OzodDayjest: Ўтган йили имтиҳондан "йиқилган" 79 ёшли отахон яна талабаликка ҳужжат топширди

Маматқул Бердиалиев агроном бўлмоқчи.

Тошкентда 50 минг долларлик пора иши бўйича икки мансабдор ҳибсга олинди. Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи 51 ёшли фуқаро диний маросим ўтказиш қоидасини бузгани учун жазоланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

50 минг долларлик пора иши бўйича Тошкент шаҳри ҳокимлиги масъули ҳам ҳибсга олинди

Чилонзор тумани ҳокимлиги бўлим бошлиғи 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати бу борадаги дастлабки маълумотларни ошкор этди (www.xabar.uz, 30 июнь).

Маълум қилинишича, жорий йил 22 июнь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга Чилонзор туманидаги 1 гектар футбол майдони (бир сотихи 14 минг АҚШ долларидан баҳоланиб) жами 1 миллион 400 минг долларга сотиш режалаштирилаётгани, мазкур “савдо” бошида Тошкент шаҳри ҳокимлиги капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.А. (1968 й.т.) ва Чилонзор туман ҳокимлиги инвестиция ва туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи Х.Ш. (1985 й.т.) тургани ҳақида тезкор маълумот келиб тушади.

24 июнь куни ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ва пойтахт прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказган тадбирда Б.А. 50 минг долларни дастлабки тўлови сифатида олган вақтда далилий ашёлар билан ушланади.

Қўлга олинган шахс пулни Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи Х.Ш.га олиб бориб бериши лозимлигини айтганидан сўнг тезкор тадбир давом эттирилади.

“Ҳамкори” Б.А.дан 50 минг долларни пора тариқасида олган вақтда Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи ҳам қўлга олинади.

Айни пайтда ҳолат бўйича пора олиш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Фарғонада “ваколати бўлмагани ҳолда” шаръий никоҳ ўқиган фуқаро 5 суткага қамалди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи 51 ёшли фуқаро диний маросим ўтказиш қоидасини бузгани учун жазоланди (“Ҳуқуқ” газетаси, 2020 йил 25-сон).

Қўштепа тумани прокурорининг ўринбосари Садирали Мирзокаримовга кўра, ушбу иш 15-болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида муҳокама этилган.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузар оилавий келишмовчиликлар туфайли рафиқаси билан яшамай қўйган жиянининг қонуний никоҳини бекор қилишга урингани, бўлмаганидан сўнг уни бошқа қизга никоҳлаб қўйганини тан олган.

“Ҳеч қандай ваколатга эга бўлмагани ҳолда амалдаги қонун талабларини бузиб никоҳ ўқигани учун унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”, - дейилади хабарда.

17 ёшга кирган қизнинг шаръий никоҳини ўқиган бошқа бир шахсга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баробарига тенг жарима тайинланган.

“Қонунчилигимизда ФҲДЁда никоҳи қайд этилганидан кейин шаръий никоҳдан ўтиш мумкинлиги белгиланган. Ушбу талабга амал қилмасдан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан бериладиган ваколатга эга бўлмаган ҳолда шаръий никоҳ ўқиш маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради”,- деб эслатади туман прокурори ўринбосари С. Мирзокаримов.

Бултур имтиҳондан “йиқилган” 79 ёшли отахон бу йил яна талабаликка ҳужжат топширди

Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи Маматқул ота Бердиалиев 2020 йилда яна талаба бўлиш орзуси билан Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига ҳужжат топширди (www.uza.uz, 30 июнь).

2019 йилда мазкур таълим муассасасининг кундузги бўлимида тест синовларини топширган М.Бердиалиевнинг омади чопмаганди. Шу боис ўтган даврда фанлардан чуқур тайёрланган 79 ёшли отахон бу сафар агрономия мутахассислиги бўйича сиртқи таълим йўналишида ўқиш истагини билдирди.

“Ўттиз йил қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб, нафақага чиққанман. Ҳозир ўқиш учун яратилган шароитлардан руҳланиб, олий маълумотли мутахассис бўлишни кўнглимга тукканман. Шу мақсадда таълим даргоҳига онлайн ҳужжат топширдим. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафидан ўрин олсам, ўз ҳаётий тажрибамни ёшларга ўргатмоқчиман”, - дейди кекса абитуриент.