Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:07

Ўш воқеалари “уюштирувчиси” сифатида айбланган Кароматхон Абдуллаева қамоққа олинди


Ўш, 2010 йилнинг июнь ойи.
Ўш, 2010 йилнинг июнь ойи.

Ўш воқеалари бўйича сиртдан судланган ва қидирувга берилган Кароматхон Абдуллаева қўлга олинди ва тергов ҳибсхонасига киритилди. Ўш милицияси 13 йилдан буён қидирувда бўлган Абдуллаеванинг Ўзбекистон чегарасидан Қирғизистонга ўтаётганида қўлга олингани ва уни қўлга олиш учун катта куч талаб этилганини ҳабар қилди. Абдуллаеванинг адвокати эса, у ўз ихтиёри билан Ўшга қайтганини айтмоқа.

Милиция маълумотларига кўра, Кароматхон Абдуллаева 22 апрель куни Ўзбекистондан Қирғизистон ҳудудига кириб келаётганида қўлга олинган. У 2010 йилдаги Ўш воқеалари ташкилотчиларидан бири сифатида Қирғизистон ҳукумати томонидан қидирувга берилган эди. Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг айтишича, Абдуллаева ҳозир Жалолободдаги тергов изоляторида сақланмоқда.

Замир Сидиқов.
Замир Сидиқов.

"Ҳибсга олиш жараёни катта куч талаб қилди. Қолган маълумотлар тергов манфаатлари учун ошкор этилмайди. 24 апрель куни у Жалолобод вилоятидаги аёллар ва болалар ҳибсхонасига жўнатилди", - деди Сидиқов.

73 ёшли Кароматхон Абдуллаева 2010 йил июнь воқеаларигача Ўшдаги ўзбек миллий-маданий марказининг масъул котиби бўлган. У июнь воқеаларини уюштирганлардан бири сифатида айбланган ва 2014 йилда суд ҳукми билан сиртдан 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шу вақтгача унинг хорижда экани айтилган бўлса-да, қайси давлатда эканлиги маълум эмас эди. У ўзига қўйилган айбловларни рад этганди.

Абдуллаеванинг адвокати Назгул Суюнбоева Ўш шаҳар милициясининг айбланувчини қўлга олиш учун “катта куч ва ҳаракат” қилингани тўғрисидаги билдирувини инкор қилди. У Озодлик мухбирига берган маълумотида, Кароматхон Абдуллаева Қирғизистонга ўз хоҳиши билан келганини айтди:

"Унинг турмуш ўртоғи касал бўлиб, операцияга муҳтож эди. Шунинг учун у ўз ихтиёри билан келди. Ҳеч қандай махсус операция бўлмаган. Унга нисбатан суд ҳукми бўлган, шундан келиб чиқиб, Чегара хизмати уни ҳибсга олган. Энди биз Олий судга мурожаат қиламиз. Яқин кунларда апелляция берамиз”, - деди адвокат.

Озодлик Кароматхон Абдуллаеванинг яқинлари билан суҳбатлашди. Ўз исмини очиқлашимизни ва овозини ёзиб олишимизни истамаган Абдуллаеванинг қариндошларидан бири унинг келишидан оила аъзолари ҳам бехабар бўлганини айтди.

Унга кўра, ўтган вақт орасида Кароматхон Абдуллаеванинг ота-онаси вафот этган. Қидирувда бўлгани сабабли уларнинг дафн маросимида ҳам иштирок этолмаган Абдуллаева, турмуш ўртоғи бетоблигини, операция қилиниши кераклигини эшитиб, ҳеч кимга айтмай Ўшга қайтган.

Ўш воқеаси бўйича шаҳар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 3335 та жиноят иши қўзғатилиб, улардан 2608 таси судга юборилган. Абдуллаева Жиноят кодексининг 233-моддаси (“Оммавий тартибсизликлар, қуролли қаршилик кўрсатиш”), 259-моддаси (“Фуқаролар ҳуқуқларини суиистеъмол қилувчи бирлашмаларни ташкил этишга раҳбарлик қилиш”), 299-моддаси (“Миллатлараро адоватни қўзғаш”) асосида айбланган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг июнь воқеаларининг асосий ташкилотчиларидан бири деган маълумот тарқатди.

Кароматхон Абдуллаевани яқиндан таниганлардан бири - ўшлик жамоат арбоби, қирғиз парламентининг собиқ депутати Бўривой Жўраев Абдуллаеванинг қўлга олиниши юзасидан шундай дейди:

"Ҳукуматга қарши иш қилган бўлса, қамоққа олиш керак. Лекин у бундай иш қилмаган. Доим ҳукумат буйруқларини бажариб юрган одамлар бор. Улар ҳам қочиб кетган, бегуноҳ қидирувда бўлган. Абдуллаеванинг ҳам айби йўқ”.

Расмий маълумотларга кўра, июнь воқеалари бўйича юздан ортиқ одам қидирувга берилган. Бундан ташқари, 37 киши этник можарони уюштирганликда гумонланиб, Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган.

Улар орасида, Қирғизистондаги ўзбек миллий-маданий маркази лидерлари Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдирасулов, Каромат Абдуллаева, Жалолиддин Салоҳиддиновлар ҳам бор. Қодиржон Ботиров ҳамда Иномжон Абдурасулов сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Каромат Абдуллаева эса 16 йилга ҳукм қилинган. Бу одамларнинг барчаси 2010 йил июнь воқеаларини уюштирганликда айбдор деб топилган.
Исми тилга олинганлардан бири Қодиржон Ботиров 2018 йилнинг декабрида Украинанинг Одесса шаҳрида вафот этган. У Тошкентда дафн этилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилда Ўшдаги қонли воқеаларда 446 киши ҳалок бўлган, икки минга яқин одам турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Ўша воқеалар чоғида бедарак йўқолган 57 одамнинг ўн бешдан ортиғи ҳозиргача топилмаган.

Жўлдўшбек Бўтўнўев.
Жўлдўшбек Бўтўнўев.

“Ўша воқеаларни уюштирганлар чегарадан ё самолётда, ё машинада, ёки пиёда чиқиб кетган. Нега уларни ўша даврдаги ҳукумат қочириб юборди, ҳозирги ҳукумат эса уларни биз қамоққа олдик, деяпти. Жамоатчиликда “Кароматхон Абдуллаевани бир-икки кун олдин қўлга олиб, ҳозирги ҳукуматни танқид қилаётган аввалги ҳукумат вакилларига қарши кўрсатма олиш учун энди ошкор қилишаяпти”, деган гаплар юрибди. Агарда амалдаги ҳукумат айбдорларни топмоқчи бўлса, албатта топади. Бу амалдаги ҳукуматнинг истаги”, - дея фикр билдирди тарихчи Жўлдўшбек Бўтўнўев.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2021 йилда Ўш воқеалари бўйича 2010 йилдаги Муваққат ҳукумат аъзоларига нисбатан қўзғатилган жиноий иш қайта тергов қилинишини билдирган. Маълум қилинишича, жиноий иш тартибсизлик ташкилотчиларидан бири сифатида кўрилган марҳум Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан чиқиб кетиши билан боғлиқ. Бундан аввал президент Садир Жапаров махсус хизматга июнь воқеалари бўйича материалларни қайта тергов қилишни топширган.

Жиноий иш доирасида 20 га яқин сиёсатчи сўроқ қилинган. Улар орасида 2010 йилда мамлакатни бошқарган Муваққат ҳукумат аъзолари ҳам бор.

Бу иш бўйича президент Садир Жапаров ва махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

Ўш воқеалари учта коммиссия - олимлар, экспертлар, турли миллат вакилларидан иборат Миллий комиссия, парламент комиссияси ва Киммо Килюнен раислигидаги Халқаро комиссия томонидан мустақил тергов қилинди.

Миллий комиссия ва парламент комиссияси Ўш воқеаларида “сепаратчи ўзбек лидерлари” айбдор деган хулосага келган. Финляндиялик сиёсатчи Киммо Кильюнен раислигидаги Халқаро комиссия эса “Ўш воқеаларининг келиб чиқишига эномиллатчиликка асосланган ҳукумат сиёсати туртки бўлди”, деган хулосани билдирган.

Қирғизистон ҳукумати Халқаро комиссия хулосасини бирёқлама дея танқид қилди ва парламент Киммо Кильюненни “Қирғизистонда исталмаган шахс” сифатида эълон қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG