Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:14

Самарқанднинг Челагида 3- синф ўқувчисини ўқитувчиси калтаклади (ВИДЕО+ФОТО)


Ўқувчи боланинг қўлида қолган линейка излари
Ўқувчи боланинг қўлида қолган линейка излари

Челак шаҳридаги (Самарқанд вилояти) 79- ўрта мактаб, 3- синф ўқувчиси 18 сентябрь куни синф раҳбари томонидан калтаклангани юзасидан участка нозири ҳамда Пайариқ туман халқ таълими бўлими текширув бошлади.

Мактаб маъмурияти 9 яшар ўқувчига қўл кўтарилганини ўқитувчи аёлнинг оилавий муаммоларидан асаби қақшагани билан изоҳлади.

Челаклик Диёржон Бадалбоев 3- синфда ўқийдиган ўғли Масъудни синф раҳбари С. Ҳ. калтаклаганини айтаркан, бундай деди:

- 18 сентябрь куни эгизак болаларим Масъуд ва Мақсуд мактабга кетганди. Иккинчи соат она тилидан дарсда ўқитувчи С. Ҳ.​ диктант ёздирган. Дафтарига санани қўймагани учун тахта линейка билан 36 боланинг орасида шунақанги калтаклаганки... Шу оддий хато қилгани учун бошларига, асосан ўнг елкасига урган. Елкаси қўкариб, қорайиб кетган. Чап елкасига ҳам урган. 50-60 марта урган!

Отанинг иддао қилишича, у ўғлини "жуда оғир аҳволда, деярли беҳуш ҳолатда уйида кўриб қолиб, қўрқиб кетган" ва уни шифохонага олиб борган.

Диёржон ўғлини урган ўқитувчи аёл билан учрашиб суҳбатлашгани ва у болага оилавий келишмовчиликлар туфайли қўл кўтарганини айтган:

- Нима учун урдингиз? десам “Уйда хўжайиним билан урушиб қолган эдим, асабим бузилганди” дейди. Бу педагог оиласидаги ишни мактабдаги билан аралаштирмаслиги керакку,! Хато қилса – баҳосини 2 қўйсин!

Эргашев Маъсуд психолог назоратида қолмоқда
Эргашев Маъсуд психолог назоратида қолмоқда

Диёржон Бадалбоевнинг айтишича, ҳозирда ўғли билан психолог шуғулланмоқда, махсус дори-дармон қабул қилмоқда.

- Боланинг асаблари ҳам бузилган. Психологга, невропатологга, травматологга кўрсатдим, анча дори ёзиб беришди. Уйда даволанаяпти. Мен директор билан ҳам учрашиб, кимда айб бўлса, жавоб берсин дедим.

Диёржон Бадалбоев айтишича, у воқеа юзасидан участка нозирига арз қилган.

Ғиёс исмли участка нозири Озодлик мухбирига бундай деди:

- Бола экспертизадан ўтган. Ўқитувчиси билан жанжал бўлган. Экспертиза хулосасини олсак, бирор тўхтамга келамиз. Ўқитувчидан, боладан ва отасидан тушунтириш хатлари олинди, текширув боряпти. Отаси мактаб маъмурияти билан ярашмайман деди.

Боланинг отаси Диёржон Бадалбоев мактаб маъмурияти ундан аризани қайтариб олишни сўраб мурожаат қилгани, "кўплаб одамларга жабр бўлишини" тушунтиришга урингани, бироқ у болани урган ўқитувчи жазоланишини талаб қилаётганини билдирди.

Самарқанднинг Челагида 3- синф ўқувчисини ўқитувчиси калтаклади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:38 0:00

Масъуд ўқийдиган мактабга можаро ортидан туман Халқ таълими бўлимидан текширувчилар келиб кетгани маълум бўлди.

Мактаб.директори Асад Жўраев 3- синф ўқувчисининг калтакланиши юзасидан ички текширув ҳам бораётганини билдирди:

- Бугун туман Халқ таълими бўлимидан бир ишчи гуруҳ келиб, ҳолатни текшириб кетди. Эрталабки 8:30 ларда келган эди – ҳозир 2:15 да ўрганиб, чиқиб кетишди. Ўқитувчиларни йиғиб, қайта суҳбатлашдик. Эртага мен ўзим бу масала бўйича касаба уюшмаси билан қўшма йиғилиш ўтказаман. Ўқитувчига бояги ҳолат бўйича “ҳайфсан” эълон қиламиз. Ўзи жуда тажрибали ўқитувчи, оилада асаби бузилган ва бу ерда қўполлашиб уриб қўйибди. Жуда афсусда ўқитувчи!

Мактаб раҳбари шахсан ўзи ўқитувчи билан бирга бориб, боладан ва ота-онасидан кечирим сўраганини маълум қилди.

Асад Жўраевнинг айтишича, у йил бошидан буён 5 марта ўқитувчилар билан йиғилиш ўтказган, “ўқувчиларни калтакламаслик” ва “улардан ортиқча пул йиғмаслик”ни талаб қилган.

Мактабларда зўравонлик хроникаси

  • Озодлик ўрта ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ўқитувчилари томонидан калтакланиши ва таҳқирланиши фактлари тўғрисида бир неча бор хабар қилган.
  • Ўтган ой Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 141-мактабнинг 9-синфида ўқитувчи ўз ўқувчиларини ураётгани акс этган видеони Озодлик эълон қилганидан сўнг ўқитувчи ишдан ҳайдалди.
  • Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида яшовчи Гулчеҳра Убайдуллаева 13 яшар набирасини мактабда ўқитувчи аёллардан бири хўрлаганини даъво қилган эди.
  • 4 апрель куни эса Хоразм вилоят, Хазорасп туман, Питнак шаҳридаги 3- ўрта мактабнинг 6- синф ўқувчиси Достон Султонов ўқитувчиси калтаклаб, тан жароҳати етказгани ҳақда Озодликка шикоят қилган эди. Зўравон ўқитувчи бир ҳафта ўтиб ишдан олинди.
  • Хоразм вилояти Боғот туманидаги спорт мактаб интернати спорт мураббийси эса март ойида ўқувчини уриб комага туширгани ортидан жазога тотилганди.
  • Спорт мураббийси қасддан ҳаёт учун хавфли бўлган шикаст етказишда айбдор деб топилди ва уч йилга қамалди.
  • Жорий 2019 йилнинг апрелида Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳа амалга татбиқ қилиш бошланганини билдирган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG