Ленинград вилоятида шифохонадан қочиб кетган 5 яшар ўзбекистонлик қидирилмоқда

Иллюстрация. Суратдаги она ва боланинг хабарга алоқаси йўқ.

Ленинград вилоятининг Всеволожск шаҳар полицияси касалхонадан битта пижамада қочиб кетган ўзбекистонлик 5 яшар болани қидирмоқда. Маҳаллий полиция мулозими Аҳмаднинг чиқиндихоналарни титкилаб юрганида ушланганини, оғир касал экани аниқлангани учун у 2 кун олдин маҳаллий шифохонага ётқизилганини айтди.

Маълум бўлишича, Аҳмаднинг касалхонада эмаслигини 21 ноябрга ўтар кечаси, тунгги соат 11:30 ларда билиб қолишган ва шундан сўнг полиция уни қидиришни бошлаган.

Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, полиция ходимлари Аҳмадни 19 ноябрда Ленинград вилоятининг Всеволожск шаҳридаги чиқиндихоналардан бирида чиқинди титкилаб юрган пайтда ушлаган.

Юпун кийинган, оғир касал экани шундоқ кўриниб турган болани аввал полиция бўлимига олиб келишган, у ердан Всеволожск туманлараро шифохонасига олиб боришган.

-Уни чиқиндихонадан олиб келишган эди. Кеча туман марказий шифохонасидан қочиб кетибди. Боланинг исми Аҳмад, ёши 5 ларда. Унинг иши Вояга етмаганлар бўлими инспекторига топширилди. Билишимча, бола устидан васийлик тайинланади. Бунинг учун эса уни аввал топиш керак, деди полиция бўлими навбатчи офицери.

Бола 19 ноябрь куни чиқиндихонада ушланганидан 1 соат ўтиб полиция бўлимига унинг 25 ёшдаги онасини ҳам келтиришгани айтилди.

Ношуд онани сўроқ қилган полициячилар она-бола ёзда Ўзбекистондан келгани, шу атрофда тиланчилик қилиб, кун кечириб юришлари маълум бўлди. Полиция ходимлари Аҳмад ва унинг онаси Ленинград вилоятида кун кечириб юрган бошқа "ўнлаб тиланчи-лўлилардан" эканини тахмин қилишди.

Полиция бўлимида аёлга нисбатан протокол тузилди, у жаримага тортилиб, қўйиб юборилди.

Всеволожск туманлараро клиник шифохонасига 19 ноябрь куни олиб келинган болада бир қанча касалликлар борлиги аниқлангани маълум бўлди.

- Бола ҳолдан тойган, шифокорларимиз унга ЎРВИ (Ўткир респиратор вирусли инфекция) ташҳисини қўйди. 20 ноябрь куни тунда, шифохонада тиббиёт ҳамшираси йўқлигидан фойдаланган бола оддий пижама ва тўқ-сариқ рангдаги енги калта футболкада кўчага чиқиб, қочиб кетибди, деди педиатрия бўлими ҳамшираси.

Шу кунда Ленинград областида ҳаво ҳарорати 0 даража атрофида. Шифокорлар ўзбекистонлик 5 яшар Аҳмад бундай совуқда фақат онаси олдига қочиб кетган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.