Тарих қатига кўмилаётган фожиа - Андижон воқеалари хроникаси

Эслатма: бу мақола Андижон воқеаларига 9 йил тўлган санада тайёрланган.

2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, мустақил манбалар ҳисобича мингга яқин одам ўлдирилган.

Бобур майдонидаги қонли фожиадан кейин халқаро жамоатчилик мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ расмий Тошкент рад этган.

Шу таҳлит, юзлаб одам қирғинбарот қилинган 13 май фожиаси йиллар оша сиру синоатларга кўмилганича қолмоқда.


Озодликка келган илк хабарлар хроникаси: 12-13 май

Андижон қатлиоми қурбонлари Ўзбекистонда расман ёдга олинмайди. Аммо, бу воқеадан сўнг дунёнинг турли нуқталарига сочилиб кетган қочинлар жамоаси қонли воқеаларни хотирлайди.

Сўнгги бир неча йилдан буён бу хотира маросимларида тилга олинаётган асосий талаб - юзлаб одамнинг ёстиғини қуритган бу қирғинга масъулларни жазога тортиш талабидир. Аммо, бу талаб йиллардан буён бажарилмай келаётир.

Хусусан, 13 май воқеаларнинг 9 йиллиги арафасида Туркиянинг Истанбул шаҳрида йиғилган 300дан зиёд фаоли ҳам айни талабни яна бир бор такрорлар экан, халқаро жамоатчиликни бу фожиани унутмасликка чақирди.

Қуйида орадан 9 йил ўтиб ҳануз сирлигича қолаётган Андижон воқеаларига оид Озодликка маълум хабарлар хроникасини тинглашингиз мумкин:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Андижон воқеалари хроникаси


Бобур майдонида кузатилган воқеалар хроникаси: 13- 14 май

Қуйида Андижон фожиасини Бобур майдонидан туриб ёритган Озодлик мухбири Садриддин Ашур кузатган воқеалар хроникасини ўқишингиз мумкин:

* * *
Андижон. 12 майдан 13 майга ўтар кечаси. Бир қанча жиноий моддалар бўйича ҳамда акрамийлик диний гуруҳига аъзоликда айбланиб, судланаётган 23 кишининг қирқтача яқини Андижондаги патруль-пост батальонига ҳужум қилиб, у ерда сақланаётган қуролларни қўлга киритди. Сўнгра улар шаҳардаги ҳарбий қисмга ҳужум уюштирди. Қамоқхонага ҳам ҳужум қилиниб, у ердан судланаётган 23 киши ва бошқа маҳбуслар озодликка чиқариб юборилди. Ўша куни ярим тунда вилоят ҳокимлиги биноси эгалланиб, шаҳар прокурори, солиқ инспекцияси бошлиғи ва бир қанча ҳарбийлар исёнчилар томонидан гаровга олинди. Расмийлар берган маълумотга кўра, ўша тунда 9 ҳарбий ҳалок бўлди.

Андижон. 13 май. Эрта тонгдан бошлаб вилоят ҳокимлиги биноси олдига андижонликлар йиғила бошлади. Майдон эса ҳукумат қўшинлари томонидан ўраб олинди. “Озодлик” мухбири ўша куни соат 11 да исёнчилар вакилларидан бири Шариф Шокиров билан телефон орқали гаплашди:

“Биз 23 нафар яқинларимизни озод қилиб юбордик. Мақсадимиз шу эди. Бизга халқ қўшилиб кетди. Ҳозир атрофда 20-30 минг аҳоли бор. Улар борган сари кўпайиб боряпти. Улар ноҳақликдан тўйганини ва бизга ҳамдардлигини билдиряпти. Эрталаб ҳарбийлар тинч халққа қараб ўқ отганди. 5-10 та қурбон бор. Ўликлар орасида 7-8 яшарлик болалар бор. Ўқ отган аскарларни аҳоли ушлаб бизга олиб келиб берди. Халқ уларни ўлдираман деди. Чунки улар ёш гўдакларни отиб ташлади. Ҳозир улар бизда гаровда турибди. Боғлаб қўйганмиз”.

Андижон. 13 май. Соат 15. Майдонда, норасмий маълумотларга кўра, 10 мингга яқин одам йиғилди. Одамлар ҳукумат ва Президент истеъфосини талаб қила бошлади. Кечқурун соат 18 лар атрофида отишма бошланди. Одамлар уч томонга бўлиниб қочди. Президент Ислом Каримов кейинчалик ўтказилган матбуот анжуманида одамларга қарата ўт очишга буйруқ бермаганини айтди. Исёнчилар эса ҳарбийлар БТРлардан ва автоматлардан ҳаммани бир чеккадан ўққа тутганини билдирди.

Андижон. 14 май. Эрта тонг соат 5. “Озодлик” мухбири фожеа содир бўлган жой, вилоят ҳокимлиги биносига кириб борди. Атрофда мурдалар. БТР ва қуролланган ҳарбийлар майдонни ҳар томондан қўриқларди. Оғир сукунат. Соат олтига бориб яна отишма бошланди. Ҳокимлик биноси томида қолган бир неча исёнчи ва аскарлар ўртасида отишма бир ярим соат давом этди.

Андижон. 14 май. Соат 9. Шаҳарнинг ҳар четидан майдон томон дод-вой солиб келаётган аҳолининг овозлари эшитила бошлади. Аскарлар машина ва БТРларга миниб, аста-секин майдондан чиқиб кетди. Соат 11 га яқин майдонда 3 минг атрофида одам йиғилди. Улар майдондаги Бобур ҳайкали олдига кечаги отишмаларда ҳалок бўлган йигитларни, аёлларни ва болаларни олиб кела бошлади. “Озодлик” мухбири улар билан гаплашди:

“Аёл киши террорчи бўладими? Ана у аёлнинг ўлигини кўрсатинг. Ҳов ёш боланинг ўлигини ҳам кўрсатинг. Бу ўликларни ўз қўлим билан олиб чиқдим. Одамлардан бир дона ҳам қурол чиққани йўқ. Буларнинг ҳаммаси туҳмат. Халқни бекордан бекорга отиб юборяпти. Гўдак болаларни ўлдириб юборган кеча. Кечқурун аёл ва болаларнинг мурдасини йиғиштириб кетишибди. Чунки уларни террорчи, дея олмайди-да. Йўлда фақат эркакларнинг ўликлари қолган. Халқни қийнашнинг охири борми ўзи? Ўз халқини ўлдирадиган одам Пиночет ва фашистлардан ҳам баттар. Қуролсиз аёл ва болаларга биров ўқ отганми? Биз қуролсиз ҳаққимизни талаб қилиб чиқдик. Ўзбекистон телевидениесини улаб қўйсин. Бу ердаги фожеаларни Ўзбекистон халқи кўрмаяпти”.

Тошкент. 14 май. Соат 11. Мамлакат Президенти Ислом Каримов матбуот анжумани ўтказди. Президент бу фожеаларда акрамия диний гуруҳини айблаб, уни “Ҳизб ут-таҳрир”нинг бир тармоғи деб атади:

“Асл ният (акрамийларнинг) - шундай вазиятлардан фойдаланиб, Андижон воҳасида конституциявий, халқ сайлаган ҳокимиятни ағдариб, афсонавий халифаликнинг бир шахобчасини ўрнатиш, қисқача айтганда, ўз ҳукмронлигига эришиш”.

Андижон. 14 май. Норозилик митинги кечга қадар давом этди. Жасадларнинг бир қисми майдонда кўмилди. Қоронғи тушиши билан майдонни яна ҳарбийлар эгаллади.

Андижон. 14 май. Эрталаб Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида исён бошланди. Бир неча минг киши ҳокимлик, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси биноларини эгаллади. Милиция ва чегарачилар шаҳарни тарк этди. Шаҳарнинг Ўзбекистон ва Қирғизистонга томонларини боғлаб турувчи, бир неча йил аввал Ўзбекистон томонидан бузиб ташлаган кўприк тикланди. 19 май куни Қорасув яна Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан эгалланди.

Андижон. 15 май. Тонг. Вилоят ҳокимлиги биноси олдида ҳарбийлардан бошқа ҳеч ким қолмади. Ҳокимлик биносининг охирги икки қавати ёна бошлади. Андижоннинг эски шаҳар қисми ҳарбий аскарлар томонидан қаттиқ назорат қилинди.

Тошкент. 16 май. Соат 15. Андижон фожеалари қурбонларига ҳурмат бажо келтириш мақсадида Тошкентдаги “Матонат” монументи пойига гуллар қўйилди.

Тошкент. 17 май. Соат 11. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасини инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фуқаролардан бир гуруҳи пикет қилди. Улар АҚШни Ўзбекистонга нисбатан тазйиқ ўтказишга даъват этди.

Тошкент. 17 май. Соат 17. Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров брифинг ўтказди. Унда дипломатик корпус вакиллари ва журналистлар иштирок этди. Бош прокурор берган маълумотга кўра, Андижон фожеаларида 169 киши ҳалок бўлди. Шунинг 32 нафари ҳарбийлар. Ўлганлар орасида болалар ва аёллар ҳам бор. Мазкур воқеалар юзасидан Жиноят кодексининг терроризм, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, қотиллик каби моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент. 17 май. Соат 18. Кутилмаганда брифингга Президент Ислом Каримов кириб келди. У хорижий оммавий ахборот воситаларини Андижон воқеаларини холисона ёритмаётганликда айблади:

“Халқимга мурожаат қилмоқчиман. Қўлида қурол бўлмаса, ҳеч кимга хавф солмаса, ким уларни отиб ўлдиради? Ким ундай қилади? Агар биров шундай қилса, унинг ақли йўқ”.

Тошкент. 18 май. Соат 9. Ўзбекистондаги дипломатик корпус элчилари ва журналистлар Андижонга сафар қилди. Уларга икки соат давомида воқеалар жойи кўрсатилди. Дипломатлар ва журналистлар оддий халқ билан суҳбатлашиш имконияти бўлмаганини билдирди.

Тошкент. 20 май. Соат 14. Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонасини пикет қилди.Улар ташкилот элчиси Мирослав Енчанинг “Правда востока” газетасига берган интервьюсига норозилик билдирди. Элчи газетага Андижонда тинч намойишлар бўлмагани ҳақида айтмаганини тушунтиришга мажбур бўлди.

2005 ва 2010 йил май ойида Андижон


* * *

Расмий Тошкент баёнотлари хроникаси - 2005-2007 йиллар

2005 йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров Андижонда бўлиб ўтган воқеалар юзасидан брифинг ўтказди.

Унинг сўзларига қараганда, "мазкур воқеалар юзасидан Жиноят кодексининг бир неча моддалари, жумладан, қўпорувчилик, терроризм, тақиқланган ноқонуний гуруҳлар тузиш кабилар бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятчилар куч ишлатувчи идоралар объектларига ҳужум қилгандан сўнг 53 та автомат, 4 милтиқ, 2 мингта ўқ-дорини қўлга киритган. Қуролланган гуруҳ Андижондаги қамоқхонадан 526 маҳбусни озодликка чиқариб юборган.

Бугунги кунда уларнинг 309 нафари ўз ихтиёри билан қайтиш ҳақида ички ишлар идораларига мурожаат қилган. Андижондаги тўқнашувлар чоғида жами 169 киши ўлган. Уларнинг 32 нафари ҳарбийлардир. Шунингдек, бу ерда 3 аёл ва 2 бола ҳам қурбон бўлган. Қуролли гуруҳдан 128 та автомат ва 34 та тўппонча тортиб олинган."

Президент Каримов воқеалардан бироз ўтиб, Андижон майдонида йиғилган минглаб норози одамларга ўша заҳотиёқ “террорчи”, “диний экстремист” тамғасини ёпиштирди, бу воқеаларда “ёт кучларнинг қўли борлигини” яна ўша комил ишонч билан таъкидлади.

Улар, яъни жангарилар орасида қўшни давлатлардан келган иштирокчилар ҳам бор. Уларнинг исм-фамилиялари, шахси ҳақида яна қўшимча маълумот берамиз. Бу масала бугун ўрганиляпти. Айтмоқчиманки, четдан ёрдам бўлмаса, маблағ бўлмаса, улар ўз чиқишларини қила олмаган бўлар эди. Бундай дейишимизга бизда ҳамма асос бор. Конституцивий ҳукуматни ағдариб, мусулмонлар халифати, деган афсонавий давлатнинг бир шахобчасини ўрнатиш, ўз ҳукмронлигини ўрнатиш мақсадидир бу”, - деганди президент Андижон воқеаларидан сал ўтмай.

Қуйида Андижон фожиаси бўйича расмий Тошкент берган баёнотлар таҳлилига бағишланган махсус эшиттиришни тинглашингиз мумкин:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Андижон воқеаларига расмий Тошкент муносабати


Ғарб билан муносабатлар хроникаси - 2005-2009 йиллар

Андижон қирғинидан кейин Ғарб давлатлари учун Ўзбекистон билан қандай алоқа қилиш қалтис масалага айланди.

Европа Иттифоқи қирғинни қоралаб, 2005 йилнинг октябрида Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий этди. Бу санкциялар Ўзбекистон ҳукумати таркибидаги 11 амалдорга виза чеклови ҳамда Ўзбекистонга нисбатан қурол эмбаргосидан иборат бўлди.

2008 йилга бориб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича бирор шартни бажармаса-да виза чеклови, 2009 йилда эса қурол-яроғ эмбаргоси ҳам бекор қилинди.

Бу воқеага муносабат билдирган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонни “ҳамкорлик қилиш керак бўлган авторитар давлат сифатида ЕИ учун нозик синов" бўлиб қолаётганидан таассуф билдирдилар, ЕИ ва АҚШ раҳбариятини танқид қилдилар.

Аммо, НАТО кучлари Афғонистонни тарк этаркан, асосий таъминот йуналишларидан бири Ўзбекистондан ўтиши ҳамда бу давлатнинг Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи рол ўйнаши Ғарб билан муносабатларда тарози палласини босиб кетди ва ҳануз шундайлигича қолаётир.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ва Ғарб ҳукуматлари ўртасидаги муносабатлар силсиласи таҳлил қилинган махсус дастурни қуйида тинглашингиз мумкин:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

2009 - Ўзбекистон ва ЕИ