Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:06

Ўн бир йилга қамалган собиқ президент Атамбаев 3,5 йилдан сўнг озодликка чиқарилди


Атамбаев 2019 йил августида қамоққа олинган эди.
Атамбаев 2019 йил августида қамоққа олинган эди.

14 февраль куни 2019 йилнинг августида қамоққа олинган Қирғизистоннинг собиқ президенти Aлмазбек Aтамбаев озод этилди. Олий суд унга нисбатан жиноят ишини қайта кўриб чиқиш ҳақида ажрим чиқарди ва аввалги суд қарорларини бекор қилди.

Уч ярим йил қамоқда ўтирганидан сўнг озодликка чиққан Атамбаев ўз уйида ўтказган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берар экан, ўзига нисбатан қўзғатилган барча жиноят ишларини асоссиз деб ҳисоблашини айтди.

Атамбаев президентлик даврида эркин матбуотни судга бергани ва босим ўтказганидан афсусда эканини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида эришилган чегара келишувини, жумладан, Кампиробод сув омбори юзасидан шартномани қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бир неча кун олдин Қирғизистон Олий суди коллегияси Алмазбек Атамбаевга нисбатан коррупциявий айбловлар билан очилган жиноят ишини қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Унга нисбатан Олий суднинг 2021 йил 12 октябридаги ҳамда 2022 йил 15 мартидаги қарорлари бекор қилинган.

2020 йили Олий суд Атамбаевни 11 йилга қамаш тўғрисидаги қуйи инстанция судлари қарорни бекор қилганди. Ўшанда иш қайта кўриб чиқиш учун Биринчи май туман судига йўлланган. Бироқ 2021 йилнинг 12 октябрида Бош прокуратура талабномасидан кейин Олий суд ўз қарорини бекор қилган. 2022 йил 15 март куни Олий суд Атамбаевни 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукмни ўз кучида қолдирганди.

Атамбаев матбуот анжуманида нималар ҳақида гапирди?

-Менга қарши ундай қилди, бундай қилди деб ёзилаётган, айтилаётганларнинг ҳаммаси бўлмаган нарсалар. Менга қарши қўзғатилган жиноят ишларининг ҳам барчаси йўқ ердан ўйлаб топилган ишлар. Тўғрисини айтсам, тезроқ даволаниш керак, даволаниш учун учиб кетиш керак. Лекин мен, даволаниб бўлгач, албатта қайтиб келаман, “I’ll be back”, - деди Алмазбек Атамбаев.

Собиқ президент ўзини Испания ҳукумати даволаниш учун таклиф этганини, самолёт чипталарини ҳам Испания томони олиб берганини айтди. Бишкекдаги Биринчи май туман суди 14 декабрда Алмазбек Атамбаевга даволаниш учун мамлакатдан ташқарига чиқишга рухсат берди.

Атамбаев матбуот анжуманида амалда турган пайтларида оммавий ахборот воситаларини судга бергани учун афсусда эканини ҳам қўшимча қилди:

"Албатта, сўз эркинлиги бўлиши керак. Мен барча журналистларга миннатдорчилик билдираман. Мен баъзи оммавий ахборот воситаларини судган берганман. Ҳозир шунга ўкинаман. Мен ўша пайтларда президент бўлганим учун судга бермаслигим керак эканини инобатга олмаган эканман. Негаки судлар кучлилар фойдасигагина ҳукм чиқаришига ўзим гувоҳ бўлдим ".

2017 йили Атамбаев ҳукумат теппасида турганида Бош прокурор Индира Жолдубаева "президентнинг обрўйсига путр етказди" деган айблов билан “Азаттиқ” радиоси, “Заноза”, “24.kg” сайтлари устидан судга ариза берганди. Кейинроқ Атамбаев аризаларини судлардан чақиртириб олган.

Атамбаев матбуот анжуманида судлов тизимини ислоҳ қилишга эътибор қаратмагани учун афсусда эканини айтди. Унга кўра, суд ҳокимияти тўлақонли мустақил бўлиши учун Қирғизистонда парламент республикаси тизими ўрнатилиши лозим:

-Мен бекорга Қирғизистонни парламент республикасига айлантиришга ҳаракат қилмаган эдим. Парламент республикасида парламент ва ҳукумат ягона организм бўлади. Уларга президентлик ҳокимияти посанги бўлади. Шу орада учинчи ҳокимият суд тамомила мустақил тарзда майдонга чиқади.

Атамбаев матбуот анжуманида Ўзбекистон билан чегара шартномаси имзоланганини ва Кампиробод сув омбори юзасидан қабул қилинган қарорни олқишлади. Айни пайтда у Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан ўнлаб фаолларнинг ва мухолифатчиларнинг қамоққа олинишини қоралади:

-Ҳокимият тепасидагилар бу масалани қамоққа олишларсиз ҳал этиши лозим эди, деб ҳисоблайман. Тожикистон билан бугунги муносабатларимизни ҳисобга олганда, Ўзбекистон билан чегара масаласининг тўлиқ ҳал этилиши катта ютуқ, тарихий қарор бўлди. Халққа ишончли ва шубҳага ўрин қолдирмайдиган даражада маълумотларни тақдим қилиш шарт эди. Қамоққа олишлар билан эса халқда шубҳалар пайдо бўла бошлайди.

Атамбаев матбуот анжуманида 1990 йиллардаёқ Қирғизистонда ва Туркияда беш-олтита заводи бўлганини, у ўша пайтдаёқ мультимиллионерга айланганини таъкидлар экан, президент сифатида ҳалол ишлаганини ва давлат хазинасига “кўз олайтирмагани”ни иддао қилди.

Атамбаевнинг ҳокимиятга келиши

Атамбаевнинг ҳукумат тепасига келиш даври 2010 йил воқеаларидан кейин бошланган. Ўша даврларда Қирғизистонда тузилган Муваққат ҳукуматнинг раиси ўринбосари бўлган Алмазбек Атамбаев 2011 йил охирида бўлиб ўтган президентлик сайловида ғолиб бўлган.

Сайловларда президентлик учун кураш олиб борган 16 номзод орасида асосий кураш бош вазир Алмаз Атамбаев, “Ата Журт” партияси раиси Қамчибек Ташиев ва парламентнинг собиқ раиси Адахан Мадумаровлар ўртасида кечган.

Атамбаев президент сифатида Қирғизистон Конституциясига қатъий амал қилишини ва Бош қонунда белгилангани каби бир муддатдан ортиқ президентлик курсисида қолмаслигини ваъда қилган эди.

У 2017 йилда бу ваъдасига содиқ қолди ва президентликдан кетди. Аммо сайловда ўша пайтда "яқин дўстим" деб атаган Сўўранбай Жээнбековнинг ғалабага эришишини дастаклади.

Атамбаев 2019 йилда Жээнбеков сиёсатини танқид қила бошлади ва кўп ўтмай Қўйтош қишлоғидаги уйида махсус амалиёт пайтида қўлга олинди.

Жээнбеков эса 2020 йилнинг 5-6 октябрида бўлиб ўтган норозилик намойишлари ортидан истеъфо беришга ҳамда ўз ўрнини Садир Жапаровга бўшатишга мажбур бўлди.

Қўйтошдаги қонли операция

2019 йилнинг 7-8 август кунлари Бишкек яқинидаги Қўйтош қишлоғида жиноят ишлари бўйича терговга сўроқ беришдан бош тортган собиқ президент Атамбаевни қўлга олиш учун махсус амалиёт ўтказилган эди.

Амалиёт пайтида куч тизими ходимлари ва Атамбаев тарафдорлари ўртасидаги тўқнашув натижасида миллий хавфсизлик қўмитасининг бир зобити ҳалок бўлган, жами 225 одам жароҳатланганди. Улардан 91 нафари милиция, 40 нафари миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари, қолганлари оддий фуқаролар бўлган.

Бу воқеа Қирғизистон тарихида “Қўйтош воқеаси” сифатида қайд этилади. Махсус амалиёт пайтида Атамбаев қўлга олинган ва унга нисбатан коррупциявий айбловлар, жумладан, жиноят олами лидери Азиз Батукаевни ноқонуний тарзда қамоқдан чиқариш айблови билан тергов бошланган эди.

Атамбаев даври: Ўзбекистон билан муносабатлар

Ўзбекистон раҳбари бўлган Ислом Каримов ва Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев ўртасидаги муносабатлар совуқ эди.

Мисол тариқасида айтиш мумкинки, 2015 йилда Москвада МДҲнинг норасмий саммитида Атамбаев ўзбекистонлик ҳамкасбини Совет Иттифоқининг Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабасига бағишланган парадга Москвага бормагани учун танқид қилгандек бўлган.

Каримов ўша вақтда Атамбаевнинг танқидига кескин жавоб қайтариб, масхаромуз муомалада бўлган эди. Шундан сўнг Атамбаев Бишкекда ўтган матбуот анжуманларидан бирида Каримовни танқид қилиб, уни икки давлат ўртасидаги муносабатларни совуқлаштирганликда айблаган.

Ўзбекистон ҳокимиятига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшилана бошланди ва Мирзиёев Атамбаев билан ўзбек-қирғиз чегарасининг 80 фоиздан кўпроғи аниқлангани юзасидан шартномаларни имзолади.

Алмазбек Атамбаев Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган. 2019 йил августида милиция махсус отряди собиқ президентнинг уйини штурм қилган, унинг ўзини эса тутиб кетган. Кейинги йил июлида у 11 йилга қамалган.

2020 йил 6 октябрига ўтар кечаси Бишкекда бўлиб ўтган норозилик намойиши ортидан Атамбаев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасига бостириб кирган намойишчилар томонидан озод қилинган эди. Ўша воқеадан бир неча кун ўтгач, собиқ президент яна ушланган.

Атамбаевга қарши оммавий норозилик чиқишларини уюштириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши зўравонлик, ноқонуний паспорт берганлик ва коррупция дохил бир неча жиноят иши очилган. Собиқ президент бу жиноят ишларини доим “сиёсий таъқиб” унсури эканини иддао қилиб келган.

Форум

XS
SM
MD
LG