Мирзиëев таълим тизимини "ривожлантиришни" тепадан - олий таълимдан бошлади

Ўзбекистондаги аксар олийгоҳ талабалари ҳар йил икки-уч ойни ўқиш ўрнига қишлоқ хўжалик ишларига сарфлашга мажбур.

Президент Мирзиëев 20 апрель куни Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги “кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш”ни мақсад қилган қарорга қўл қўйди. Озодлик билан суҳбатда айрим кузатувчилар¸ бу қарорни пойдеворсиз уй қуришга қиëслашди.

“Олий таълим янада ривожланади”

Президент Шавкат Мирзиëевнинг 20 апрель кунги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур тизимдаги вазиятни ўрганиб чиққан Ишчи гуруҳи хулосаларига таянган.

Ўтган йилнинг 8 октябрида ўшандаги муваққат президент Мирзиëев томонидан тузилган бу ишчи гуруҳэса¸ олти ойлик кузатишлари натижасида “бир қатор олий таълим муассасаларида ҳали ҳам илмий-педагогик салоҳиятнинг пастлиги, таълим жараёнларини ахборот-услубий ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш замонавий талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг моддий-техника базасини тизимли янгилашга эҳтиёж мавжуд” деган хулосага келган.

Президентнинг 20 апрель кунги қарори асосан ана шу муаммоларни бартараф қилишга қаратилган.

Шу мақсадда Бош вазир ва давлат маслаҳатчисига 2022 йилга қадар Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг хориждаги илғор университет ва илмий марказлар билан икки томонлама ҳамкорлигини кенгайтиришдан то янги адабиëтларни таржима қилишга қадар бўлган вазифаларни амалга ошириш топширилди. Шунингдек¸ҳукуматга уч ой муддатда Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси фаолиятини ташкил қилиш вазифаси ҳам юклатилди.

Бу қарор ва унга берилган изоҳ маҳаллий матбуотда кенг ëритилмоқда¸ бу ҳаракатолий таълим тизимини ислоҳ қилиш сифатида баҳоланмоқда.

“Муаммонинг илдизига қарамай¸ унга ечим топиш мумкинми?”

Озодлик билан суҳбатда бу қарорга муносабат билдирган олий таълим соҳаси мутахассислари¸ қарорни олқишлаган ҳолда¸ унинг вазиятда фундаментал ўзгариш қилишига шубҳа билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий университетининг собиқ ўқитувчиси¸ доцент Бахтиëр Исабеков¸ қарорнинг номига эътибор қаратади.

- Раҳматлик Рауф Парфи кўпинча қотган нон билан бир пиëла чойни столга қўйиб¸ “олинг¸ яқинда янада яхшироқ яшаймиз”¸ деб ҳазиллашарди. Қарорнинг номидаги “янада ривожлантириш” деган сўз одамни сергак торттиради. Муаммони ҳал қилишдан олдин¸ уни очиқ тан олиш керак¸ муҳокама қилиш керак ва кейин унга ечим топилади. Қарор номиданоқ¸ бизда олий таълим ривожланиб кетган эдию энди уни янада ривожлантирамиз¸ деган мазмун чиқаяпти. Аслида ундай эмаслигини ҳаммамиз биламизку¸ дейди доцент Исабеков.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Бахтиëр Исабеков билан суҳбат

Бу мутахассис фикрича¸ давлат бошланғичдан то олий таълимга қадар яхлит бир тизим деб қараб¸ ана шу тизимни фундаментал ислоҳ қилишга киришмас экан¸ бу уринишлар самара бермайди:

- Олий таълимни ривожлантиришни тестларни қайта кўриб чиқишдан бошлайлик. Тест жорий қилинганидан бери олий тизимдаги коррупциянинг қанчалар гуллаб-яшнаганига бир қарайлик. Коррупция оқибатида мамлакатда саводсизлик¸ ундан ҳам ëмони¸ чала саводлик қанчалар урчиганини айтайлик. Бу камчиликларни рўй-рост айтмасан туриб¸ нимани ўзгартириш мумкин. Лекин қарорда бу ҳақда бир оғиз ҳам сўз йўқ. Олий таълимдаги коррупцияни давлат бошқаруви¸ жамиятнинг бошқа соҳаларидаги коррупцияни жиловламай туриб¸ йўқ қилиш мумкин эмас. Президент ҳақиқий ислоҳот истаса¸ ошкораликка йўл берсин¸ унинг яхши ниятлари¸ қарорлари ижросига кўпчилик қўшилсин¸ ана шунда балки самара бўлар¸ деди Бахтиëр Исабеков.

Мирзиëев хориждаги ўзбек зиëлиларини таклиф қилсин!

Ўзбекистон олий таълим тизимини “янада ривожлантириш” формуласи сифатида президент қарорида хориждан олим, ўқитувчи ва мутахассисларни олиб келиш тавсия қилинади ва хориж кадрларини олиб келиш молиявий механизмини шакллантиришга оид топшириқлар берилади.

Канададаги New Brunswick университетида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича докторлик диссертацияси ëқлаган Шоира Ҳасанова¸ хориж олийгоҳларидаги жараëнларга интеграция бўлиш ғоясини маъқуллаган ҳолда¸ бу ишга хориждаги ўзбек зиëлиларини таклиф қилиш лозимлигини таъкидлайди:

- Албатта¸ хорижлик ўқитувчи-профессорларни чақириш яхши¸ улар бориб астойдил ишлашига шубҳа қилмайман. Лекин¸ қанча пул сарфламанг¸ бир ой ўтиб¸ бир йил ўтиб улар ватанига қайтади. Бу қиммат ва узоқ муддатда ўзини кўп ҳам оқламайдиган инвестиция.

Кейинги 25 йил ичида Ўзбекистондан чиқиб кетган қанчадан-қанча олимлар¸ ўқитувчи-профессорлар бугун хориж олийгоҳларида дарс бериб юрибди. Ана шуларни чақириб¸ уй-жой¸ яхши ойлик берса¸ улар узоқ муддатга¸ балки бир умрга ватанига қайтиб ишлайди. Олий тизимни ҳам¸ бошқа соҳаларни ҳам биринчи навбатда ўз кадрларимизга таяниб ривожлантириш керак.

Бу кадрларни қайтариш учун эса¸ яхши иқтисодий шароитдан ташқари¸ фуқаролик муаммосини ҳам ҳал қилиш керак. Уларнинг аксарияти аллақачон бошқа давлат фуқаролигини олиб бўлган. Бундайларга икки фуқаролик таклиф қилинмаса¸ уларнинг Америка ëки Германия паспортидан воз кечиб¸ Ўзбекистонга қайтиши қийин бўлади. Шунинг учун Мирзиëевдан¸ хориждаги ўзбек зиëлилари¸ умуман бошқа соҳалардаги яхши кадрларни ватанга чақириш¸ уларга ҳамма қулайликни яратиб беришни сўраган бўлардим¸ дейди Шоира Ҳасанова.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Шоира Ҳасанова билан суҳбат

Ғарб ўқитувчи-профессорлари Ўзбекистонга боришга иштиëқмандми?

Ўтмишда икки йил Ўзбекистонда илмий иш билан шуғулланган ғарблик тадқиқотчилардан бири Озодлик билан суҳбатда¸ Ғарб¸ хусусан¸ АҚШда Ўзбекистон олийгоҳлари билан ишлашга ишқибозлар кўп эмаслигини эътироф этади.

Лекин ўз мутахассислиги бевосита Ўзбекистон ëки минтақага боғлиқ ëш тадқиқотчилар¸ илмий иш билан шуғулланиш¸ диссертация ëзиш жараëнида бу мамлакатга бориб ишлашга тайëр¸ дер экан бу суҳбатдош¸ мазкур иштиëқни сўндираëтган муаммоларни тилга олади.

"Биринчи муаммо¸ Ғарб олимлари¸ айниқса¸ америкаликларга Ўзбекистонда шубҳа билан қараш¸ деб атаган бўлардим. Уларга виза беришдан тортиб¸ Ўзбекистондаги ишини мунтазам кузатишлари эркин муҳитда ишлашга ўрганган ҳар қандай олим учун жиддий муаммодир. Ўзбекистон бундай мутахассисларни чақирар экан¸ уларнинг ўз билимини ўзбекистонликлар билан бемалол ўртоқлашишига шароит яратиши керак"¸ дейди ғарблик тадқиқотчилардан бири.