаган Жаҳонгир Отажонов ҳамда янги партия тузиб, президентликка номзодини қўймоқчи бўлган Хидирназар Аллақуловнинг баёнотлари йил давомида тармоқларда муҳокама қилинди.
Иккала мухолифатчига нисбатан мунтазам кузатилган хейтерлар ҳатти-ҳаракати ҳам тармоқларда кенг баҳс-мунозарага сабаб бўлди.
Блокланган тармоқлар
Ўтган ойда Россиянинг TikTok юлдузлари иштирокидаги Тошкентда ўтиши режаланган концертнинг бекор қилиниши тармоқлар фойдаланувчиларини икки қутбга ажратди. Бир томон буни олқишласа, ёшларнинг янгича маданияти тарафдорлари бўлган иккинчи томон ҳафсаласи пир бўлганини айтди.
Мавзуга алоқадор TikTok фестивали бекор қилинди. Тошкент тиктокчиларни қучоғига олганидан "афсусда"3 ноябрь оқшомида Ўзбекистонда Telegram, Facebook, YouТube ва Одноклассники тармоқлари ишламай қолди. Буларнинг ҳаммаси Skype, Twitter, TikTok, "ВКонтакте" ва WeChat тармоқларига шу йил июлида жорий қилинган чеклов амал қилиб турган паллада юз берди.
Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши билан боғлиқ можаро ҳукуматда инқирозга сабаб бўлди ва АКТ вазири Шуҳрат Содиқов, Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров ҳамда Ўзкомназорат раҳбари Ғолибшер Зияевлар ишдан бўшатилган эди.
Freedom House президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотлар оқибатида матбуотга босим кўрсатиш даражаси бир оз камайганини эътироф этган. Шу билан бир қаторда танқидчиларни қамоққа олиш ёки қўрқитиш амалиёти ҳам тўхтатилмаган. Ҳисобот муаллифлари 2021 йилнинг майида блогер Отабек Саторийнинг 6,5 йилга қамалгани, март ойида эса блогер Миразиз Бозоров калтакланганини мисол қаторида келтирганлар.