Ўзбекистон марҳум президентининг кенжаси Лола Каримова Франциядаги Rue89 газетасини ўзини “диктаторнинг қизи” деб атагани учун судга бериб¸ унда ютқизганидан олти йил ўтиб унинг адвокати Европадаги бир эмас¸ бир неча мустақил нашрга яна эҳтимолий маҳкама билан таҳдид қилмоқда.
(Қуйидаги мақолага нисбатан Каримова-Тиллаев адвокатининг 30 октябрь куни Озодликка юборган муносабат мактуби билан қуйидаги линкни босиш орқали танишишингиз мумкин.
Бу гал энди марҳум президентнинг элчи қизи Франциядаги Mediapart ҳафталиги¸ Руминиядаги The Black Sea суриштирув журналистикаси маркази ва Швейцарияда чиқадиган Le Temps газетаси ва уларнинг ўзи ҳақидаги янги мақоласини кўчириб босган ҳар қандай нашрни "туҳмат мақола чоп этиш" оқибатидан огоҳлантирмоқда.
Америкадаги адвокат томонидан бу нашрларга жўнатилган ва жўнатилаëтган бу галги жаҳлдор таҳдидларга Mediapart ҳафталиги мухбири Yann Philippin, The Black Sea гуруҳи мухбири Michael Bird ва Le Temps газетаси мухбири Sylvain Bessonle ҳозирлаган биргаликдаги суриштирув сабаб бўлди.
Бу суриштирувнинг асосий ўринлари акс этган мақола 2017 йилнинг 13 октябрида инглиз ва француз тилларида чоп этилди; ўтган бир ҳафта ичида унинг русча таржимаси қатор минтақавий нашрлар¸ хусусан¸ Фергана.ру¸ Centre1.comда эълон қилинди.
Матбуот Каримова миллионлари жимлигини буздими?
Оригинал сарлавҳаси “Offshore scheme behind the riches of Uzbek dictator's daughter” - “Ўзбек диктаторининг қизи бойликлари ортидаги оффшор схемалар” деб номланган 10-саҳифадан ошиқроқ янги тадқиқот муаллифлари Лола Каримова-Тиллаеванинг Ғарб¸ хусусан Европадаги ҳашаматли ҳаëт тарзи ортидаги молиявий манбаларни тадқиқ қилишга уринган.
Мақолани бундай ҳашаматли ҳаëт тарзига оид сўнгги тафсилотлар билан бошлаган муаллифлар 2016¸ 2017 йилги Канн кинофестивали кунлари шаҳарнинг энг қиммат ресторан ва соҳилларида дунëнинг таниқли киночилари учун дабдабали зиëфатлар уюштириб¸ унда машҳур киноюлдузларга ўзи эгаси бўлган The Harmonist деб номланган қиммат атирларию¸ шу номда таъсис этилган мукофотни тақдим этган Лола Каримова-Тиллаеванинг бу каби ҳаëт тарзи учун талаб қилинадиган миллионларни қаердан¸ қандай олишини аниқлаштиришга уринади.
Тадқиқотда ëзилишича:
Mediapartга тақдим этилиб¸ European Investigative Collaborations (EIC) медиа тармоғи билан баҳам кўрилган махфий ҳужжатлар¸ эр-хотиннинг (Лола ва Тимур Тиллаев(а)лар) биргина 2013 ва 2014 йилда мураккаб молиявий схемалар орқали Бирлашган Араб амирликлари ва Швейцариядаги оффшор банк ҳисобларига яширилган 127 миллион доллар тўплаганини кўрсатади.
Бу "махфий ҳужжатлар" жамоатчиликка тақдим этилмади ва Озодлик радиоси бу ҳужжатларни бевосита кўрмади.
Схемалар юраги – Дубай
Ҳисобот муаллифлари молиявий мутахассислар ëрдамида тафтиш қилган махфий ҳужжатлар марказида Дубайда рўйхатга олинган SecurTrade ширкати туради. 2013 йилда қайддан ўтган бу ширкатнинг ягона ҳиссадори¸ мазкур ҳужжатлардан кўрилишича¸ Тимур Тиллаевдир.
SecurTrade, айтилишича¸ Тимур Тиллаевга қарашли Тошкентдаги Абу Сахий улгуржи моллар бозорига кийим-кечак ва телевизор каби маҳсулотлар импорт қилиш билан шуғулланади.
"SecurTrade Хитой ва Туркиядан мол сотиб олади¸ кейин уни бошқа савдо ширкатларига сотади¸ бу ширкат уларни Шотландиядаги қобиқ (shell) ширкатларига сотади ва бир неча қобиқ ширкати бир-бирига сотган бу импорт моллари ниҳоясида Абу Сахий бозоридаги савдогарларга сотилади"¸ дейилади янги суриштирувда.
Бундай схеманинг шубҳали эканига тўхталган муаллифлар¸ бир неча давлатдаги қобиқ ширкатлардан ўтган бу олди-бердилардан SecurTrade қилаëтган фойданинг ниҳоятда катталиги¸ шубҳага асос берувчи биринчи жиҳат эканини айтадилар.
“2013-2014 йиллардаги банк ўтказмаларидан¸ SecurTrade ширкатининг¸ кўрсатилган давр ичида 151 миллион доллар товар айирбошлашдан камида 127 миллион доллар фойда олгани кўрилади.
Бу эса¸ телевизор ва кийим-кечак каби устига кўп ҳам нарх қўйиб бўлмайдиган товарлар билан савдо қилувчи ширкатларнинг тушига ҳам кирмайдиган 85 фоиз соф даромад қилинди¸ демакдир”¸ дейилади мақолада.
SecurTrade бундай улкан фойдага қандай эришди?
Бунинг жавоби нисбатан содда – “афтидан Тимур Тиллаевнинг Дубайдаги бу ширкати товар сотади¸ лекин деярли товар сотиб олмайди”¸ деб шарҳлайди SecurTradeнинг афсонавий фойда нисбатини суриштирувчилар.
Журналистларга тақдим этилган 2013-2014 йиллардаги банк қоғозлари SecurTrade 151 миллион долларга мол сотгани¸ айни пайтда¸ таъминотчиларга бор-йўғи 8 миллион доллар ўтказганини¸ орадаги олишнинг сотишдан 20 баробар камлигини кўрсатган.
“SecurTradeнинг йиллик молиявий ҳужжатларида 2014 йили ширкатнинг қиммати 92 миллион долларга тенг товар сотиб олгани¸ айни пайтда таъминотчиларга қарзи 79 миллион долларни ташкил этгани кўрсатилади. Бу эса¸ SecurTrade 92 миллион долларлик товар учун 13 миллион доллар тўлади¸ деганидир. Молиявий экспертлар¸ таъминотчи ўз мижозининг бунча катта қарзга товар олишига йўл қўймаслиги¸ қўйган тақдирда ҳам бундай олди-берди учун тўлов муҳлати кўпи билан уч ойдан ошмаслигини айтадилар”¸ дейилади мақолада.
Журналистик суриштирув муаллифлари¸ Лола Каримова ва Тимур Тиллаевларга оид ширкат ва банк ҳисобларидаги олди-берди ва ўтказмаларнинг бир неча давлат ҳудудида жойлашган мураккаб оффшор схемалар орқали амалга оширилишидан келиб чиқиб¸ уни тушунишга ëрдам берувчи диаграммани ҳам мақолага иловa қилганлар.
Қобиқлар остига бекинган ўртакашлар
Тимур Тиллаевнинг олди-сотдидаги шериклари¸ муаллифлар таъкидича¸ айни шундай хавотирли.
Бу олди-бердилар Тимур Тиллаевнинг SecurTrade ширкатидан бошланиб¸ Тиллаев адвокати таъкидича¸ Тошкентдаги Тимур Тиллаевга қарашли Абу Сахий бозоридаги савдогарлар билан тугайди.
Махфий ҳужжатларга таянган журналистларга кўра¸ Марказий Осиëда ўтирган бу савдогарларнинг ҳаммаси¸ ниҳоятда ғалати бир тарзда¸ ўз бизнесларини негадир Тошкентдан 5000 километр узоқда бўлган Шотландияда рўйхатдан ўтказган.
Суриштирув журналистлари қўлига тушган молиявий ҳужжатларда қайд этилган SecurTradeнинг учта савдо мижози – Elcorp, Five Star Technology Support ва Greenhall Management Шотландиянинг битта - Douglas қишлоғида рўйхатдан ўтган. (Мақолада келтирилишича¸ бу қишлоқнинг биргина марказий кўчасида 2662 ширкат рўйхатга олинган.)
“Scottish Limited Partnerships” деб номланган зиддиятли мақом¸ мутахассисларга кўра¸ сиртдан Британия ширкати деб ҳурмат уйғотса-да¸ аслида солиқ яширувчилар учун ном чиқарган жаннатмакон ҳудудлар каби¸ ширкатлар эгасини сир тутишга имкон беради ва шаффофликдан мутлақ холидир.
Суриштирув натижасида аëн бўлишича¸ Лола Каримованинг эри билан савдо-сотиқ қиладиган ширкатларнинг ҳаммаси ортида Дублинда жойлашган айни Kearney Curran&Co ширкати¸ ширкатлар директори сифатида ҳам британиялик айни шахслар турибди.
Тимур Тиллаев савдо шерикларидан бири - Elcorp идорасини у рўйхатга олинган адрес бўйича қидириб борган журналистлар¸ у ерда ўтирган шотланд ширкати ва директор деб кўрсатилган шахснинг “почта қутиси хизмати”дан бошқа иш қилмаслиги¸ бу манзилда Elcorp деган ширкатдан зоғ ҳам йўқлигига гувоҳ бўлган.
Молиявий мутахассислар¸ бундай схема ширкатларнинг асл эгалари кимлигини сир сақлаш учун тузилишини айтади.
Тасодифлар занжири?
Бир йиллик молиявий ҳужжатларда кўриладиган яна бир “ғалати тасодиф”, махфий молиявий ҳужжатлар билан танишган журналистлар таъкидича¸ Тимур Тиллаевнинг Шотландияда рўйхатдан ўтган савдо шериклари барчасининг ўз банк ҳисобларини Латвиядаги битта банк – Rietumu банкида очганидир. (Пул ювиш ва солиқни яширишга алоқадорликда айбланган бу банк¸ айтилишича¸ яқинда Франция томонидан 80 миллион евролик жаримага тортилган)
Тимур Тиллаев мижозларидан яна бири Швейцариянинг (халқаро банклар маркази) Луцерн шаҳрида рўйхатга олинган Titan Traders ҳам банк ҳисобини негадир яна Латвия банкида очган.
Нобоп қоғозлар
Тақдим этилган ҳужжатлар¸ суриштирувчилар таъкидича¸ ширкатлар ўртасидаги ўтказмаларнинг бир қатор муаммоли жиҳатларини фош қилади.
Бундай иддаога муаллифлар қуйидаги мисолларни келтиради:
“EICга тақдим этилган ҳужжатлар уларда кўрилган пул оқими ортида ҳақиқий савдо йўқлигини тахмин қилишга асос беради. Кўп ҳолатларда Titan ширкати Five Star ширкатига ҳали ўзи сотиб олмаган товарларни қайта сотади.
Хитойдаги таъминотчи томонидан SecurTradeга берилган квитанцияларда на бирор ширкат номи¸ на бирор имзо бор. Хитойда сотиб олинган кийимлар юк машиналарида Тошкентдаги Абу Сахий бозорига олиб келинган. Лекин транспортировкага оид ҳужжатларда ҳам муаммолар бор. Уларда Ўзбекистон божхонаси муҳри бор¸ аммо ҳужжатлар тегишли шаклда тўлдирилмаган – тўлдирилиши шарт бўлган катаклар¸ хусусан экспорт лицензияси рақами¸ юк машинасининг Хитойдан қачон йўлга чиқиб¸ Ўзбекистонга қачон етиб келгани ва товарлар нархи очиқ қолдирилган”¸ дейилади мақолада.
Қўл етмас Тиллаевлар. Адвокатнинг муаллифларга жавоби
Mediapart¸ The Black Sea ва Le Temps мухбирлари журналистик суриштирув давомида туғилган саволларга жавоб сўраб Лола Каримова ва Тимур Тиллаевларга мурожаат қилган. Одатдагидек¸ улар ўрнига жавоб қилган эр-хотиннинг АҚШдаги адвокати Mark F. Raymond, мақолада келтирилган маълумотларни “асоссиз” деб атаган.
“Жаноб Тиллаевнинг бизнеси қонуний ва у ҳеч қачон ноқонуний фаолиятга аралашмаган”¸ деган адвокат¸ журналистик суриштирувга асос бўлган ҳужжатларнинг ë ўғирлангани¸ ëки сохталаштирилганини айта туриб¸ уларнинг “Тимур Тиллаев билан урушиб қолган аламзада¸ ғаразгўй ва енгилтак собиқ консультант томонидан тақдим этилгани ва бу шахс аллақачон ўзини дискредитация қилгани”ни қўшимча қилади.
Шундан сўнг Тиллаевлар адвокати Европа журналистларига:
“Туҳмат мақоланинг чоп этилиши мижозларимизнинг сиз ва сизга бундай нотўғри ишда кўмак берганларга қарши қонуний чораларни ишга солиши билан якунланишини билиб қўйинг”¸ деб таҳдид қилади.
"Ҳужжатлар 100 фоиз ҳақиқий!"
Озодлик билан суҳбатда Лола Каримова ва унинг эрига оид бойликлар манбасини тадқиқ қилишни бошлаган журналистлар¸ ўз манбаси ва у тақдим қилган ҳужжатларнинг жиддий эканини яна бир бор таъкидлади.
Хусусан¸ мақоланинг етакчи муаллифи¸ Mediapart ҳафталигининг таниқли суриштирув журналисти Yann Philippin ўз манбаси ва у тақдим қилган ҳужжатларнинг асл эканига шубҳаси йўқлигини айтади:
- Мен ўз манбаларим ҳақида¸ ҳеч кимга ҳеч қандай маълумот бермайман. Манбага нисбатан билдирилаëтган айблов учун жавобгарликни тўлиғича Тиллаевлар адвокати масъулиятига қолдираман.
Бизга тақдим этилган махфий ҳужжатларга келсак¸ биз уларни синчковлик билан ўрганиб чиқдик¸ бошқа манбалардан ҳам текшириб кўрдик. Уларнинг ҳақиқийлигига нисбатан ишончимиз комил. Бу ҳужжатлардаги аксар маълумотнинг тўғри эканини жаноб Тиллаев адвокатининг ўзи тасдиқлагани ҳам уларнинг ҳақиқийлигига яна бир исботдир. Булар эса¸ Абу Сахийнинг эгаси Тимур Тиллаев экани¸ ширкатлар структураси¸ SecurTrade билан бизнес қилаëтган қобиқ ширкатларнинг мавжудлиги ва биз эълон қилган SecurTrade ҳисоб рақамларидир. Бизнинг савдо-сотиқнинг сохта эканига оид шубҳаларимизга¸ хусусан¸ мақолада келтирилган алоҳида мисолларга¸ гарчи биз бу ўтказмаларга оид ҳужжатлардан иқтибослар берган бўлсак ҳам¸ жаноб Тиллаев адвокати шарҳ беришни истамади ¸ дейди ҳисобот муаллифларидан бири Франциядаги суриштирув журналистикасининг таниқли Mediapart гуруҳи мухбири Yann Philippin.
(Yann Philippin Франция бизнес ва сиëсий доираларидаги жиддий силкинишларга туртки бўлган қатор журналистик суриштирувлар¸ хусусан¸ Airbus ширкатидаги йирик коррупция жанжали¸ футбол юлдузи Криштиану Рональдонинг даромадни солиқдан яшириш билан боғлиқ можароси¸ Франциядаги энг йирик ширкатлар ва айрим миллиардерларнинг ўз даромадини қандай қилиб солиқдан бекитганига оид шов-шувли мақолалар муаллифидир - таҳр.)
Лола Каримова Женевадаги уйини “Тошкентдаги уйларини сотиб¸ ипотекага олган”
Матбуот билан одатда адвокат орқали гаплашадиган Лола Каримова-Тиллаева 2013 йил сентябрида BBC ўзбек хизмати саволларига электрон почта орқали ўз номидан жўнатган эксклюзив жавобида¸ ўзининг хориждаги қимматбаҳо уйлар эгаси ҳақида Ғарб матбуотида чоп этилган хабарларни¸ Лос Анжелесдаги 58 миллион долларлик шов-шувли хариди ҳақида лом-мим демаган ҳолда¸ инкор этишга уринган эди.
АҚШдаги нуфузли The New York Times газетаси 2015 йилнинг 15 декабрь куни эълон қилган бош мақоласида ўшандаги Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Лос Анжелесдаги энг қиммат ва ҳашаматли маҳаллалардаги бир эмас¸ балки тўртта кўп миллион долларлик саройга алоқадорлиги¸ бу саройларнинг ҳам қобиқ ширкатлар воситасида сотиб олинганини иддао қилган эди.
Женеванинг фақат катта бойлар яшовчи Vandoeuvres маҳалласидан 46 миллион долларга уй сотиб олгани ҳақидаги хабарларга оид BBC саволига жавоб бера туриб Ислом Каримовнинг кенжаси ўзининг суперқиммат уйлар эгаси ва катта бойлардан экани ҳақидаги хабарлар жиддиятини пасайтирган эди:
“Бизнинг бойлигимиз қандай ҳисоб-китобларга асосланиб баҳоланганини мен билмайман. Ишончим комилки, бизга бошқаларнинг даромадини қўшиб ёзишаяпти.
Женевадаги оилавий уйимиз масаласига келсак, бу уй - биз яшайдиган асосий жой, биз Ўзбекистондаги барча кўчмас мулкларимизни сотганмиз. Фақат фарзандларимиз билан Ўзбекистонга сафар қилганда яшаш учун Тошкентда битта квартирамиз бор. Женевадаги уйимиз нархининг 18 фоизини ўз хусусий маблағларимиз билан қоплаганмиз, қолгани эса банк кредити билан қопланган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, уйимиз "mortgage", яъни ипотека остида. Менимча, бу катта сир эмас, чунки Оврўпонинг деярли бутун аҳолиси кўчмас мулк сотиб олишда банк кредити хизматларидан фойдаланишади. Бу тажриба Швейцарияда ҳам кенг қўлланилади, чунки бу соҳадаги банк кредити ставкалари паст ҳисобланади ва бу тизимдан фойдаланиш ҳақиқатдан ҳам фойдали”¸ деган эди Ўзбекистон президентининг кенжа қизи 2013 йили BBC ўзбек хизматига йўллаган ëзма жавобида.
Тиллаевларнинг Озодликка жавоби
Озодлик Европадаги уч нуфузли суриштирув журналистикаси намояндаси ҳозирлаган қўшма тадқиқотда келтирилган иддаоларга изоҳ ва улардан туғилган айрим саволларга жавоб беришни сўраб 13 октябрь куни Тиллаевларнинг Америкадаги адвокати Mark F. Raymondга мурожаат қилди.
16 октябрь куни Озодликнинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчисига берилган ëзма жавоб мазмуни қуйидагича бўлди (матн сўзма-сўз таржима қилинди):
"Mediapart, Le Temps ва The Black Sea чоп этган туҳмат мақола мижозларимиз учун интервью мавсумини бошлаб бергани йўқ.
Mediapart томонидан чоп этилган мақола мижозимиз обрўсига путур етказиб¸ унинг бизнесига зиëн етказишни мақсад қилган аëвсиз туҳмат кампаниясининг бир қисмидир. Бу кампанияга мижозимизни шантаж қилишга уриниб¸ унга қарши маҳкамада кўп миллион евро ютқизган аламзада собиқ консультант етакчилик қилмоқда. Mediapart маълумоти манбасидан келиб чиқиб¸ биз Mediapart мухбири ўзида борлигини иддао қилган ҳужжатларни кўриб чиқишни сўрадик¸ аммо бу сўровимиз рад этилди. Биз мақоланинг бош муаллифи Yann Philippin билан узоқ гаплашдик ва унга шахси очиқланмаган манба иддаоларини очиқдан-очиқ рад этувчи аниқ маълумот ва тафсилотларни тақдим этдик. Аммо шунга қарамай¸ бу мухбир нотўғри рақамларни (хусусан SecurTrade даромадига оид рақамларни ) , SecurTrade унинг фаолиятига оид нотўғри рақамларни чоп қилиш ва шу орқали мижозларимизга ялтироқ¸ аммо сохта сарлавҳалар илинжида туҳмат қилиш йўлини танлади.
Бундан ташқари¸ ҳақиқий “янгилик” тополмагани боис¸ мухбир бир неча йил аввал номсиз манбалардан чиққан ва дискредитация бўлган сохта айбловларни чайнашга уринган. Мухбир эски баëнотларни ўзи суриштирмай туриб¸ (афтидан уларнинг сохта бўлиб чиқишини олдиндан била туриб) ëки жаноб Тиллаевга уларнинг ëлғонлигини кўрсатиш имконини бермай туриб¸ уларни такрорлайди. Бизга бу сохта айбловларнинг мақолага қўшимча мавзу бўлиши ҳақида олдиндан билдирилмади.
Жаноб Тиллаев бу мақолада қилинган сохта ва асоссиз айблов ва иддаоларни мутлақ ва тўлиқ рад этади ва уни ëзган мухбир¸ бу туҳматни босган ва қайта босадиган ҳар қандай нашрни мавжуд қонуний йўлларнинг барчасини ишга солган ҳолда жавобгарликка тортади."
Бу Тиллаевларнинг адвокати Mark Raymond Озодлик радиосига 16 октябрь куни юборган ëзма жавобнинг тўлиқ матни эди.