Бош вазир Абдулла Ариповнинг фармойиш асосида Ўзбекистон Маданият вазирлиги тасарруфидан “Вақф” хайрия жамғармасига ўтказилган 189 обида қаровсиз қолди.
Ўзбекистонлик санъатшунослардан олинган бу маълумотни Маданият вазирлиги масъул мулозими тасдиқлади.
“Вақф” хайрия жағармаси фондига ўтказилган қаровсиз қолгани айтилаётган 189 обида рўйхатида Бухородаги “Чоре бакр” мажмуаси¸ Самарқанддаги “Шоҳи Зинда”¸ “Хўжа Дониëр ва Хазрати Хизр” обидалари ҳамда Хивадаги Саид Алоуддин пир"¸ “Уч авлиë бобо” каби архитектура ëдгорликлари бор.
“Вақф” фондининг вилоятлардаги раҳбарлари ташкилотда ëдгорликларга хизмат кўрсатувчи мутахассислар йўқлигини тан олди.
Бу ëдгорликлар 2018 йилнинг сентябригача Самарқанд давлат музей қўриқхонаси¸ Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси ва Ичан-қалъа музей қўриқхонаси таркибида музей сифатида фаолият олиб борган.
Қадимшунос меъмор Абдумалик Турдиев Озодликка тақдим қилган ҳужжатга кўра, бу бинолар Бош вазир 2018 йилнинг 28 августида имзолаган фармойиш асосида ўша йили тузилган “Вақф” фондига текин ўтказиб берилган:
- Бир йил ичида бу рўйхатдаги обидалар “Вақф” жамғармасида осори-атиқ билан ишлаш тажрибасига эга бўлган мутахассислар йўқлиги боис қаровсиз аҳволга келди. Баъзи бинолар ичидаги ложувард кошин ва ўймакор устунлар ғойиб бўлди. 189 обидага қарайдиган мутахассис “Вақф” жамғармасида йўқ. Бу обидалар нураб адо бўлмасдан Маданият вазирлиги қарамоғига қайтарилиши зарур, - деди қадимшунос меъмор.
Озодлик мобил мухбирлари вақф фондига текин ўтказиб берилган Самарқанд¸ Бухоро ва Хивадаги обидалар аҳволини бориб кўрди.
Хива шаҳрининг ташриф қоғози ҳисобланиб, барча туристик маршрутларга кирган Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ичидаги кошинлар зарар кўрган.
Хивада 40 йил ҳукмдорлик қилган Муҳаммад Раҳимхон қабри жойлашган “Саид Муҳаммад Моҳи рўйи Жаҳон” мажмуаси эса супурги сақланадиган омборга айлантирилган.
Озодлик “Вақф” фондининг Хоразм ва Самарқанддаги филиаллари раҳбарлари билан боғланди. Улар ëдгорликларга хизмат кўрсатувчи санъатшунослик маълумоти бор кадрлар йўқлигини айтиш билан кифояланишди.
Ўзбекистон Маданият вазирлигининг исми айтилишини истамаган мулозими Озодлик билан 14 январь кунги суҳбатда мамлакат тарихи билан чамбарчас боғланган ва архитектура ëдгорлиги ўлароқ бадиий қимматга эга 189 обиданинг “Вақф” фондига берилишини “яхши ўйланмаган хато қадам” деб айтди.
Мулозимга кўра, бу 189 обиданинг ичида ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига кирган меъморлик шедеврлари бор:
- Маданий обидалар Маданият вазирлиги тасарруфида бўлиши дунë тажрибасидир. Чунки Маданият вазирлиги бу обидаларни сақлаш ва илмий ўрганиш борасида малакали кадр ва тажрибага эга. Маданий обидаларни бошқа идорага бериш ўзини оқламаганига битта мисол бор. Хива хонининг “Нуруллабой” саройи Миллий банк тасарруфига берилган эди. Мутахассислар ташвиши ортидан бино яна Маданият вазирлигига қайтарилди.
Вазирлик мулозимига кўра¸ “Вақф” фондига берилган обидаларнинг қаровсиз қолиб¸ уларнинг баъзи қисмлари нобуд бўлгани 2019 йил январь ойида Хива шахрида ўтказилган пресс-тур чоғида маълум бўлган.
2019 йили “Вақф” хайрия жамоат фондининг мутасадди раҳбарлари хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб¸ фонд тасарруфидаги биноларни талон-торож қилгани ва хайрия маблағларини ўзлаштиргани ҳақида Озодлик суриштируви асосида мақола эълон қилинган эди.
Бу мақола ортидан “Вақф” хайрия жамоат фондининг бир қанча ходимлари устидан прокуратура терговгача суриштирув бошлаган эди.
2018 йилнинг 18 апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мусулмонларининг закот, фитр ва бошқа хайрия маблағларини тўплаш ва сарфлашга масъул ягона ташкилот - "Вақф" хайрия жамоат фондини таъсис этиш ҳақида фармон чиқарган эди.
Орадан бир ой ўтиб Адлия вазирлиги расман рўйхатга олган “Вақф” хайрия жамоат жамғармасига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 августдаги фармойишига мувофиқ, Ўзбекистондаги 189 та муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар “текин фойдаланиш шартномаси асосида” бириктириб берилган.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошида иш бошлаган “ташкилотнинг асосий мақсади кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фан ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилат ва қадриятларни давом эттиришга кўмаклашиш ҳисобланади”.
"Вақф" хайрия жамоат фонди "тарихий ва меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантиришга масъулдир".