2 июль куни Ўзбекистон марҳум президентининг невараси Имон Каримова ўз Instagram саҳифасида онаси ва Тошкент ҳукумати ўртасидаги муносабатларнинг жорий аҳволига оид янги тафсилотларни очиқлади.
Instagram Storyга қўйилган рус тилидаги уч бетлик хатида Имон Каримова онасининг Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли аëллар қамоқхонасидаги аҳволининг кун сайин оғирлашаëтганини иддао қилади.
“Битта одам – Гулруҳ Расуловна Каримованинг ҳатти-ҳаракатлари боис¸ Ўзбекистон халқи ваъда қилинган пулларни ололмайди. Бу эса биринчи марта бўлаëтгани йўқ. Бундан бир ойча олдин онам бу пулларни қайтариш учун мавжуд тўсиқларни айланиб ўтиш ва олиб ташлаш жараëнини бошлаган эди”¸ деб бошланади Имон Каримованинг навбатдаги мактуби.
Хатда ëзилишича¸ онаси сақланаëтган қамоқхона нозири Гулруҳ Каримова ўз назоратидаги колониядаги туганмас жанжаллар¸ беш аëлнинг ҳар хил сабаб билан ўлгани ортидан ўтган йил ишдан четлатилган; беш аëл ва 21-колония қошидаги болалар уйида сақланган бир бола ўлими Гулнора Каримова 2018 йили жазони ўташ даврида рўй берган.
Имон Каримова¸ бундай иддаосига бирор-бир далил келтирмаган.
Имон Каримова таъкидича¸ 2019 йилнинг март ойида онаси “уйдирма айблар” билан қайта 21-колонияга ташланганидан сўнг¸ прокуратура ходимлари¸ хусусан Илëс Муҳаммедов Гулруҳ Каримовани яна қамоқхона нозирлигига тайинлаган.
“Кўп ўтмай¸ Гулруҳ Расуловнанинг бу амалга махсус вазифа билан – онамга босим ўтказиш учун қайтарилгани аëн бўлди. Прокуратура ходимлари онам билан муваффақиятсиз тугаган келишувда ўзлари қилган қонун бузишларини бекитиш¸ онамни ҳамкорлик қилмагандек кўрсатиш ва шу орқали унинг қамоқдан чиқиш эҳтимолини бутунлай йўқ қилишни исташди”¸ деб ëзади Имон Каримова.
Ўзбекистон марҳум президентининг Лондонда яшаëтган невараси¸ онаси жорий йилнинг март ойида 21-колонияга қайтарилгандан бери яна икки одамнинг ўлганини айтади. Озодлик бу иддаони ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқлата олмади.
Ўтган ой Имон Каримова ва Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) марҳум президент тўнғичининг Зангиота қамоқхонасида ўта оғир аҳволда сақланаëтгани¸ саломатлиги ëмонлашиб бораëтгани¸ тез-тез ҳушдан кетишига қарамай¸ унга тиббий ëрдам кўрсатилмаëтгани ҳақида ëзган эди.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган бу хабарлар ортидан Ўзбекистон омбудсмани умумий тартибдаги 21-сонли аёллар қамоқхонасида сақланаётган Гулнора Каримованинг тутқунликда аҳволи ва шароити билан танишганини маълум қилди.
Ўз расмий сайтида Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев жумладан:
“Шифокорлар кўрсатмаси билан у мунтазам равишда керакли дори-дармон билан таъминланмоқда. Бугунги кунда Гулнора Каримованинг саломатлиги, умуман олганда, қониқарли ва у соғлом овқатланиш рациони асосида таъминланмоқда”, деб ëзди.
2 июль кунги хатида Имон Каримова Омбудсманни ҳам прокуратуранинг “тўлиқ назоратида” эканини айтиб¸ уни ўз баëнотида колониянинг ëмон бошқаруви ҳақида лом-мим демагани учун танқид қилди.
Прокуратура ва 21-колония раҳбари Гулруҳ Каримовани онасининг оғир аҳволи учун асосий айбдор деб атаган Имон Каримова¸ Гулнора Каримовага керакли тиббий ëрдам кўрсатилмаëтгани¸ мунтазам руҳий босимда ушлаб турилганини яна бир бор такрорлади.
“Онам колония раҳбари боис жисмоний таҳдид остида қолган¸ унга кўрсатилаëтган босим ва у сақланаëтган шароит¸ ҳатто бу ерда сақланаëтган энг хавфли жиноятчиларда ҳам йўқ”¸ деб ëзди 2 июль кунги хатида Имон Каримова.
Онасининг саломатлиги кейинги ой ичида “кескин ëмонлашгани”¸ бундай муносабатнинг яқин орада тўхтатилмаслиги ортидан¸ Каримованинг қизи ўзларига “Ўзбекистон ҳукуматига пулларни олишда ëрдам кўрсатиш борасида кейинги ойлар давомида қилинган ҳамма ишни вақтинча тўхтатиш” тавсия этилганини таъкидлайди.
“Онамнинг адвокати ва Швейцария суди унинг тегишли ëрдам олиши¸ унга нисбатан босимларнинг тўхтатилиши борасида ишонч ҳосил қилмагунча¸ бизнинг мамлакатимиздан фарқли қонунлар рисоладагидай ишлайдиган давлат қонунларига мувофиқ (Швейцария назарда тутилмоқда – таҳр.) онамни жисмонан йўқ қилишга уринаëтган одамлар етовида юриш давом этмайди”¸ деб ëзди Имон Каримова.
Шу тарзда Имон Каримова¸ қамоқдаги онаси¸ унинг адвокати ва Каримованинг Лондондаги фарзандлари Швейцарияда музлатилган пулларни Ўзбекистон ҳукуматига қайтариш борасида бошланган ҳамкорлик тўхтатилганини эълон қилди.
Instagram хатида инвестицияларга муҳтож Ўзбекистонга бу пулларнинг қайтарилмаслиги учун айбдорлик яна бир бор прокуратура ва 21-колония раҳбари зиммасига юклатилади.
Имон Каримованинг бу мактуби Гулнора Каримова Ўзбекистон халқи ва президентига мурожаат қилиб¸ кечирим сўрагани¸ Швейцарияда музлатилган пулларнинг қайтарилишида босқичма-босқич ҳамкорлик қилишини билдирганидан 10 кунча ўтиб пайдо бўлди.
Каримова мурожаати эртасига - 24 июнь куни Швейцария федерал прокуратураси Гулнора Каримованинг мамлакат банкларида музлатилган 800 миллион франк (тақрибан 850 миллион АҚШ доллари) маблағнинг 130 миллионини Ўзбекистонга қайтариш ҳақида дастлабки қарор қабул қилинганини билдирди.
Айни куни Ўзбекистон шоу бизнеси намояндалари махсус кампания бошлаб¸ Гулнора Каримованинг тез кунларда қайтишини нишонлашга киришди.
Айрим манбалар Озодликка 28 июнь куни Зангиота қамоғидаги 9 нафар аëлнинг Олий суд ҳукми билан амнистия қилиниб¸ озодликка чиқарилиши мумкинлиги ва бу рўйхатда Гулнора Каримованинг исми ҳам борлигини билдирди.
1 июль куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Гулнора Каримова сақланаётган Зангиота аёллар қамоқхонасидан 6 нафар маҳбуснинг Олий суд ҳукми билан муддатидан олдин озодликка чиқарилганини хабар қилди.
Муддатидан олдин қамоқдан чиққан аëллар исми-шарифи ҳозирча жамоатчиликка очиқланмади.
Гулнора Каримованинг Швейцария ва бошқа хориж банкларига қўйилган пул ва бошқа бойликларининг эгаси¸ Озодлик ихтиëридаги васиятномага кўра¸ унинг Лондонда яшаëтган ўғли Ислом ва қизи Имондир.
Ислом ва Имон Ўзбекистон ҳукумати онасини "жисмонан йўқ қилиш режасида "экани ҳақидаги иддаони бундан олдин ҳам Ғарб матбуоти ва ижтимоий тармоқлар орқали бир неча марта тарқатган.