Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:38

1 июлдан истеъмолчи газ-свет учун қарзини ë тўлиқ узади¸ ëки жазога тортилади


Электр ҳисоблагич, иллюстратив сурат
Электр ҳисоблагич, иллюстратив сурат

1 июлдан бошлаб президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган Мажбурий ижро бюроси аҳолининг свет-газдан қарзини мажбуран ундиришга киришади. Озодлик гаплашган бюро ходимига кўра, 1 июлдан 10 июлгача аҳоли қарзни тўлашдан огоҳлантирилади, 11 июлдан эса¸ тўлолмаганларнинг мулки мусодара қилинади ёки улар тармоқдан узилади.

1 июлдан 10 июлгача қарздорлар огоҳлантирилади

Электр энергияси ва газ истеъмолчилари¸ президент қарорига мувофиқ¸ ҳар ойнинг 10 санасига қадар аввалги ойда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Аҳолидан коммунал тўловларни вақтида ундириш ва йиллар давомида йиғилган қарздорликни ёпишга масъул қилинган янги ташкилот - Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бўлимининг Озодлик суҳбатлашган расмийси бу жараëннинг айни кунларда қандай бораëтганини тушунтриди.

"1 дан 10 июлгача огоҳлантириш ишлари бўлади, шу 10 гача тўланг, нима қилиб бўлса ҳам деган мазмунда. 11 числодан бошлаб, қарздорларнинг рўйхати тузилади, мажбурий ундириш бошланади. Уйма-уй юрган группада суд департаменти вакили, бюронинг инспектори ҳам бўлади. Ўша ерда мулки ҳисоб-китоб қилинади ва рози бўлса эгаси, мусодара билан қарзи узилади. Рози бўлмаса, светдан узилади", деди шахси очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Ўзбекистон аҳолиси зиммасидаги коммунал тўловлардан йиғилган қарзни ундиришга масъул қилинган Мажбурий ижро бюроси республика Бош прокуратураси қошида тузилди.

Бюро президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 29 майда имзоланган «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида тузилди.

"100 фоиз предоплата тизимига ўтилади"

Мажбурий ижро бюроси мулозимига кўра, тез орада бутун мамлакат бўйлаб 100 фоизлик аввалдан тўлов тизимига ўтиш¸ бунинг учун эса республика миқëсида коммунал тўловнинг автоматлаштирилган электрон тизимига ўтишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Йиллар давомида вилоятдаги электр тармоқлари идорасида юқори лавозимда ишлаган бу мулозим, Мажбурий ижро бюроси ходимлари, аҳолининг норозилиги ва катта-кичик низолар бўлишига ҳозирлигини тан олди.

"Жанжал бўлади, одамлар ўрганиб, тартибга тушиб олгунча вой-дод қиладиганларам бўлади. Лекин, электр токи - 2009 йилдан бери товар ҳисобланади. Магазинда пулини тўлаб, товар олгандай, электрга ҳам 100 фоиз олдиндан тўлаб, кейин олинади. Энди исталган давлатга қаранг - электр билан газ предоплатада. (аввалдан тўлов тизими - таҳр). Ўзбекистон ҳам шунга ўтади", деди мулозим.

5 триллион сўм - 1,2 миллиард долларлик қарз

Расмий маълумотга кўра, республика бўйича энергия ресурсларидан жисмоний ва юридик шахслар қарзи 5 триллион сўмга ( 29 июнь кунги Марказий Банк расмий курсида, 1 миллиард 263 миллион АҚШ долларига тенг - таҳр.) етган.

Озодлик билан суҳбатлашган мулозимга кўра, бу қарзнинг катта қисми аввалдан қайд этилган ва қарздорларга шу пайтгача қарзини узиш учун қайта ва қайта муддат берилган.

"Энди шу муддат берилмайди. Вақтида тўламаса, свет-газдан узилади. Кейин, қайта уланиш учун энг кам иш ҳақининг икки баробарига тенг миқдорда жарима тўлайди, 300 минг сўмга яқин бўлади. Бунинг ўрнига вақтида тўлаш яхшироқ бўладида энди", деди бу мулозим.

Бюро қарзни икки ой ичида ундириши керак

Сирдарё вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, бу вилоятда Мажбурий ижро бюросини очиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳалигача якунига етмаган.

Шундай бўлса-да¸ бюро раҳбариятига ўз ишини 1 июлдан бошлаш ва электр-светдан йиғилган қарзни август ойи охиригача ёпиш шартлиги айтилган.

"Кеча вилоят ҳокими бюрога бино ажратиш бўйича фармойиш берди. Бугун бюронинг биноси ишга тайёр бўлади. 1 июлдан иш бошланади, буйруқ бор", деди вилоят ҳокимлининг исмини айтмаган мулозими.

Қарзини яширган 1 йилгача қамалиши мумкин

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, 28 июнь куни Тошкентдаги халқаро пресс-клубдаги йиғилишда қатнашган Мажбурий ижро бюроси директор Ботир Қудратхўжаев сўнгги икки йил ичида газ ва электр тармоқларига ноқонуний равишда уланиш ҳоллари 48 фоизга ортганини айтган.

Бу ҳолатлар бўйича чиқарилган суд ёки бошқа ташкилотлар қарорларининг фақат 45 фоизи ижро этилган.

1 июлдан бошлаб, тармоқларга ноқонуний уланган жисмоний шахслар ва уларга ёрдамлашган давлат идоралари ишчилари энг кам иш ҳақининг 25 бараваридан 75 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш билан жазоланадиган бўлди.

Инспекторлар яширган 50 млд. сўмлик қарз

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Солиқ, валюта жиноятлари ва жиноий даромадларни қонунийлаштиришга қарши кураш департаменти бошлиғи ўринбосари Вячеслав Пакнинг маълум қилишича, сўнгги 15 кун ичида алоҳида жисмоний шахслар зиммасидаги 50 миллиард сўмлик қарз ўчириб ташлангани аниқланган.

Халқаро пресс-клубдаги чиқишида расмий бу қонунбузарликнинг "Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" ташкилотлари инспекторларига қарашли электрон жиҳозлар ва ҳужжатларни бюро балансига ўтказиш пайтида аниқланганини айтди.

Расмий маълумотга кўра, 2016 йил ва 2017 йилнинг биринчи ярмида "Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" идораларининг 665 ходими тўловларни ундиришдаги қонунбузарлиги учун жазоланган.

Одатан, алоҳида шахслар зиммасидан ўчирилган қарз, ой охирида, аҳоли зиммасига бўлиб ташланиб, мажбуран ундирилиши ҳақида Озодликка ҳам шикоятлар келган. Бундай ҳолатларни тан олган прокуратура мулозими Бюронинг ишида бунга йўл қўйилмаслиги учун ҳамма чоралар кўрилишини ваъда қилди.​

Ўзбекистонда жами 8 миллион истеъмолчи бор

Бош прокуратура мулозими Бекзод Мавлонов берган маълумотга кўра, ҳозир мамлакатда мавжуд 6 миллиондан ортиқ электр энергия истеъмолчисининг 4 ярим миллионида электрон ҳисоблагичлар бор. Қолган бир ярим миллионида эса индукцион (эски) ҳисоблагичлар сақланиб қолмоқда.

Газ таъминотида мавжуд жами 3 миллион истеъмолчининг катта қисмида ҳисоблагичлар умуман йўқлиги айтилди.

Бундай ҳолда истеъмол қилинган электр ва газ миқдорини яшириш мумкинлиги боис, ҳозир автоматлаштирилган тизимга ўтишга ҳозирлик кўрилаётгани ҳам айтилди. Расмий хабарга кўра, бу тузилма масофадан туриб бошқарилади ва ҳар бир ноқонуний аралашув масъул идоралардаги онлайн тизимда кўринади.

XS
SM
MD
LG