БМТнинг янги эълон қилинган ҳисоботида эътироф этилишича, Толибон гуруҳи АҚШ ҳукумати билан имзолаган шартномага биноан жангари гуруҳларга қарши курашишни ўз бўйнига олган бўлишига қарамасдан, «Ал-Қоида» экстремистик гуруҳи билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Толибон гуруҳи БМТ ҳисоботини «асоссиз ва бир тарафлама» дея қоралади.
Жорий йилнинг февралида АҚШ ва Толибон ўртасида имзоланган шартномага биноан, жангари гуруҳ бошқа экстремистик гуруҳларга қарши курашишни ҳамда улар Афғонистон тупроғида АҚШ ва унинг ҳамкорларига ҳужум қилишга йўқ қўймаслик мажбуриятини ўз бўйнига олган.
БМТ мустақил кузатувчилари БМТ Хавфсизлик кенгашига юборган ҳисоботда Толибон, айниқса, «Ҳаққоний» тармоғи ҳамда «Ал-Қоида» ўртасидаги яқин муносабатлар ўз кучида қолгани айтилади.
Шунингдек, ҳисоботда Толибон АҚШ билан музокаралардан олдин мунтазам равишда «Ал-Қоида» билан маслаҳатлашгани эътироф этилди.
АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ҳисобот асосан февралдан олдинги ойларга бағишланганини таъкидлади. Халилзод Толибон ва «Ал-Қоида» ўртасидаги алоқалар ҳақида:
- Силжиш бор, лекин биз бу муносабатларни яқиндан кузатишда давом этамиз, - деди.
АҚШ ва Толибон вакиллари 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳада имзолаган келишувга биноан, Вашингтон 2021 йил ўртасигача мамлакатдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетади. Толибон эса Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида Қобулдаги ҳукумат билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишни бошлайди. Бугунга қадар жангари гуруҳ Афғонистон ҳукуматини «Ғарб қўғирчоғи» дея таърифлаб, у билан музокара ўтказишдан бош тортиб келади.
АҚШ расмийлари Америка қўшинлари аллақачон Афғонистонни тарк эта бошлаганини, улар муддатидан аввал мамлакатдан бутунлай чиқиб кетишини билдиришди.
АҚШ 2001 йилда Толибон гуруҳи 11 сентябрь хуружларини амалга оширган «Ал-Қоида» террор гуруҳига бошпана берганини айтиб, Афғонистонга бостириб кирган ва Толибонни ҳокимиятдан ағдарган эди.
БМТ ҳисоботида «Исломий давлат» экстремистик гуруҳи Афғонистоннинг турли ҳудудларида ҳужум уюштиришга ҳануз қодир эканлиги айтилади. Ҳисобот муаллифлари жангарилар айрим ҳужумларни Толибоннинг бир бўлаги бўлмиш «Ҳаққоний» тармоғи билан ҳамкорликда амалга оширганини хулоса қилишди.
Ҳисобот муаллифларига кўра, Толибоннинг терроризмга қарши курашда ишончли ҳамкор бўла олиши «Ал-Қоида» ҳамда Афғонистондаги «Исломий давлат» гуруҳи туғдирадиган таҳдидларни бартараф қила олишига боғлиқ бўлади.
Ҳисоботда ёзилишча, айни дамда Афғонистонда минглаб хорижлик жангари бор. Хусусан, айни дамда Афғонистонда қўшни Покистондан ўтган 6,5 минг жангари бошпана топган.
Толибон гуруҳининг Қобулдаги ҳукумат ҳамда Ғарб давлатлари қўшинларига қарши исёни 20 га яқин хорижий жангари гуруҳлар учун бирлаштирувчи куч бўлиб келмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу гуруҳларнинг айримлари Толибон билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатган.