Ўзбекистон пойтахтининг қоқ марказида жойлашган Тошкент давлат юридик университети биносини хусусий тадбиркорга олиб бериш режаси устида иш бормоқда.
Бу янгиликни Тошкент ҳукуматидаги бир неча мулозим бир-биридан мустақил тарзда Озодликка маълум қилди.
Чор Россияси архитектурасининг яхши сақланган саноқли намуналаридан бири бўлган Юридик университет биноси Тошкент тимсолларидан бири саналади ва у Ўзбекистон Маданият вазирлигининг моддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган.
Юридик университети маъмуриятининг Озодлик боғланган мулозимлари¸ бундай режадан ўзларини ҳозирча ҳеч ким хабардор қилмагани ва бундай хабарнинг амалга ошмайдиган ташаббус бўлиб қолишига умид билдирди.
Давлат мулки ими-жимида “номи яширин” тадбиркорга берилиш арафасида
Тошкент давлат юридик университети биносининг давлат тасарруфидан хусусий қўлга берилиш эҳтимоли ҳақида хабар қилган ҳукуматга яқин мулозимлардан бири бундай режани давлат ва халқ бойлигига тажовуз деб баҳолашини яширмади.
“Юридик университет биноси ҳам бойларга туҳфа қилинаяпти. Бу бино яқинда давлат пулига ремонт қилинган эди. Бундай қарор билан давлатнинг пулини ерга совуришади¸ халққа тегишли мулкни кимнингдир хусусий бойлигига айлантиришади”¸ деди бу жараëнга яқин тошкентлик мулозим.
Юридик университет биносининг номи очиқланмаëтган “инвестор”га уни ҳашаматли меҳмонхонага айлантириш мақсадида берилаëтганини Ўзбекистон ҳукуматининг ҳар-хил тизимларида ишловчи яна уч мулозими ҳам тасдиқлади.
Айни пайтда улар¸ бу режанинг айнан қайси босқичда экани¸ қачон ва ким бу масалада қарор чиқариши ҳақида ҳозирча аниқ маълумотга эга эмасликларини билдирди.
Университетнинг хабари йўқ?
Тошкент давлат юридик университети маъмуриятининг 5 февраль куни Озодлик гаплашган икки мулозими ўзларининг бу хабарни биринчи марта эшитаëтганини иддао қилди.
“Сиздан эшитиб турибман. Университетга ажратилган учала бино ҳам давлат балансида. Сиғим ҳудудимиз катта¸ 4000 талабагача ўқиши мумкин. Уч йилча бўлди биномиз таъмирдан чиқди. Ҳозир ҳамма қишки сессияга тайëргарлик билан овора. Университет Адлия вазирлиги тизимига киритилган. Ҳозирча вазирликдан бу ҳақда бирор гап эшитганимиз йўқ”¸ деди университет маъмурияти расмийларидан бири.
Озодликка Юридик университет биносининг хусусий тадбиркорга берилаëтгани ҳақида хабар юборган мулозимлардан бири¸ бундай “хабарсизлик”ка ишонмасликни тавсия қилди.
“Университетда буни ҳамма билади. Ректор жой қидираяпти. Бу Ўзбекистондаги ремонти яхши бўлган кам сонли университетлардан бири. Бино таъмирга муҳтож бўлганда ва хусусий тадбиркор пулига эҳтиëж бўлганда¸ бу қадар куюнмаган бўлардим. Бино меҳмонхонага мослашмаган. Яхши аҳволда бўлган тарихий университетни меҳмонхонага айлантириш унинг маълум қисмлари бузилади¸ дегани. Шунча катта бинони меҳмонхонага мослаштиришга сарфлайдиган пули бор тадбиркор¸ ана бўм-бўш ëтган «Чорсу»ни олиб таъмирласин! Ëки бир йилдан буëн сотилмаëтган «Ўзбекистон» меҳмонхонасини беришсин! Йўқ¸ буларга тарихий¸ яхшигина таъмирдан чиққан бино керак!»
Озодлик бу мавзуда гаплашган бошқа бир мулозим Юридик университетни кўчириш учун таклиф этилаëтган бинолар орасида Тошкентдаги Авиасозлар маданият саройи биноси борлигини тилга олди.
Мавзуга алоқадор Ўзбек зобитлари "уй"ни "сарой"га алмаштирди
2013 йили Тошкент давлат юридик университетига совға қилингани хабари чиққан бу бино бутун мол-мулки ва 2 гектардан каттароқ ер ҳудуди билан айни йили Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ Мудофаа вазирлиги ҳисобига ўтказилган эди. Очиқ манбалардан бу бинонинг ҳозирда Мудофаа вазирлигига қарашли Концертлар уйи деб аталиши ва унда ҳар хил тижорий тадбирлар ўтказиб келинаëтгани кўрилади.
Озодликка Юридик университет биносининг хусусийлаштирилиши ҳақида хабар берган мулозимлар¸ бу тимсолий бинога кўз тикаëтган тадбиркор кимлигини очиқ айтмади. Уларнинг ҳаммаси¸ бундай бинога фақат ҳокимиятнинг энг тепасида ўтирганларга алоқадор шахс ва гуруҳларгина оғиз солишга журъат қилишини айтиш билан чекланди.
Юридик университети биноси тарихи
Тошкентнинг Амир Темур майдонида жойлашган Тошкент давлат юридик университети биноси чор Россияси даврида қурилиб¸ ҳозиргача яхши сақланган саноқли объектлардан биридир.
1875 йили архитектор Янчевский лойиҳаси асосида қурилган бино¸ дастлаб ўғил болалар¸ сўнгра қиз болалар ҳам ўқийдиган гимназия бўлган. Аввалига икки қават бўлган бу бино ўтган асрнинг 20-йилларида Марказий Осиë давлат университетига берилган. Янги қурилган учинчи қаватда бир муддат Тошкент автомобиль-йўл институти ҳам жойлашган. 1955-1991 йилларда бу бинода Марказий Осиë давлат университетининг юридик факультети фаолият олиб борган. 1991 йили юридик факультети институт¸ сўнгра университет (2013) мақомига ўтказилганидан буëн бино айни таълим муассасаси ихтиëрида қолмоқда.
Маданият вазирлиги масъулининг Озодликка билдиришича¸ бу бино вазирликнинг Маданий мерос департаменти томонидан Ўзбекистондаги моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.
Вазирлар Маҳкамасининг Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида 2019 йил 18 октябрда қабул қилган 881-сонли Низомига кўра¸ бу рўйхатга киритилган объект савдо, эсдалик совғалари ва ҳунармандчилик буюмлари сотиш, компьютер, нусха кўчириш ва Интернет хизматлари кўрсатиш, фото, видео ва экскурсия хизматлари кўрсатиш каби фаолият турлари учун бир йилгача фойдаланишга берилиши мумкин.
Низомда¸ моддий маданий мерос объектининг 5 йилдан 30 йилгача муддатга ижарага берилишига ҳам рухсат берилган¸ айни пайтда бундай объектнинг сотувга берилиши ҳақида гап йўқ.