2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда кўчмас мулк учун янги кадастр паспорти бериш бошланди.
2022 йилга қадар Ўзбекистон ҳудудида мавжуд аҳоли ҳовли жойию ер участкалари¸ бизнес иншоотларию бошқа нотурар-жой бинолари учун ҳозиргача берилган миллионлаб қоғоз кадастр паспорти янгиси - пластик карталарга алмаштирилади.
Ўнлаб миллион кўчмас мулк учун янги кадастр паспорти бериш бир неча юз минг сўмдан бир неча миллион сўмгача турадиган пуллик хизмат.
Бутун Ўзбекистондаги жисмоний ва юридик шахсларга бундай хизмат кўрсатиш ваколати ҳеч қандай тендерсиз¸ номи ва фаолияти жамоатчиликка бирор шаклда маълум бўлмаган "хориж ширкати"га берилди.
Озодлик¸ қарийб Ўзбекистондаги бирор тирик жонни четлаб ўтмайдиган кадастр паспортини янгисига алмаштириш лойиҳасининг кимга¸ қайси асосда берилганини аниқлаш мақсадида журналистик суриштирув ўтказди.
Суриштирув давомида ҳозирча топилган факт ва маълумотлар билан қуйида танишишингиз мумкин.
Бош вазир Ўзбекистондаги кадастр паспортларини ëппасига янгилашни буюрди
Бош вазир Абдулла Арипов 2019 йил 12 декабрь куни "Кўчмас мулк объекти кадастри паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган қарор чиқарди.
Бу қарор расмий сайтларда жамоатчиликка эълон қилинди¸ матбуотда ëритилди.
Ҳужжатга кўра¸ 2020 йил 1 мартдан бошлаб Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида пластик шаклда тайёрланадиган кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини бериш бошланди.
Республиканинг қолган ҳудудларида пластик кадастр паспортларига ўтиш муддати 2020-2022 йиллар деб белгиланди.
Ҳукумат қарорига кўра¸ Ўзбекистон тупроғи устига қурилган ўнлаб миллион кўчмас мулкка ҳозирга қадар берилган қоғоз кадастр паспорти пластик картага кўчириладиган бўлди.
12 декабрь кунги қарорда Бош вазир бу лойиҳани амалга ошириш учун икки ой муддат ичида “хорижий инвестор”ларни жалб этишни буюрди.
Эски қарор устида қурилган янги қарор
Бу қарордан икки ойдан камроқ вақт ўтиб¸ 2020 йил 19 февраль куни Бош вазир Арипов айни жараëнга оид “Хизмат доирасида фойдаланиш учун” деб таснифланган 101-сонли бошқа бир қарорни имзолади.
“Кўчмас мулк объектларининг янги намунадаги кадастр паспортини тайëрлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган бу қарор¸ аввалгисидан фарқли¸ жамоатчиликка ҳозирга қадар эълон қилингани йўқ.
Бу қарорда аввалгисида белгиланган пластик кадастр паспортини босиб чиқариш ва амалга киритиш жараëнининг айнан қайси “хорижий инвестор”га топширилиши белгилаб берилди.
Қарор билан бутун Ўзбекистонга “янги намунадаги кадастр паспортини тайëрлаш бўйича босма асбоб-ускуналар ва уларнинг бутловчи қисмларни етказиб бериш”¸ янги паспортлар реестрини юритиш бўйича дастурий таъминот (software) ни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш”¸ кадастр ходимларига бу дастурдан фойдаланишни ўргатиш¸ унга техник ва сервис хизматлари кўрсатишни “Gid systems Tashkent” МЧЖга бериш топширилди.
Бош вазир қарорида “хориж корхонаси” ва “инвестор” деб ëзилган “Gid systems Tashkent” МЧЖнинг “5 йил мобайнида инвесторнинг бевосита инвестициялари ҳисобидан 20 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳасини” амалга оширишни “таклиф қилгани” айтилди.
Шундан келиб чиқиб Абдулла Арипов Ер ресурслари¸ геодезия¸ картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига “истисно тариқасида¸ тендер савдолари ўтказмасдан¸ инвестор билан бевосита музокара олиб бориш йўли билан тўғридан-тўғри 5 йил муддатга шартнома тузишни” топширди.
Бош вазир қарорида тузилажак шартноманинг асосий принциплари ҳам белгилаб берилди.
Унга кўра¸ шартномада “Gid systems Tashkent” МЧЖ киритишни ваъда қилган 20 млн. долларлик инвестиция “миқдори қопланмай қолган тақдирда¸ инвесторнинг сарф-харажатларини қоплаш учун «Давергеодезкадастр» ҳузуридаги Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари (давлат – таҳр.) ҳисобидан инвесторга тегишли маблағлар ажратиш” мажбуриятини зиммасига олиши шарт қилиб кўрсатилди.
Инвестицияси 100 фоиз қопланиши давлат томонидан кафолатланган “Gid systems Tashkent” МЧЖ ҳақида нима маълум?
Миллионлаб ўзбекистонликнинг ўнлаб миллион кўчмас мулкига берилган қоғоз кадастр паспортларини икки йил ичида янги пластик картага айлантириш лойиҳаси “рад қилиб бўлмайдиган даражадаги кафолат ва имтиëзлар” билан яширин шаклда тақдим этилган “Gid systems Tashkent” МЧЖ ҳақида очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ.
3 март куни Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси мутасаддилари Ўзбекистонда янги намунадаги кадастр паспорти бериш бошлангани муносабати билан матбуот анжумани ўтказди.
Бу анжуманда ҳам ҳар бир ўзбекистонлик турмушига бевосита тааллуқли бўлган бу лойиҳа ижрочисининг ким томонидан¸ қайси мезонлар билан¸ қандай танлангани ҳақида маълумот берилмади; ижрочи ширкат номи умуман тилга олинмади (маҳаллий журналистлар бу саволни сўраган-сўрамагани Озодликка маълум эмас – таҳр.).
Бу ижрочи билан шартнома тузиш буюрилган «Давергеодезкадастр» матбуот хизмати раҳбари 5 март куни “бу саволларга жавоб бера олмаслиги¸ зотан ижрочи ширкат номини ўзи ҳам билмаслиги”ни айтиш билан чекланди.
Озодлик Бош вазирнинг жамоатчилик учун мўлжалланмаган қароридагина номи келтирилган “Gid systems Tashkent” МЧЖ ширкатининг мулкдори ва унинг ўтмишдаги лойиҳаларига оид маълумот тўплашга уринди.
Ўзбекистонда рўйхатга олинган юридик шахслар реестрида “Gid systems Tashkent” МЧЖ ҳақида талаб қилинадиган маълумотларнинг аксари тўлдирилмагани кўрилади.
Мулк шакли деган жойга 163 (хорижий юридик шахслар мулки¸ хориж ширкатларининг филиал ëки бўлимлари – таҳр.) деб ëзилган “Gid systems Tashkent” МЧЖнинг айнан қайси хориж ширкати мулки экани¸ унинг мулкдори¸ низом капитали (уставной капитал) ҳақида умуман маълумот берилмаган.
My.gov.uz сайтида бу МЧЖнинг жойлашган манзили қилиб Мойқўрғон кўчаси¸ 59-уй кўрсатилган¸ унинг 2019 йил 6 май куни давлат рўйхатидан ўтгани ëзилган.
Россиянинг хорижий компанияларга оид регистрация маълумотларини кўрсатувчи тижорий дастурида “Gid systems Tashkent” ҳақида нисбатан кўпроқ маълумот кўрсатилган.
Унга кўра¸ “Gid systems Tashkent” МЧЖ 2020 йилнинг 18 февраль (2019 йилнинг 6 майида эмас -таҳр) куни “ишлаëтган корхона” сифатида қайддан ўтган (Бош вазирнинг бу ширкат билан шартнома тузиш қарори эртасига – 19 февраль куни имзоланган – таҳр.) . Айни шу сана билан унинг низом капитали 400000000 сўм (тақрибан 42 минг АҚШ доллари) экани¸ МЧЖнинг 100 фоиз “GID FZE» MCHK мулки экани кўрсатилган.
Ўзбекистон ва Россия реестларидаги қидирувлар “Gid systems Tashkent” МЧЖнинг унгача “Gid Tashkent” деган ном билан регистрация этилган МЧЖга бевосита алоқадорлигини кўрсатади – хориждаги юридик шахс мулки деб таснифланган бу МЧЖнинг 100 фоиз мулкдори ҳам реестр ҳужжатларига кўра¸ айнан “GID FZE»
Айни пайтда¸ “Gid systems Tashkent” ва “Gid Tashkent” МЧЖлари учун берилган мобиль телефон рақамларининг айнан битта рақам экани кўрилади.
Биринчи марта 2017 йил 28 март куни давлат регистрациядан ўтган “Gid Tashkent” МЧЖ раҳбари сифатида Азимов Азиз Хасанович ëзилган¸ 2020 йилнинг 8 февраль ҳолати бўйича бу МЧЖнинг устав капитали 3802707200 сўм (тақрибан 400 минг АҚШ доллари” деб кўрсатилган.
“Gid Tashkent” МЧЖ шуғулланадиган фаолият тури“компьютер ускуналарини бошқариш” деб ëзилган.
Озодлик 6 март куни “Gid systems Tashkent” МЧЖ ва “Gid Tashkent” МЧЖ учун расмий регистрацияда ëзилган мобиль телефонга қўнғироқ қилди.
Қўнғироққа жавоб берган рус тилли аëл¸ ўтмишда бу ширкатга ишлагани боис расмий ҳужжатларга ўз мобиль рақами ëзилгани¸ аммо ҳозирда бу иккала ширкатга умуман алоқаси йўқлигини қайта-қайта таъкидлади.
Сухбатдош Озодликнинг бу ширкат раҳбари деб кўрсатилган Азимов Азиз Хасанович билан қандай боғланиш сўровига жавоб беришдан мутлақ бош тортди.
6 март куни Озодлик мобиль мухбири Ўзбекистон ҳудудидаги жами кадастр паспортларини янгилаш лойиҳаси ижроси тақдим этилган “Gid systems Tashkent” МЧЖси раҳбарлари билан суҳбатлашиш мақсадида расмий регистрацияда кўрсатилган манзилга борди.
Бу манзил квартира рақами кўрсатилмаган кўп қаватли уй бўлиб чиқти.
Ўзбекистонликларга янги кадастр паспорти берадиган “хориж инвестори” ким?
18 февраль куни хорижий юридик шахс мулки деб Тошкентда қайдга олинган “Gid systems Tashkent” МЧЖ aкцияларининг 100 фоизи Бирлашган араб амирликларининг эркин иқтисодий ҳудудида расмийлаштирилган “Gid FZE” (Free Zone Establishments) га тегишли. Free Zone Establishments атамасига берилган изоҳга кўра¸ бу ягона акционерлик компаниясидир.
БААдаги рўйхатга олинган компаниялар реестри ëпиқ бўлгани учун Озодлик Gid FZE мулкдорининг кимлиги¸ унинг устав капитали қанчалигини аниқлаш уринишини ҳозирча давом эттирмоқда.
Gid FZE Шаржа амирлиги ҳудудидаги Hamriyah эркин иқтисодий ҳудудида рўйхатга олинган. Ширкатнинг очиқ маълумотлар базасида келтирилган адреси, Google қидирув тизимига кўра, офшор ширкатлар почта жўнатмалари учун фойдаланадиган манзил бўлиб чиқти.
Gid FZEга оид деб кўрилган веб саҳифада ширкат ўзини “хавфсиз идентификация ечимлари бўйича эксперт” (еxperts in providing Secure Identity Solutions) сифатида тақдим этади.
Олти дона Fargo русумидаги принтер сурати қўйилган бу сайтда¸ на бирор эксперт номи¸ на ширкатнинг ўтмиш ва жорий лойиҳалари ва на унинг кимга қарашли экани, на менежерлари кимлиги ëзилган.
Ўрганиш жараëнида ишлаëтгани шубҳа уйғотган бу веб сайтнинг ўзбекистонлик веб-девелопер томонидан ҳозирлангани аниқланди.
Бу сайтнинг айнан қачон ишга тушгани аниқ эмас¸ уни тузган веб мутахассис Озодлик сўровини жавобсиз қолдирди.
Ўзбекистондаги энг қиммат ва кенг кўламли лойиҳалар тендерсиз “хориж инвестори”га берилмоқда
Ўзбекистондаги миллионлаб кўчмас мулк учун янги паспорт бериш ва бу жараëнни бошқариш лойиҳасини “мустасно тариқасида очиқ тендерсиз” “хориж инвестори”га бериш Ўзбекистонда биринчи марта кузатилаëтгани йўқ.
Хусусан¸ Мирзиëев ҳукуматининг энг қиммат лойиҳаси деб кўрилган қарийб 2 миллиард долларлик “Tashkent City” лойиҳаси ижрочилари ҳам бирор очиқ тендерсиз танланди.
Мустақил журналистик суриштирув натижасида Тошкент марказидаги энг қиммат ерлар қурилиш учун берилган “хориж инвестор”ларининг деярли барчаси ўзбекистонлик амалдор ва ҳокимиятга яқин тадбиркорларнинг оффшор ҳудудида рўйхатга олинган ширкатлари эканлиги аниқланди.
Мавзуга алоқадор Кристиан Ласслет: Тошкент ҳокими Ўзбекистонда эксклюзив имтиëз билан ишлаëтган 67 та ширкатга алоқадор!(ВИДЕО)Хусусан¸ “Tashkent City”даги саккиз лот (қурилиш учун берилган ҳудуд)дан тўрттасининг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли экани фош бўлди.
Ўзбекистонда қиммат ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида чиқарилаëтган президент қарорларида бу жараëнларда инвесторни аукцион, танлов, тендер, IPO(Initial Public Offering), SPO (secondary public offering) орқали танлаш баробарида¸ одатда “тўғридан-тўғри музокаралар орқали” танлаш механизмига ҳам рухсат берилади.
Мутахассислар таъкидича, ана шу механизмга рухсат берилиши Ўзбекистондаги қиммат лойиҳаларнинг ҳокимият юқори даражаларига бевосита алоқадор гуруҳ ва ширкатларга жамоатчиликдан яширин ҳолда¸ ниҳоятда катта имтиëзлар билан берилишига қонуний асос яратмоқда.
Мавзуга алоқадор “Мирзиëев ўзбек иқтисодининг олигарх-монополистлар сиртмоғида бўғилишига йўл қўймаслиги керак!”Ҳозиргача бундай амалиëтга барҳам бериш ҳақидаги таклиф ва чақириқлар инобатга олинмай келмоқда.
Озодлик ушбу суриштирувда келтирилган маълумотлар юзасидан Бош вазир Абдулла Арипов, тегишли давлат идоралари мутассаддилари, шунингдек ”Gid systems Tashkent” ва Gid FZE ширкатлари вакиллари муносабат билдиришни истаса, уларга, албатта, минбар беради.