Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:01

"Ҳар бир оила тадбиркор" - Президент андижонликларга 1 триллион сўмлик суперкредит ажратди


Шавкат Мирзиëев АҚШ сафаридан қайтишининг эртасига - 19-20 май кунлари Андижонга сафар қилди.
Шавкат Мирзиëев АҚШ сафаридан қайтишининг эртасига - 19-20 май кунлари Андижонга сафар қилди.

Шавкат Мирзиëев Андижонга қилган сўнгги сафаридан Тошкентга қайтиши билан¸ бу вилоятда тижорат банклари ходимлари уйма-уй юриб¸ тадбиркорлик билан шуғулланиш учун жисмоний шахсларга 17 миллион сўмгача, юридик шахсларга 172 миллион сўмгача кредит таклиф қилмоқда.

"Президент ҳисобидан"​ эканлиги айтилаётган 3 фоизлик бу кредитлар 3 ойлик имтиëзли давр билан 3 йилга таклиф қилинмоқда.​

Марказий банк олиб бораётган сиёсатдан келиб чиқилса, бугунги кунда банклардан олинадиган кредит учун устама фоизнинг камида 17 фоиз экани англашилади.

Мана шундай шароитда 3 фоизлик кредит бериш имконияти қандай пайдо бўлди? "Президент ҳисоби"- нима дегани?

Банкирлар яна уйма-уй юриб¸ пул таклиф қилмоқда

“Кеча-бугун уйма-уй юриб¸ одамларни кредит олишга чақираяпмиз. Кеча вилоят ҳокими мажлис ўтказиб¸ президентнинг ўз ҳисобидан (таъкид Озодликники) андижонликларга 1 триллион сўм ажратганини айтди. Биз одамларни тадбиркор бўлишга ундаяпмиз. Керакмас деганлар ҳам бўлаяптику¸ лекин қизиқаëтганлари кўп. Бу сафарги кредитга¸ ҳатто гаров ҳам сўралмаяпти – бунақаси олдин бўлмаган. Авваллари фақат ишончли мижозларга гаровсиз кредит бериш мумкин эди”,- деди Асака банкнинг Андижон бўлими ходимларидан бири.

Президент ҳисоби - кимнинг ҳисоби?

Бу банк ходими¸ қолаверса¸ вилоят Молия бошқармаси мулозимлари¸ “президент ҳисобидан” бериладиган 1 триллион сўмнинг аниқ манбасидан бехабарликларини айтдилар.

“Узумини егину¸ боғини суриштирма¸ дейишганку! Бизга пул Тошкентдан берилади¸ унинг банклар резервига алоқаси йўқ¸ дейишди. Президент яқинда Америкадан келдику¸ балки қанақадир кредит олган бўлса¸ шуни аҳолига бераëтгандир. Очиғи¸ пул қаердан келишини билмаймиз”,- деди Андижон тижорат банклари ва вилоят молия бошқармасининг Озодлик гаплашган мулозимлари.

Президент ҳисоби - кимнинг ҳисоби? деган савол жавобини Молия вазирлиги расмийларидан ҳам топишнинг имкони бўлмади – 23 май куни Озодлик гаплашган вазирлик расмийлари ҳам¸ президент “ҳисобидан” ваъда қилинган пулларнинг қайси манбадан олинишидан хабарлари йўқлигини билдирди.

Вазирлик расмийлари¸ айни пайтда¸ 1 триллион сўмнинг давлат бюджетидан олинмаслигига ишонишларини қўшимча қилдилар.

ТАРТИБ- кимга ва нимага?

23 май куни Озодликка етиб келган бир саҳифалик йўриқнома “Президентимизнинг 2018 йил 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифлари давомида “Ҳар бир оила - тадбиркор” шиори остида кредитлаш ТАРТИБИ деб номланган.

ТАРТИБ
ТАРТИБ

Бу тартибнинг ким томонидан¸ қачон чиқарилгани бир саҳифалик матнда кўрсатилмаган. Озодлик суҳбатлашган Андижон молия тизими мулозимлари¸ бу матннинг банклар учун ички фойдаланишга берилган йўриқноманинг бир қисми эканини билдирдилар.

Унда ëзилишича¸ 20 йўналишда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган исталган андижонликка уч йилга энг кам иш ҳақининг 100 баравари – 17 миллион сўмгача¸ юридик шахсларга эса¸ 1000 баравари – 172 миллион сўмгача уч ойлик имтиëзли давр билан 3 йилга берилади.

Чорвачилик¸ қуëнчилик¸ паррандачилик¸балиқчилик¸ асаларичилик¸ иссиқхона¸ боғ ва токзорлар қилишдан¸ сартарош¸ косметолог¸ косиб¸ соатсоз бўламан дегангача президент кредитини олишга имтиëзли қилиб белгиланган.

Андижондаги банк ва молия тизими мулозимлари¸ бу кредитнинг аввалгиларидан фарқи¸ иш ўринлари баробарида¸ аҳоли учун қўшимча даромад манбаини яратиш эканини таъкидладилар.

Марказий банк кредити 14 фоиздан¸ Президентники 3 фоиздан?

Ўзбекистон “Марказий банки Бошқаруви 2018 йил 28 апрелдаги йиғилишда кайта молиялаш ставкасини, иқтисодиётдаги мавжуд ва кутилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, йиллик 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилган эди.

Тижорат банклари жисмоний ва юридик шахсларга кредит ажратганда қўядиган маржа қўшилганда¸ бугунги кунда банклардан олинадиган кредит учун устама фоизнинг камида 17 фоиз экани англашилади.

Шундай вазиятда Президент қайси ҳисобдан¸ Марказий банк ставкасини инобатга олмаган ҳолда¸ андижонликларга кредит бермоқда?

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон банк тизими мулозимларидан бири¸ “Президент ҳисобидан” дейилганда Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси назарда тутилаëтган бўлишини тахмин қилди.

“Ўтган йил августида Президент тадбиркорларга кредит бериш учун шунақа жамғарма тузганди. Унга давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилганди. Қолгани¸ хориждан олинадиган кредитлар ва ҳоказо дейилган. Умид қиламанки¸ Президент бу 1 триллионни бюджетдан олиб беришни буюрмайди. Балки¸ Вашингтонда Валюта жамғармаси¸ Жаҳон банки билан учрашувда қанақадир имтиëзли кредит ваъда қилишган бўлса¸ шунга ишониб бошлангандир бу иш”¸ -деди банк тизими мулозими.

Нега Андижон?

Озодлик президент Мирзиëев ҳозиргача мисли кўрилмаган имтиëзли кредитни нега айнан Андижон вилояти аҳолисига тақдим қилганига ҳам 23 май куни ойдинлик кирита олмади.

Давлат статистика қўмитаси жорий йил январида эълон қилган рақамларга кўра¸ Андижон вилояти аҳолиси сони 3 миллион 11,6 минг кишини ташкил этади ва бу Ўзбекистон аҳолисининг 9,2 фоизига тенг. Андижон аҳоли сони кўплиги бўйича мамлакатда Самарқанд¸ Фарғона ва Қашқадарëдан кейин¸ тўртинчи ўринда туради. Ўзбекистондаги ҳақиқий ишсизлик даражасига оид аниқ рақамлар йўқлиги боис¸ Андижондаги ишсизлик кўлами ҳам маълум эмас.

19-20 май кунлари Андижон вилоятига сафар қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев “вилоятда жорий йилда 25 мингта иш ўрни яратиш назарда тутилгани бизни мутлақо қониқтирмайди. Чунки ишсизлар сони бундан юқори”¸ деган ва вилоят раҳбарларига бир йил ичида 50 мингта иш ўрни яратишни топширган.

Президентнинг Улуғнор туманида вилоят фаоллари билан учрашувида Андижон аҳолисига “даромад манбаи яратиб беришга қаратилган” янги концепцияси тақдим этилди.

Маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ мазкур учрашувда президент жумладан шундай деган:

“Андижонда аҳоли зич жойлашган. Бир-иккита завод бир фоиз аҳолиниям иш билан таъминлай олмайди. Бу ерда одамларни фақат тадбиркорлик, ҳунармандлик орқали боқиш мумкин. Хонадонларга маблағ киритсак, зарур ускуналар бериб, ақл билан ишлашни ўргатсак, одамлар ўзини ўзи боқади. Уйига буюм олади, боласига китоб олиб беради, солиққа, электрга пул тўлайди, бюджетга маблағ тушади. Бир йилдан кейин сарфлаган пулимиз икки баробар бўлиб қайтади. Иқтисодий механизм мана шундай бўлиши керак.”

“Давлатимиз раҳбари ташрифи арафасида махсус Ишчи гуруҳ томонидан мавжуд имкониятларни кенг сафарбар қилиш ҳисобига 51 мингдан зиёд иш ўрни яратиш бўйича режа ишлаб чиқилгани қайд этилди¸” деб ëзди бу учрашув ҳақида хабар берган президент матбуот хизмати.

Президент "кредити" кўп ўтмай тугаб қолган эди

Президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 17 март куни аҳолига микрокредит ажратишни соддалаштиришга қаратилган қарор чиқарган эди.

“Аҳоли бандлигини ошириш”ни мақсад қилган бу қарорда “тижорат банклари кредити ҳисобидан сотиб олинадиган қорамол, қўй-эчки, қуён, парранда, балиқ, асалари уяси, мевали дарахт ва ток кўчатлари, уруғ, минерал ўғит, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, маиший техника, ускуналар, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни ҳеч қандай чекловларсиз нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан етказиб беришни ташкил этиш” буюрилган эди.

Бу қарор чиққан кундан тижорат банклари Мирзиëевнинг микрокредит ваъдасини бажариш¸ яъни аҳолига 2-3 йил муддатга устамаси 9 фоиздан ошмаган кредит беришни бошлаб юборган¸ аммо икки ой ўтиб-ўтмай¸ аксар тижорат банклари қарз сўровчиларни “ресурс тугаб қолгани” иддаоси билан қуруқ қўл билан қайтаришга мажбур бўлган эди.

Мирзиëевнинг ўзбекистонликларни ëппасига тадбиркор қилиш учун кредит ажратиш сиëсатини "популистик ҳаракат" сифатида баҳолаган ўзбекистонлик банкирлар¸ бу сиëсат Ўзбекистон банк тизими¸ хусусан¸ тижорат банкларини оғир аҳволга солиб қўйганини билдирган эди.

Озодлик билан суҳбатда банк тизими мутасаддилари¸ мазкур қарор асосида берилган имтиëзли кредитларни "қумга сингган сувдек" изсиз кетгани¸ на реал иш ўрни ва на банкларга даромад келтирмаганини айтган ва уларни қайтариш бўйича тижорат банкларининг жиддий муаммолар гирдобида қолганини айтган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG