Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:11

Мирзиёев одамлар дунёқарашини ӯзгартиришни товуқларга юклади 


Президент Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ўзининг 6 йиллик товуқ боқиш режаси мувафаққиятли бўлаётганини таъкидлади:

“Ҳар бир одам, ҳар бир хонадонда қачон эртанги кунга ишонади? Агар манфаат бўлса. 1 та сигири 2 та бўлса, 1 қўйи 4 та бўлса, 50 та товуғи 100 та бўлса бу — манфаат”.

Президент баёноти турли вилоятларда яна товуқчилик пойгасини жонлантирди. Ҳар бир маҳалла юқори турувчи идораларга товуқчилик бӯйича ҳисобот бермоқда.

Андижонда ҳар бир маҳаллага 800та товуқ олиш мажбурияти қўйилган бўлиб, товуқлар касалманд бўлгани ва бозор нархидан икки ҳисса қимматлиги боис харидор топилиши қийин бўлмоқда.

Айрим маҳаллаларда аҳолига чалажон товуқлар кредит ҳисобидан мажбуран тарқатилмоқда.

Буни Озодлик суҳбатлашган Андижондаги маҳалла фаоллари ва мулозимлар ҳам тасдиқлади.

Президент Мирзиёевнинг товуқ боқишни кооперация асосида амалга ошириш режаси 15 мартда якунланиши лозим эди.

Бироқ нафақат Андижонда балки мамлакатнинг бошқа айрим ҳудудларида ҳам молиявий муаммолар сабаб президентнинг бу лойиҳасини амалга ошириш имконсиз қолмоқда.

Эндиликда маҳаллий ҳокимликлар Мирзиёев режасини амалга ошириш ҳаракатида ушбу лойиҳа асосида етиштирилган товуқларни аҳолига қиммат нархда пуллашга ҳаракат қилмоқда.

Чалажон товуқлар

Андижон вилояти Пахтаобод туманида маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, аҳолини товуқ олишга мажбурламоқда. Бу ҳақда Озодликка айтган пахтаободлик аёлга кўра, товуқлар чалажон бўлгани боис одамлар уларни олишни истамаяпти.

“Маҳаллакўмлар ҳар бир уйга кириб товуқ олишга мажбурламоқда. “Бола пули” оладиганларни айниқса, қўрқитишмоқда. Лекин ҳеч ким бу товуқларни олишни истамаяпти. Биринчидан, товуқлар қиммат, битта донасини 84 минг сўмдан сотишяпти. Бозорда 35-40 минг сўмга олса бўлади. Иккинчидан, товуқлари чалажон. Олган одамларники ҳам бир ҳафтага бормасдан ўлиб қолмоқда”, деди аноним қолишни сўраган пахтаободлик аёл.

Буни қисман тасдиқлаган Пахтаободдаги маҳалла фаоли эса МФЙ ходимлари ўзи маҳаллий ҳокимлик томонидан 800та товуқни олишга мажбурланаётганини айтди.

“Ҳар бир маҳаллага 800та товуқни олиш мажбурияти юкланган. Товуқларни олишга одам топа олмаса, мфй ходимларининг ўзи олиши шарт. Ҳар куни кечки пайт товуқ бўйича рўйхат бермаганларни битталаб сўроқ қилишмоқда. Лекин одамлар товуқларни қиммат бўлгани ва касал бўлгани боис олишни истамаяпти. Бировларнинг олган товуқларининг ярми ўлиб қолган ҳолатлар ҳам бўлди”, деди исми очиқланмасликни сўраган маҳалла фаоли.

Андижонда аҳолига касал товуқлар тарқатилаётгани ҳақида SizdanTelegram каналига ҳам мурожаат бўлган:

“Мирзиёев товуқлари”

Гап Мирзиёевнинг товуқ боқишни кооперация асосида амалга ошириш режаси ҳақида бормоқда: Маҳалладаги “лидер” тадбиркорлар очган кооперациялар орқали ҳар бир вилоятда камида 20 мингта хонадонга 20-100 тадан хонаки товуқ берилиши лозим эди.

Андижон вилоят ҳокимлигига яқин манбанинг аноним қолиш шарти билан Озодликка айтишича, президентнинг ушбу лойиҳаси асосида маҳаллий фирмалар Беларусдаги ширкатлар билан шартнома имзолаган:

“Бу фирмаларга маҳаллий бюджетдан 6 ойга катта суммада пул ўтказиб берилди. Суммасини аниқ билмайман. Фирмалар шартнома асосида Беларусдан Андижонга 2 миллион дона тухум олиб келишди. “Тетра” зотли товуқ тухуми. Жўжалар тухумдан чиқиб, 120 кун боқилгач, 10 март кунига тарқатилиши лозим эди. Бироқ “лидер” тадбиркорлар кооперациясини молиялашда муаммо туғилди. Банклар кооперацияларга имтиёзли кредит бера олмаслиги маълум бўлди. Вилоят бўйича фақат 10-15 фоизгина кооперацияга кредит ажратилди. Натижада ўтмай қолган товуқларни имтиёзли кредит асосида аҳолига тарқатиш масаласи ишлаб чиқилди. Аҳолига оилавий тадбиркорлик линияси бўйича 3 йилга 6 ойлик имтиёз билан кредит таклиф қилинмоқда.”

Андижон вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Беларус билан шартнома имзолаб, товуқ тухуми олиб келган Андижондаги фирмалардан бири “Пахтаобод Парранда” МЧЖдир. Озодлик 25 апрель куни ширкат раҳбари Элёрбек Сатторовнинг мобил телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди, бироқ боғланиш имкони бўлмади.

Мирзиёевнинг “товуқ сиёсати”ни амалга ошириш мақсадида аҳолини кредит олишга мажбурлаш ҳолатларини ўрганаётган Телеграмдаги Bakiroo канали муаллифи Отабек Бакировнинг ёзишича, Андижондаги ҳолат мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда:

“Бюджет пулларидан қизилтовуқ схемаси тузиш бўйича Андижон тажрибаси Фарғонага ҳам етиб борган. Фарғонада маҳаллий бюджет маблағлари 6 ой муддатга "Қуқумбой наслчилик парранда" МЧЖга ўтказиб берилган. "Қуқумбой наслчилик парранда" МЧЖ бюджет пулини қайтариши учун энди камбағал фарғоналиклар мажбурий имтиёзли кредит ҳисобидан қиммат товуқ олишга мажбур…Кўп бора айтганимиздек, имтиёзли кредитлаш қашшоқликни тугатишга эмас, янада авж олишига, ҳокимлар ва уларнинг воситачи шотирларини ҳисобсиз бойишига сабаб бўлади. Бюджет маблағлари ҳисобидан тухум сотиб олиш ва чиққан жўжаларни ўртамчи таъминотчи орқали 3 баробар қимматга пуллаш - бу энди мутлақо янги даража.”

Озодлик мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги вазиятни ҳам ўрганмоқда. Жумладан, Бухорода ҳам айни вазият экани хабар қилинди.

Мирзиёевнинг 6 йиллик “товуқ сиёсати”

Мирзиёев президентлик курсисига ўтиргач, халқни бойитиш бўйича бир қанча тавсиялар тақдим қилди. Уларнинг энг биринчиси, айнан товуқ боқиб бойиш ҳақида.

Мирзиёев 2017 йилнинг 19-20 январь кунлари Қорақалпоғистонга қилган сафари чоғида ҳар бир оила 100 тадан товуқ боқишга мажбурлигини айтди.

Мирзиëев барчага товуқ боқиш мажбуриятини юклади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:52 0:00

Товуқ учун аҳолига имтиёзли кредитлар тавсия қилинди. Бироқ орадан бир йил ўтмасдан Мирзиëевнинг ҳар бир оилани товуқбоқар қилиш режаси мағлуб бўлди.

Бироқ Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ўзининг товуқ боқиш режаси мувафаққиятли бўлаётганини таъкидлади.

“Ҳар бир одам, ҳар бир хонадонда қачон эртанги кунга ишонади? Агар манфаат бўлса. 1 та сигири 2 та бўлса, 1 қўйи 4 та бўлса, 50 та товуғи 100 та бўлса бу — манфаат. Кеча Андижонни телевизорда кўрсатишяпти. Товуқ тарқатиляпти. Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа — энг оғир туманларимизда 100 тадан товуқ олганлар”, дея Мирзиёев ҳокимларга қарата: “Қўлингдан ҳеч нарса келмаса, одамларга ҳеч бўлмаганда 100 та товуқ бер… Олти ой ичида у билан гаплаш. Уларнинг дунёқараши ўзгаради”, деди.

Олти йил давомида аҳолини товуқ боқишга жалб қилиш мақсадида ўнлаб қарорлар, фармонлар имзоланди. Қонунчилик маълумотлари миллий базаси- lex.uz сайтида жорий йилнинг ўзида паррандачилик бўйича 23 та ҳужжат жойланган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG