25 сентябрь куни ўзбек миллий шоири Рауф Парфи туғилганига 75 йил тўлиши муносабати билан ўтказиш режаланган маданий тадбир иккинчи марта тўхтатилди.
Бирламчи режага кўра¸ 25 сентябрда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилиши лозим бўлган “Туркий дунёнинг ғолиб хаёли” деб номланган тадбирга саноқли кун қолганда¸ уни Миллий кутубхонада ўтказиш тақиқланди.
Бу ҳақда тадбир ташкилотчилари ва Миллий кутубхона ходимлари 19 сентябрь куни Озодликка билдирган эди.
Ўзини "Миллий кутубхона матбуот хизмати ходими", деб таништирган мулозим Озодлик билан суҳбатда Рауф Парфи юбилейини миллий кутубхонада ўтказиш “юқорининг буйруғига кўра бекор қилинган”ини билдирган¸ аммо юқори деганда қайси тизим ëки шахсни назарда тутаëтганига очиқлик киритмаган эди.
- "Зудлик билан бекор қилиб ўрнига бошқа тадбир қўйинглар", деган оғзаки буйруқ бўлди¸ деган эди 19 сентябрь куни Озодлик гаплашган Миллий кутубхона матбуот хизмати вакили.
Шундан сўнг ташкилотчилар¸ бу тадбирнинг 25 сентябрь куни Ойбек уй-музейида ўтказилишини эълон қилди.
Аммо 25 сентябрь куни эрталаб¸ Ойбек уй-музейига ҳам “тепадан” босим қилиб¸ бу тадбирни тақиқлашди¸ деб хабар қилди Озодликка тадбир ташкилотчиларидан бири¸ тарихчи олим Анвар Назир.
- Ҳозирча давлат номидан кимнинг миллий шоиримиз хотирасига бағишланган тадбирни тақиқлаëтгани аниқ эмас. Тахминларга кўра¸ президент девони¸ шахсан¸ Хайриддин Султонов қилаëтган бўлиши мумкин. Узоқ йиллар давомида Каримов атрофида жадидлар¸ миллатпарвар шоирлардан қўрқадиган¸ улар номини имкон қадар йўқотишни орзу қилган бир гуруҳ идеологлар шаклланди. Хайриддин Султонов ўзбек миллий адабиëти¸ маданияти ва тилини "расвосини чиқарганлардан бири". Афсуски¸ айни одамлар Мирзиëев даврида ҳам маънавият ва маърифат соҳасида ана шу абжақ сиëсатни давом эттирмоқда. Улар Рауф Парфи каби миллатпарвар шоирдан¸ ўлганидан кейин ҳам қўрқади¸ деди Озодлик билан 25 сентябрь кунги суҳбатда Анвар Назир.
Ойбек уй-музейининг 25 сентябрь куни Озодлик боғланган ходимаси¸ тадбирнинг бекор қилинганини тасдиқлади¸ аммо унинг ким томонидан¸ нима сабабдан бекор бўлганига ойдинлик киритишни истамади.
-Ташкилотчилар¸ тадбирни бошқа жойда ўтказамиз¸ дейишди. Бизнинг музейда бўлмайди¸ деди “нега” деган саволга жавоб беришга қийналган музей ходимаси.
Ташкилотчиларнинг Озодликка билдиришича¸ 25 сентябрь куни Рауф Парфи хотирасига ҳурмат кўрсатишни ўз миллий бурчи деб билган бир гуруҳ зиëли ва ижодкорлар Тошкентдаги “Шош” ресторанида йиғилиб¸ кичик хусусий тадбир ўтказишга келишиб олган.
2005 йилда оламдан ўтган Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг таввалуд кунини нишонлаш Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 2018 йил 17 январда имзолаган 01-07-1-3356 рақамли режага кўра¸ Миллий кутубхонанинг 150 кишилик залида ўтказилиши керак эди.
Озодликда нусхаси мавжуд бўлган бу ҳужжатда тадбир ташкилотчи сифатида Маданият вазирлиги ва Миллий кутубхона кўрсатилган.
Тадбир ташкилотчиларининг Озодликка маълум қилишича¸ ўтказилиши кутилаётган кеча давомида Рауф Парфи шеърлари, унинг ижоди тўғрисида маърузалар ўқилиши, Шоир шеърлари асосида тайёрланган саҳна кўринишини намойиш қилиш режаланган эди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Рауф Парфи 75 йиллиги тадбирининг ўтказилиши тақиқланиши ортидан 20 сентябрда Facebook ижтимоий тармоғида шоир мухлислари #parfimaniya хештеги остида акция бошлаган эди.
Ҳаëтлигида Озодлик билан суҳбатлашган Рауф Парфи¸ китоб чиқариш ëки ижоди ҳақида маданий тадбир ўтказиш режасини ҳамиша "тушуниб бўлмайдиган фалокат" таъқиб қилиши ҳақида изтироб ва кулги билан гапирган эди:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди