Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:30

Журналистик суриштирув: Мирзиëев Ўзбекистонга кираëтган “Британия компаниялари” асл эгалари кимлигини биладими?


Ўзбекистон иқтисодига 300 миллион доллардан кўпроқ инвестиция киритгани расман хабар қилинган "Британия ширкати" ўз сайтида бош манзили сифатида мана шу квартирани кўрсатган.
Ўзбекистон иқтисодига 300 миллион доллардан кўпроқ инвестиция киритгани расман хабар қилинган "Британия ширкати" ўз сайтида бош манзили сифатида мана шу квартирани кўрсатган.

Ўзбекистон расмий нашрларига кўра¸ мамлакат иқтисодининг аксар соҳалари¸ хусусан¸ металлургия¸ қурилиш ва пахтачилик-тўқимачилик каби секторларига инвестиция ëтқизаëтган хориж инвесторлари орасида Буюк Британия ширкатлари талайгина.

Хориж инвестори мақомида Ўзбекистондаги энг сердаромад соҳаларга катта имтиëзлар билан кираëтган бу ширкатларнинг аксарияти¸ Шотландиядаги The Herald газетаси ўтказган журналистик суриштирувдан аëн бўлишича¸ асл эгаси оффшордаги қобиқ тузилмалар орқали мутлақ бекитилган ва Британияда бирор кун очиқ фаолият юритмай туриб¸ ўзини нуфузли "Британия компанияси" сифатида тақдим этаëтган шубҳали структуралардир.

Суриштирувга кўра¸ нафақат Ўзбекистон¸ балки глобал миқëсда яширадиган ноқонуний бойлиги бўлган сиëсатчилар¸ ҳукумат арбоблари¸ шунингдек турли криминал гуруҳлар¸ айниқса¸ SLP (Scottish limited partnerships - Шотландия чекланган шерикчилиги ) қобиқ тизимидан ниҳоятда кўп ва фаол фойдаланмоқда.

"Британия ширкати" сифатида Ўзбекистонга кирган ширкатларнинг асл эгалари Тошкент ҳукумати тепасида ўтирганлар ëки улар яқинлари эканига оид далиллар ҳозирча йўқ.

Аммо Шотландия нашри суҳбатлашган коррупция ва пул ювиш амалиëтларига қарши кураш бўйича етакчи экспертлар юзлаб миллион долларлик контрактларни қўлга киритган бу "хориж инвесторлари"нинг шаффоф эмаслиги¸ улар эгаларининг ҳар хил оффшор ширкатлари қобиғига яширингани жиддий савол ва шубҳа уйғотишини таъкидлайди.

"Жамоатчилик Ўзбекистон иқтисодининг мўмай улушларини қўлга олган ва олаëтганлар кимлигини мутлақ билиши шарт"¸ дейди The Herald гаплашган очиқ жамият фаоллари.

Мирзиëев даврининг энг катта хорижий инвестори – эгаси сир тутилаëтган қобиқ ширкат

The Herald газетаси журналистик суриштирувида тилга олинган Шотландияда рўйхатдан ўтган “Британия компания”ларидан бири Quality Trade Supplies L.P. ширкатидир.

2017 йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган расмий хабарда бу ширкат ҳақида шундай ëзилган:

Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Сергели туманида бунёд этиладиган «Тошкент металлургия заводи» хорижий корхонаси қурилиш лойиҳаси билан танишди.

Лойиҳа қиймати 278 миллион еврони ташкил этган мазкур корхонанинг таъсисчиси Буюк Британиянинг "Quality Trade Supplies L.P." компанияси ҳисобланади.”(иқтибос тугади)

The Herald газетаси Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги эълон қилган "хорижий инвесторлар" рўйхатида Мирзиëев даврида энг катта сармоя олиб кирган хориж ширкати сифатида айнан Quality Trade Supplies L.P. келтирилганини ëзади. (Озодлик бу рўйхатни топа олмади - таҳр.)

Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери Ўзбекистон иқтисодига энг йирик сармоя ëтқизгани айтилган Quality Trade Supplies L.P. ширкати ҳақида бошқа бирор маълумот¸ хусусан¸ унинг кимга қарашли экани¸ ширкат тарихи ва унинг молиявий аҳволи¸ "Тошкент металлургия заводи" қурилишининг нега айнан шу ширкатга берилганига оид ахборот ўзбек жамоатчилигига ҳозирга қадар тақдим қилинмади.

Quality Trade Supplies L.P. ширкати рус ва инглиз тилларидаги сайтида ўзини халқаро “темир йўллар тармоғини шакллантириш”даги фаол ширкат сифатида тақдим этади ва ўз лойиҳалари ҳақида ëзаркан¸ Қозоғистондаги Жезқозғон-Бейнеу темир йўли ва Манғитаудаги Курик порти қурилиши ва Тошкент металлургия заводини тилга олади.

Озодлик регистрация ҳужжатларида офис манзилини 44 Main street, Douglas, South Lanarkshire, Scotland деб кўрсатган Quality Trade Supplies L.P. ¸ расмий сайтида уни Suite 1, 78 Montgomery Street, Scotland, Edinburgh, United Kingdom (Буюк Британия, Эдинбург шаҳри, Монтгомери кўчаси, 78-уй¸ 1-офис) деб кўрсатганига гувоҳ бўлди.

Quality Trade Supplies L.P. ўз сайтида бош манзилини харитада кўрсатган.
Quality Trade Supplies L.P. ўз сайтида бош манзилини харитада кўрсатган.

The Herald мухбири Ўзбекистон иқтисодига 300 миллион доллардан ортиқ сармоя киритиши иддао этилган бу “Британия ширкати”нинг эгаси кимлигини аниқлаш учун компания расмий сайтида келтирилган рақамларга боғланишга уринган¸ аммо бунга муваффақ бўла олмаган.

Ўзбекистонга "Британия инвестори" сифатида кираëтган аксар ширкатлар бош манзили сифатида кўрсатган "офис"лар ана шу кўчада жойлашган.
Ўзбекистонга "Британия инвестори" сифатида кираëтган аксар ширкатлар бош манзили сифатида кўрсатган "офис"лар ана шу кўчада жойлашган.

30 октябрь куни Озодлик мухбири ҳам ширкат сайтида берилган Россия ва Қозоғистондаги телефон рақамларига қўнғироқ қилди. Россиядаги рақам¸ кўпдан блокланган бўлиб чиқди; Қозоғистондаги рақамга жавоб бериб¸ ўзини Евгений Феоктистов деб таништирган шахс эса¸ Quality Trade Supplies L.P.нинг Ўзбекистондаги лойиҳасига оид саволларга жавоб бера олмаслигини билдирди.

Мен фақат Қозоғистон учун жавоб бераман¸ Остонада ўтираман. Тошкент металлургия заводи лойиҳаси бўйича саволларингизга мен жавоб бера олмайман”¸ деган Феоктистов¸ Ўзбекистон учун масъул шахс билан қандай алоқага чиқиш ҳақида SMS юборишни ваъда қилди. Аммо кун давомида на бу ваъдасида турди ва на кейинги қўнғироқларга жавоб берди.

Буюк Британияда ўтган йили қабул қилинган янги қонунга кўра¸ бу мамлакатда рўйхатга олинган ширкатлар ўзининг якуний бенефициари (ҳақиқий эгаси – таҳр.) ëки PSC – person of significant control – ширкат акцияларининг 25 фоизидан кўпига эгалик қилувчилар шахсини очиқлаши лозим. Аммо Quality Trade Supplies L.P. бу маълумотни ҳозирга қадар очиқламаган.

Quality Trade Supplies L.P. ўз эгаси кимлигини очиқлаш ҳақидаги Британия янги қонунига ҳозирча амал қилмаган.
Quality Trade Supplies L.P. ўз эгаси кимлигини очиқлаш ҳақидаги Британия янги қонунига ҳозирча амал қилмаган.

The Herald мухбири бу ширкат ҳақиқий эгаси “собиқ совет олигархлари”дан бири экани тахмин қилиниши¸ аммо бу олигархнинг Лондонда жойлашган жамоатчилик билан ишлашга ваколатли фирмаси¸ бундай алоқадорликни рад этганини ëзади.(Айни пайтда¸ тахмин этилаëтган "собиқ совет олигархи"нинг шахси мақолада тилга олинмайди - таҳр.)

Quality Trade Supplies L.P.нинг Қозоғистондаги вакили Озодлик билан суҳбатда ширкат эгаси кимлигига оид саволга жавоб бера олмаслигини билдирди.

Tashkent City лойиҳасининг “англиялик инвестори” кимлиги ҳам сир

Tashkent City деб номланган энг йирик бизнес ҳудуди қурилишида қатнашаëтган ширкатлардан бири Эдинбургдаги Corso Solutions SLPдир. Бу ширкат ўтган йил тузилган ва ҳозирга қадар ўз эгаси кимлигини очиқлаш ҳақидаги янги қоидага бўйсунмаган. Бу қоидага риоя қилмаслик кунига 500 фунт стерлинг жарима билан жазоланади. Ҳозиргача на униси¸ на бунисига амал қилинган”¸ дейилади The Herald газетаси ўтказган журналистик суриштирувда жумладан.

Corso Solutions ширкати ҳам 2017 йилдан кучга кирган янги қонунчилик талаби - ўз асл эгалари кимлигини ҳозирга қадар очиқламаган.
Corso Solutions ширкати ҳам 2017 йилдан кучга кирган янги қонунчилик талаби - ўз асл эгалари кимлигини ҳозирга қадар очиқламаган.

​​Озодлик бу ширкатга оид қидирувлар натижасида унинг 2017 йил 26 май куни Arasakumar Jayaraman ва Deepark Devidas деган шахслар билан чекланган шерикчилик асосида тузилгани ва асл эгаси кўрсатилмаган бу ширкатга Deepark Devidasнинг 99 фунт стерлинг (110 АҚШ доллари) миқдорида маблағ қўшганини аниқлади.

Corso Solutions ширкатининг регистрация ҳақидаги ҳужжатидан унинг ўтган йил май ойида тузилгани кўрилади.
Corso Solutions ширкатининг регистрация ҳақидаги ҳужжатидан унинг ўтган йил май ойида тузилгани кўрилади.

Аммо 2017 йил 29 сентябрига келиб¸ номи бирор жойда қайд этилмаган Corso Solutions SLPнинг яширин эгаси аввалги ҳужжатдаги Arasakumar Jayaraman ва Deepark Devidas билан шерикчиликдан чиққанини расмийлаштиради. Очиқ реестер ҳужжатларидан бу ширкат эгасининг кимлиги¸ ëки бир неча миллиард долларлик Tashkent City лойиҳасидаги учта “хорижий инвестор”дан бири сифатида ўзбек матбуотида тилга олинаëтган Corso Solutions деган номи қоғозда бор¸ аммо амалда ўтмиш ва фаолияти йўқ ширкатнинг нима учун Tashkent City қурилишидан мўмай улуш олганига оид бирор маълумот топишнинг имкони бўлмади.

Tashkent City маъмурияти бу лойиҳа инвесторларининг таркибига Бош вазир¸ шаҳар ҳокими ва қатор вазирлик ва идора раҳбарларидан тузилган кенгаш томонидан конкурс асосида танлаб олинганини иддао қилади.

Аммо бу конкурснинг қачон¸ қайси мезонлар асосида ўтказилиб¸ иштирокчиларнинг қайси асосда танланганига оид жиддий маълумотни жамоатчиликка очиқламаган.

Озодлик бу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Tashkent City лойиҳаси маъмуриятига мурожаат қилди. Озодлик билан маъмуриятнинг хорижий инвесторлар билан ишлашга масъул ходими сифатида гаплашган шахс¸ лойиҳа ижроси учун танланган хориж ширкатлари¸ хусусан¸ Corso Solutions ҳақида маълумотни «бизнес сири» деб атади ва унинг ўтмишда қандай фаолият билан шуғуллангани¸ хусусан¸ унинг эгаси кимлигига оид саволларга жавоб бера олмаслигини билдирди.

«Бу саволларингизни ширкатнинг ўзига беринг»¸ дея тавсия қилди Tashkent City расмийси 31 октябрь кунги телефон суҳбатида. Аммо бу ширкатнинг на расмий сайти¸ на офиси ва на жамоатчилик билан ишлашга масъул ходими йўқлиги боис¸ Озодлик бу тавсияни амалга ошира олмади.

Мирзиëев махсус қарор билан имтиëз берган “Буюк Британия ширкатлари” эгалари яширин

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил 15 сентябрда имзолаган “Сирдарë вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ¸ «TRONTEX LP» (Буюк Британия) ва «GRATUM TRADING LP» (Буюк Британия) хорижий компаниялари иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Bek cluster» қўшма корхонаси ташкил этилди.

Сирдарë вилоятининг энг унумдор суғориладиган ерларидан 18 минг гектари ажратилган бу хусусий қўшма корхонага президент қарори билан қатор имтиëзлар берилган¸ хусусан¸ солиқлардан озод қилинган.

Озодликнинг аниқлашича¸ президент қароридан то ўзбек матбуотигача “британиялик инвестор” сифатида тақдим этилаëтган Trontex LP 2015 йилнинг 16 сентябрида¸ Gratum Trading LP эса 2016 йилнинг 20 сентябрида тузилган ва уларнинг иккаласи ҳам битта – 196 Rose Street, Edinburgh, Office 7 манзилида регистрация қилинган¸ расмийлаштиришни ҳам битта Global Advisors томонидан амалга оширилган.

Trontex LP ширкати ҳам ўз асл эгасини¸ қонунчиликка хилоф тарзда¸ ҳамон сир тутмоқда.
Trontex LP ширкати ҳам ўз асл эгасини¸ қонунчиликка хилоф тарзда¸ ҳамон сир тутмоқда.

The Herald газетасининг Ўзбекистон президенти матбуот хизмати¸ Лондондаги Ўзбекистон элчихонасига “Президент солиқ имтиëзлари берилган бу ширкатлар асл эгаси кимлигини биладими?” деган савол билан қилган мурожаатлари жавобсиз қолган.

Gratum Trading SLP ҳам ҳозиргача ўз эгаси кимлигини очиқламагани учун огоҳлантириш олган қобиқ компаниядир.
Gratum Trading SLP ҳам ҳозиргача ўз эгаси кимлигини очиқламагани учун огоҳлантириш олган қобиқ компаниядир.

Биз ëзма тарзда президент энг йирик “хорижий” инвесторларнинг нима учун ўз кимлигини очиқламаëтганидан хавотирга тушмаяптими¸ деб сўрадик. Аммо бу саволга ҳам жавоб бўлмади”¸ деб ëзади The Herald газетаси.

Президент ва ўзбекистонликлар нега Шотландияда рўйхатдан ўтган “хорижий инвестор”лардан хавотирга тушиши керак?

The Herald газетаси ўтказган суриштирув давомида мутахассислар бу саволга аниқ жавоб беради.

SLP ((Scottish limited partnerships - Шотландия чекланган шерикчилиги ) ларнинг дунë бўйлаб коррупционерлар учун пул ювиш механизмига айланиб улгургани кўпдан тасдиғини топган. Оффшордаги аноним ширкатлар томонидан назорат қилинадиган SLPлар сиëсатчиларга пора бериш ва коррупциялашган элитанинг энг муҳим саноат бойликларини ўз қўлига олишида ниҳоятда самарали экани ҳам исботланган нарса”¸ дейди коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи Transparency International гуруҳи тадқиқотчиси Ben Cowdock.

Бир пайтлар шотландиялик фермерларга ердан биргаликда фойдаланиш механизми сифатида ташкил этилган SLPлар¸ халқаро оффшор тизимлар ҳақидаги Moneyland китоби муаллифи Oliver Bulloughнинг The Herald мухбирига айтишича¸ бугунга келиб жиноий бойликларни бекитиш ва ювишнинг энг қулай усулига айланган.

Мутахассиснинг таъкидлашича¸ SLPлар ва уларга ўхшаш қобиқ структуралар бекитадиган бойлиги борлар учун қулай механизмга айланган ва "ўғри ва қаллоблар – улар собиқ совет давлатлари ҳукмдорларими ëки наркокартел бошлиқлари" ўз ноқонуний бойликларини айни шу механизмдан фойдаланиб легитимлаштирмоқда.

Экспертлар таъкидича¸ бошқа шаклдаги ширкатлардан фарқли SLPлар қонуний юридик шахс сифатида банк ҳисоблари очиши ва бошқа бойликларга эгалик қилиши¸ исталган бизнес келишувлари тузиши¸ ҳатто қарз олиши мумкин. Улар оффшор ширкатлари билан шерикликка киришган тақдирда эса¸ бундай ширкатларнинг асл эгалари мутлақ қоронғулигича қолиши мумкин.

Британияда рўйхатга олинган ҳар қандай ширкат¸ аслида ундай бўлмаса ҳам¸ Британия компанияси сифатида легитимлашади. Бизнинг пул ювишга қарши қонунларимиз шу қадар заифки¸ ҳатто ширкатларни рўйхатга олиш идораси ўзига берилган маълумотнинг қанчалик ҳақиқийлигини текшириб ҳам ўтирмайди. Шунинг учун Британиядаги бизнес тизимларининг дунëдаги энг йирик молиявий жанжалларга аралашган бўлиб чиқмаслигини олдини олишнинг иложи йўқ”¸ дейди шотландиялик пул ювиш бўйича эксперт Oliver Bullough The Herald газетаси мухбири билан суҳбатда.

“Британия ширкати”нинг ўзбекистонлик эгалари

The Herald ўтказган журналистик суриштирув пайтида аниқланишича¸ Британияда ўтган йили жорий этилган янги қонундан сўнг ўз ҳақиқий эгаси кимлигини ошкор қилишга мажбур бўлган SLP ((Scottish limited partnerships - Шотландия чекланган шерикчилиги )лардан ҳозиргача камида 95 тасининг эгаси ўзбекистонликдир.

Улар орасида¸ нашрнинг тилга олишича¸ марҳум президент Ислом Каримовнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаев¸ қизлари Лола ва Гулнора Каримоваларга қарашли ширкатлар ҳам бор.

Ўтган йили Франция ва Британия журналистлари биргаликда ўтказган журналистик суриштирув давомида¸ Лола Каримова ва унинг эри Тимур Тиллаевнинг оффшордаги компаниялар воситасидаги мураккаб схемалар орқали Шотландияда рўйхатга олинган учта SLP дан фойдаланиб келгани ошкор бўлган эди.

The Herald газетаси эълон қилган суриштирувда қайд этилишича¸ жорий йил бошида БМТнинг Тараққиëт дастури Шотландияда рўйхатга олинган бешта шундай ширкатни Ўзбекистонга берилаëтган халқаро ëрдамни ўзлаштиришда гумонлаб¸ қора рўйхатга киритган.

Special Alliance Partnership, Investment Affairs, Trident Asia ва Five Star Commercial Services деб номланган бу ширкатлар ҳам айни кунларда Ўзбекистонга “британиялик инвестор” мақомида кириб бораëтган SLPлар каби Эдинбургнинг Main street, 44-уйида ëки Montgomery кўчасининг 78-уйидаги эски квартирада рўйхатга олинган.

Бу манзилда яшовчилар эса¸ Шотландия газетаси мухбири билан суҳбатда¸ на бу ширкатлар¸ ва на улар эгалари ҳақида ҳеч нарса билмасликлари¸ коррупцион жанжаллар марказига айланиб бораëтган бундай номи бор¸ эгаси яширин ширкатлардан қутула олмаëтганларини айтади.

Аргентинада бораëтган 1 миллиард долларлик пора жанжали¸ Россияда давлатнинг 20 миллиард долларини ўғирлашга оид журналистик суриштирув¸ Украина ва Озарбайжондаги юзлаб миллион долларлик пул ювиш операцияларига оид ишлар марказида айни шу икки манзилда рўйхатга олинган ширкатлар туради.

БИЛДИРУВ - Шавкат Мирзиëев мамлакат иқтисодини тубдан ислоҳ қилиш¸ Ўзбекистон иқтисодини " ўғри ва каламушлар"дан тозалаш иддаоси билан ҳокимиятга келди. Озодлик Мирзиëев даврида мамлакатдаги сердаромад лойиҳаларни қўлга киритган ва киритаëтган маҳаллий¸ хусусан¸ "хориж инвестори" мақомидаги эгаси яширин ширкатлар ортида кимлар турганига оид ўз журналистик суриштирувини олиб бормоқда. Бу жараëнга оид маълумот¸ тафсилот¸ энг муҳими¸ ҳужжатларга эга бўлсангиз¸ уларни Озодликка юборишингизни сўраймиз. Озодлик бундай маълумотни сиздирганлар шахси сир қолишини кафолатлайди. Маълумотларни Telegramдаги +420724971539 рақами ëки @ozodnews манзилига юборишингизни сўраймиз.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG