АҚШ Россияни Қрим татарларига азоб ўтказишни бас қилишга чақирди

АҚШнинг Киевдаги элчиси вазифасини бажараётган Кристина Квин.

Қрим татарларининг 1944 йили оммавий тарзда Марказий Осиёга депортация қилингани Украинада хотирланар экан, АҚШнинг Киевдаги элчиси вазифасини бажараётган Кристина Квин Россияни «Қрим халқига азоб-уқубат етказиш одатини» тўхтатишга чақирди.

Квин ўз видеомурожаатини 18 май куни Twitterда эълон қилди.

2016 йили Украинада 18 майни «Қрим татарлари геноциди қурбонларини хотирлаш куни» этиб белгиланган.

1944 йилнинг май ойида Совет диктатори Иосиф Сталин қрим татарларини фашистлар билан ҳамкорлик қилишда айблаб, ёппасига депортация қилишни буюрган.

Орадан 70 йил ўтиб - 2014 йилнинг мартида Россия Қримни ноқонуний тарзда аннексия қилиб олди ва яриморолда халқаро ҳамжамият тан олмаган референдум ўтказди. Бунинг ортидан Россия Украина шарқидаги Донецк ва Луганск ҳудудларида россияпараст айирмачиларни қўллай бошлади.

Россия президенти Владимир Путин қрим татарларига тенг ҳудуд берилишини ваъда қилиб келади.

Аммо қрим татарлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда Ғарб давлатлари ҳукуматлари Россия аннексияга қарши бўлган қрим татарлари ва бошқа гуруҳларни тазйиқ остига олиб, сохта айбловлар билан қамаётганини айтиб келади.

Квин ўз баённомасида қрим татарларининг депортация қилингани «ақл бовар қилмайдиган жароҳат, азоб-уқубат ва минглаб одам ўлимига» сабаб бўлганини таъкидлади.

- Россиянинг ҳозирги кундаги аннексияси бу жароҳат ва азобни янада чуқурлаштирди, - деди Квин.

Квин АҚШ Қрим аннексиясини тан олмаслигини яна такрорлаб, Москва яриморолни Украинага қайтармагунича санкциялар ўз кучида қолишини айтди.

Бу орада Украина, Эстония, Грузия, Латвия, Литва ҳамда Польша ташқи ишлар вазирликлари Россиянинг «Украинага қарши агрессия сиёсати ҳамда қрим татарларига қарши янги репрессияларни» қоралаб, қўшма баёнот эълон қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский эса ўз Facebook саҳифасида Қрим бир кун келиб Украинага қайтишини, қрим татарлари ва украиналиклар ўз уйларига қайтишларини таъкидлади.

1944 йилнинг 18 майидан бошлаб 250 мингга яқин киши саноқли кун ичида поездларда Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга юборилган. Йўлда ўнг минглаб одам оғир шароитлар туфайли ҳалок бўлган.
Қрим татарлари 1980- йиллар якунигача Қримга киритилмади. Совет Иттифоқи парчаланиб кетишидан олдин Михаил Горбачёв бошлаб юборган ислоҳотлар доирасида улар тарихий ватанларига қайта бошлаган эди.