"Семириб" бораётган ҳокимият. Давлат органлари ходимлари 15 фоизгача қисқартирилади

Ислом Каримов даврида 13 та вазирлик бўлган бўлса, Мирзиёев бошқарувида вазирликлар сони 24 тага етган. Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти 3 апрелда қабул қилган қарорга биноан шу йилнинг 1 майидан бошлаб давлат органлари ходимларининг сони 15 фоизгача қисқартирилади.

Таҳлилчилар йилдан-йилга “семириб” бораётган бошқарув аппаратини қисқартириш зарурати аллақачон пишиб етилганини айтмоқда.

Ислом Каримов даврида 13 та вазирлик бўлган бўлса, Мирзиёев бошқарувида вазирликлар сони 24 тага етди, бундан ташқари вазирлик мақомидаги 10 та давлат қўмитаси мавжуд. Ҳар бир ҳокимнинг 7, 8 нафардан муовини бор.

Ўзбекистон президенти “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида”ги қарорни 3 апрелда қабул қилди.

- 5288

Қарорга биноан шу йилнинг 1 майидан давлат органлари ходимларининг сони 15 фоизгача, жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмаларида жами 5288 та штат қисқаради.

Бу маълумотлар Адлия вазирлигининг Телеграм-каналидан олинди. Қарорнинг тўлиқ матни ҳозирча очиқ манбаларда йўқ ва шунинг учун бошқарув аппаратини қисқартиришдан қандай мақсад кўзлангани маълум эмас.

“Давлат ўз олдига қандай мақсадларни қўймасин, қандай муаммоларни ечиш эҳтиёжи туғилмасин, гап охир-оқибат кадрларга ва яна бир бор кадрларга бориб тақалаверади”, - деди президент қарорини Озодлик сўровига биноан шарҳлаган ҳукумат мулозими.

Пуфакдай шишган аппарат

Исми сир қолиши шарти билан гапирган мулозимнинг фикрича, “кейинги йилларда бошқарув аппарати фавқулодда “шишиб” кетганини фақат кўзи ожиз одам кўрмаслиги мумкин”.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ҳақида камбағалликни қисқартириш, бола боғча, маҳалла каби вазирликлар тузмай туриб ўйлаш керак эди”, - деди мулозим.

Президент қарорига биноан вазирлик ва идораларнинг 40 нафар раҳбар ўринбосарлари лавозимлари ҳам қисқартирилади.

Қайси вазирлик, агентлик ёки инспекциядан қанча ўринбосар қисқариши қуйидаги жадвалда кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон ҳукуматида қисқарадиган лавозимлар жадвали. Адлия вазирлиги Телеграм-каналидан олинди.

Жадвалда қисқартириладиган лавозимлар конкрет кўрсатиб ўтилганини шарҳлаган ҳукумат мулозими бундай деди:

“Қарорда Республика вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ўринбосарларининг қисқартириладиган аниқ сони кўрсатилган жадвал эълон қилинганлигини қутлаш керак. Чунки қарорнинг номланишидаги мавҳумликдан “унумли” фойдаланиб, одатий равишда бошқарув органлари тизимидаги фаррош, қоровул, боғбон, жуда ноилож бўлса, айрим мутахассисларнинг штатлари қисқартирилар эди ва бунинг ижтимоий оқибатлари ҳақида ҳеч ким ўйлаб ҳам ўтирмас эди”.

Айни пайтда ҳукумат мулозимининг фикрича, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида қайси штатлар қисқартирилиши маълум эмаслиги, эски ҳолат такрорланиши хавфини оширади.

Мулозим айтаётган , маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари эса, 1990- йиллар бошида Ўзбекистон президентининг Кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ишлаган Шароф Убайдуллаевнинг фикрича, “пуфакдай шишиб кетган”.

1 ҳокимга 7 муовин

Шароф Убайдуллаев 6 апрель куни Озодлик билан мавзу юзасидан суҳбат чоғида давлат идоралари учун махсус чиқариладиган телефон дафтарчасининг энг сўнгги нашрини варақлаб, Сурхондарё вилояти ҳокимининг 7 ўринбосарини санаб берди.

Шароф Убайдуллаев айтган гапни исталган вилоят ҳокимлиги расмий сайтига кириб текшириш мумкин.

Масаланинг Шароф Убайдуллаев тилга олган жиҳатига ҳукумат мулозими ҳам эътибор қаратди:

“Вилоят ва туманлар ҳокимларининг 8 тагача ўринбосари бўлиши, бирор бир самара бермайди, аксинча, ҳокимларда илгари мавжуд бўлмаган молиявий имкониятларнинг пайдо бўлишига, тизимда коррупциянинг авж олишига олиб келди. Менга қолса, вазир, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг бир нафардан умумий масалалар бўйича ўринбосари лавозимини қолдириб, қолган барча штатларни қисқартирган бўлардим”, - деди мулозим.

Мавзуга алоқадор Ярим кечагача селектор. Мирзиёев "отбозор" деб атаган мажлисбозлик давом этмоқда

"Урчиётган" вазирликлар

90-йиллар бошидан буён Ўзбекистон ҳукумати қанчалик “семирди”?

Шароф Убайдуллаев:

“Бу саволингизга жавобан рақам айта олмайман. Чунки менда статистика йўқ. Лекин мен бир нарсани биламан. Шундай вазирликлар тузилдики, уларга ҳожат йўқ эди. Масалан, “Маҳалла” жамоат фонди бор эди. Бу ташкилот бир яхши ишлаб турувди. Ўшани Маҳалла вазирлиги қилиб қўйишди. Бу вазирликда раҳбарнинг бештами, олтитами муовини бор. Ахир бу вазирликсиз ҳам маҳаллалар жойида турувдику?! Вазирлик бўлганидан кейин маҳаллалар обод бўлиб кетдими?! Керакмиди шу?”

Шароф Убайдуллаев айтаётган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Президентнинг 2020 йил 18 февралдаги фармонига биноан тузилган, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилган.

Президентнинг 2019 йил, 28 январдаги фармони билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилган, бу вазирликнинг ҳам Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар)даги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилган.

Президентнинг 2017 йил, 30 сентябрдаги фармони билан Мактабгача таълим вазирлиги, унинг Қорақалпоғистон Мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ҳамда уларнинг шаҳар ва туман бўлимлари ташкил этилган.

Умуман эса, Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганидан буён Ўзбекистонда вазирликлар сони қарийб икки мартага кўпайгани айтилади. Ислом Каримов даврида 13 та вазирлик бўлган бўлса, Мирзиёев бошқарувида вазирликлар сони 24 тага етди.

Шу кунда 24 вазирдан ташқари Бош вазирнинг 6 ўринбосари бор. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси ҳам бош вазир ўринбосари ҳисобланади. 24 вазирликдан ташқари вазирлик мақомидаги 10 та давлат қўмитаси бор.

Мавзуга алоқадор Кадрлар сиёсати: Давлат идораларидаги ҳар икки ходимдан бири лавозимига нолойиқ

Кадрлар сиёсати моҳияти

Ўзбекистонда шаклланган ва амал қилаётган кадрлар сиёсатининг моҳияти, исми ошкор этилишини истамаган ҳукумат мулозимига кўра, шахсий бойлик орттиришдан иборат бўлиб қолмоқда.

"Бизда мансаб-лавозим энг аввало шахсий ва оилавий бойиб кетишнинг энг асосий омили сифатида қаралади. Бу қараш доимо ўзини оқлаб келган ва ўзгармаяпти. Боринг ана, 10 млн.сўм ойлик оладиган мансабдорнинг 2 йилда афсонавий тарзда бойиб кетиши мумкинми? Ҳа, Ўзбекистонда мумкин!!

Бундайлар билимли, ҳалол, маънавий жиҳатдан етук бўлган ҳақиқий ватанпарвар инсонларни телба, ҳавойи, фанат, коммунист ва ҳатто жинни деб ҳисоблайди ва улар катта лавозимларга ҳеч қачон қўйилмайди!"

"Кесиш, кесиш ва яна кесиш"

Давлат органлари ходимларини қисқартираётган ҳукумат айни пайтда қарийб 10 минг ўрта мактабга, шунингдек, олий ўқув юртларига адиблар ва журналистларни ишга олди, ИИВ тизимида 2 000 та штатдан иборат инспектор-психолог лавозими жорий этилмоқда.

Smartgov Consulting раҳбари ва блогер Азиза Умаровага кўра, Ўзбекистон бошқарув аппаратидаги мақбуллаштириш бўйича ҳозирда яна Каримов даврига қайтмоқда.

"Ҳар икки йилда айнан 15 фоиз одам қисқартириларди. Ва бу негадир функционал таҳлил ва мақбуллаштириш деб аталган. Кейин, албатта, кесиб ташланган бу "ёғ" қайта ўсиб чиққан, фақат исталмаган одамларсиз".

Унинг фикрича, кўпинча давлат идоралари алоҳида бир одамга мослаб ташкил этилади.

"Охирги уч йилда шунчалик кўп янги идоралар ташкил этилдики, яна қайтадан ўтириб, кесиш, кесиш ва яна кесиш керак. Аммо одамларни эмас, идораларни", деб ёзди Азиза Умарова 4 апрель куни ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Ҳокимият бошқаруви бўйича экспертга кўра, Ўзбекистон сингари мамлакатларда "12 та жиддий вазирлик ва 5-6 та давлат қўмитаси бўлса, етади. Қолгани, жузъий истиснолардан ташқари, жамиятда ҳеч қандай қадрият яратмайдиган ортиқча бюрократик юк, холос".

Мавзуга алоқадор Мактабларга ёзувчи ва журналистлар “десанти” ташланди - улар ахборот хуружига қарши курашади