Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:57

Мустақилликдан севинган Даврон ҳақида...


Рассом Даврон Йўлдошев
Рассом Даврон Йўлдошев

1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган эди.

Олий кенгашдаги "Эрк" демократик партияси фракцияси ва янада тўғрироғи партия лидери Муҳаммад Солиҳнинг қаттиқ ҳаракатлари боис қабул қилинган бу баëнот Ўзбекистонни СССРдан мустақил давлат деб эълон қилди.

"Эрк" Демократик партиясининг Хоразмдаги фаоли сифатида мен ҳам миллат тарихида бир марта бўладиган бу тарихий баëнот қабул қилинишига озроқ ҳисса қўшганимдан ғурурланганим эсимда.

Баëнотнинг компютерда терилиб принт қилинган лойиҳасини (ўша давр учун бу техника мўжизаси эди) Хоразмдан сайланган депутатларга бир бир тарақатиб улар билан мустақиллик масаласида соатлаб тортишганим эсимда.

Ниҳоят 20 июн куни Олий кенгаш сессиясини канали омбур билан бураладиган "Горизонт" деган рангли телевизорда томоша қилдим.

Баëнот қабул қилинганидан севинчим ичимга сиғмай кўчага чиқдим.

Ҳаëлимда бутун халқ кўчага чиқиб телпакларини осмонга отиб¸ бир бирини қучоқлаб ўпадигандай¸ мушаклар отилиб¸ қўйлар сўйилиб¸ карнай сурнай чалинадигандай туюлди.

Аммо кўча бўм бўш эди. Хоразмнинг жазирама иссиғи. Бундан бир соат олдин ўтиб кетган машина ортидан кўтарилган чанг осмонда қимирламайгина турибди. Бир иккита одам бўйнини қисиб иссиқдан лоҳас бўлиб йиртиқ калиш билан судралибгина кетмоқда.

Худфондга (Рассомлар идораси) бориб¸ "оғайнилар Ўзбекистон мустақил бўлди" деб бақирдим.

"Слава КПСС" деган шиорни тунукага ëзаëтган шрифтовик менга бир телбага қарагандай бефарқ тикилди ва бармоғини пешонасига ниқтаб "жинни бўлдингми" ишоратини қилди.

Бу савиясиз халтуршиклардан ҳафсалам пир бўлиб¸ еттинчи автобусга чиқиб рассом ўртоғим Давронникига кетдим.

ЛАЗ русумдаги оқ қизил автобус ичи иссиқдан бўғриққан ва қимматчилигу¸ қаҳатчилик ҳақида тинмай гапираëтган хорғин одамлар билан тўла эди.

Улар қўлларидаги совет герби туширилган 5 тийинни чипта олиш учун узатишар эди. Сал ўзига тўқлари эса бошқалар учун ҳам тўлаб қўйиб¸ "Шерпажон опа сиза тўладим" деб бақиришар эди.

Лекин уларнинг ҳеч бири ўз мамлакатининг мустақил бўлганини билмас эди.

Улар мамлакатни бошқараëтган ва ароқ сотувини чеклаган Горбачевдан норизо бўлишса ҳам СССР тарқалишини ҳаëлига ҳам келтиришмасди.

Ниҳоят шаҳарнинг Надмес маҳалласида яшайдиган рассом дўстимнинг уйига етдим.

Даврон ўз ховлисиниг бир четида ўзига устахона қураëтган эди.

Мустақиллик ҳақидаги ҳабарни эшитиб ишини тақа тақ тўхтатди.

Даврон ўз юрти мустақил бўлганидан чин қалбидан севинди.

Давроннинг кўзлари "Дача" филмидаги йўқотган пулини топган қахрамон каби севинчдан чарақлади.

Даврон 1990 йилнинг 20 июнидан мустақиллик баëнотини эшитиб севинган мен кўрган илк одам эди.

У яқиндагина Вилнюсга бориб Литвалик рассом дўстлари билан учрашиб уларнинг мустақилликка бўлган интилишига ҳавасланиб¸ бир қўлтиқ газету варақалар кўтариб келган эди.

1990 йилнинг 20 июнида Урганчдаги икки рассом мен ва Даврон “Яшасин мустақиллик” дея бақирдик.

Овозларимиз чала битган айвон шифтида акс садо берган бўлса ҳам атроф сув қуйгандек жим эди.

СССР тугашига ҳали бир йилдан кўп вақт бор эди.

XS
SM
MD
LG