Врач она ва чақалоқларнинг ерда ётганини байрам кунлари ФҲДЁ ишламагани билан изоҳлади (ВИДЕО)

Ўзбекистон туман туғруқхонасида олинган сурат.

Фарғона вилоят, Ўзбекистон туман туғруқхонаси раҳбарияти туққан аёлларнинг баъзилари палата полида ётганини тан олди, "1-2 кунгина давом этган" бу ҳолатни туққан аёллар сони ўтган йилдагига нисбатан икки баробарга ошгани ҳамда Мустақиллик байрами кунлари ФҲДЁ идорасининг ишламагани билан изоҳлади.

Озодликка келган фото ва видеоларда аёлларнинг касалхонаси палатаси полида ётгани акс этган.

Туғруқхонадаги аҳвол акс этган фото ва видеоларни 4 сентябрда Озодликка жўнатган аёл бундай деб ёзди:

"Фарғона вилоят, Ўзбекистон туман туғруқхонасида аёллар негадир ерга ётқизилибди. Ичида туққан аёллар бор, ҳомиладорлар ҳам. Нега бу аёллар ерга ётқизилганини билмоқчимиз".

Озодликка келган фото ва видеода 4 аёл хона полида ётгани акс этган. Видеолардан бирида полга тўшалган кўрпада ўтирган аёллардан бири чақалоғини эмизаётгани ва болани пол устига тўшалган адёлга ўраётганини кўриш мумкин.

Фотосурат ва видеоларда иккита хонада полга 5 кишилик жой тўшалганини кўриш мумкин.

Фарғона вилоят, Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхона бош врачи муовини Насиба Омонова Озодликка бундай ҳолат вақтинча - туғадиган аёлларни қабул қила олмаган қўшни Фурқат туғруқхонаси ҳисобига - юз берганини билдирди:

- Фурқат туғруқхонасини 15-20 кунга бизга кўшиб беришди. Туғруқхонамиз 120 койкага, фақат ўзимизнинг районимизга мўлжалланган, аммо Фурқат тумани ҳисобига туғруқларимиз кунига 25-30 тача бўлди.

Лекин бу, бош врач муовинининг айтишича, аёллар 15-20 кун полда ётди, дегани эмас, уларнинг 1 - 2 кун полда ётиб қолиши сабаби бошқа нарсада:

- Дам олиш кунларимиз 3 кунга чўзилгани учун ЗАГС бюромиз ишламади – аёлларимизни эса ҳужжатсиз чиқара олмаймиз. 31,1, 2 сентябрь кунлари 20 тадан аёл туққан! Туғруқхонамизда эса 60 кровать бор. Ерда ётиб қолганининг сабаб шу, холос. Ётган бўлса ҳам 1 сутка ерда ётган.

Насиба Омоновадан олинган маълумотларга қараганда, Фарғонанинг Ўзбекистон тумани туғруқхонаси 120 койкага мўлжалланган, шу жумладан 20 та койка гинекология бўлими, 40 таси ҳомиладорлар патологияси, қолган 60 ўрин акушерлик пости, яъни туққан аёллар учун мўлжалланган.

Бош врач муовини туғруқхонада ётган аёлларни ва чақалоқларни, қоидага кўра, шифохонанинг бошқа бўлимларига ўтказиш қатъиян ман этилганини билдириб, ҳозир бирорта ҳам аёл ерда ётмаётганини айтди:

- Ҳозирга вазият – ҳеч ким ерда ётгани йўқ, жойларимиз бор, қўшимча кроватларимиз ҳам бор. Бунақа вазият ҳеч қачон бўлмаган, бўлмайди ҳам – уч кунлик дам олиш ҳисобига шундай фавқулодда вазият бўлиб қолди.

Туғруқхона бош врачи муовинининг айтишича, бу йил Ўзбекистонда "туғиш йили" бўлди.

- Кеча мен ҳисобот топшириб келдим. Август ойида туғруқхонамизда 489 туғилиш бўлди! Ўтган йилга нисбатан туғилишимиз 2 баробарга ошяпти, чунки статистикага кўра, аёлларимиз туғилган 1997-2000 йилларда туғиш жуда кўп бўлган экан. Ўша йили туғилган қизларимиз бу йил она бўляпти. Бутун республика бўйича ҳолат шу. Кейинги йили туғилиш Ўзбекистонда бироз камайиши мумкин, - деди Ўзбекистон тумани туғруқхонаси бош шифокори муовини Насиба Омонова.

Аҳоли ўсиш статистикаси

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йил Ўзбекистон тарихида энг кўп туғилиш қайд этилган йил бўлган.

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистоннинг демографик ҳолати юзасидан навбатдаги ҳисоботида республиканинг доимий аҳолиси 2019 йил 1 июль ҳолатига 33 миллион 523,6 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан буён 268,1 минг кишига ёки 0,8 % га ўсгани айтилган.

Ўтган 2018 йил давомида Ўзбекистон аҳолиси 597,4 минг кишига ёки 2017 йилга нисбатан 1,8 фоизга кўпайган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.