Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:59

Ёқутистонда маҳаллий аёл зўрланиши ортидан мигрантларга босим кучайди (ВИДЕО+ФОТО)


Жиноят содир этилгани гумонланган автоустахона
Жиноят содир этилгани гумонланган автоустахона

Ёқутистонда бир гуруҳ қирғизистонлик меҳнат муҳожири маҳаллий аёлни ўғирлаш ва зўрлашда айбланиши ортидан мигрантларга қарши оммавий стихияли митинглар кўтарилди. Миллий низо авж олган Ёқутистонда ишлаётган ўзбек муҳожирлари ўз дўконларини ёпишга мажбур бўлгани ва ўлкада полиция кучайтирилган назорат режимига ўтганини хабар қилмоқда.

Кузатувчилар оммавий норозиликларга минтақада йиғилиб қолган миллий муаммолар сабаб бўлганини гапирмоқда.

17 март куни Ёқутистон пойтахти Якутскда мигрантларга қарши 200-300 кишилик стихияли митинг бўлиб ўтди. Йиғилганлар миграция қонунчилигини кучайтириш ва жиноятчиларни қаттиқ жазолашни талаб қилди.

Бу норозилик акцияси маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда марказий осиёлик бир гуруҳ шахснинг ёқутистонлик 36 яшар Оксана В.ни ўғирлаб кетиб, зўрлагани тўғрисидаги хабарлар ортидан юзага келди.

Ёқутистон Тергов қўмитаси бошқармаси мулозими Озодлик сўровига жавобан бу аёлнинг ўғирланиши ва зўрланиши ортидан жиноят иши қўзғатилганини билдирди:

- 2019 йилнинг 17 март куни соат 4-ларда Саха (Ёқутистон) Тергов қўмитаси органларига Якутск шаҳрининг Кузьмин кўчасидан номаълум шахс бир аёлни машинасига мажбурлаб ўтирғизиб, ғойиб бўлгани тўғрисида хабар келиб тушди. Бироз вақтдан кейин бу аёл ўзи Тергов қўмитасига ариза билан мурожаат қилди. Росгвардия ва полиция оператив қидирув амалиёти натижасида жиноятга алоқадорликда гумонланган шахс ҳибс этилди, - деди адлия полковниги Надежда Дворецкая.

Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, бу шахс ўзининг “Тойота-Королла” автомобилида аёлни зўрлаб, шаҳарнинг бир четида жойлашган автоустахонага олиб келган. У ерда Оксанани устахонада ишлаётган иккита бошқа ҳамюртига “ўлжа” сифатида ташлаб кетган.

Қўриқчилари ухлаб қолганидан фойдаланган аёл қочиб қутулишга эришади ва полицияга мурожаат қилади.

Жабрланувчи аёл қўлга олинган шахсни юзлаштириш пайтида танигани ва у ўз айбига иқрор бўлгани ҳам айтилди.

"Можарога миллий тус берилмаслиги керак!"

Ёқутистон Тергов қўмитаси маҳаллий аҳоли вакилларидан тергов ва суд натижалари асосида хулоса чиқариш ва миллий низоларни келтириб чиқарувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

“Статистика маълумотларига кўра, жинсий зўравонлик турли миллат ва элат, дин ва ижтимоий мақом вакиллари томонидан содир этилади. 2017 йилда Ёқутистонда содир этилган 117 та жинсий тажовуздан олтитаси хорижликлар томонидан содир этилган. 2018 йилда бундай жиноятлар сони 296 тани ташкил этган бўлса, атиги 4 тасига хориж гражданлари алоқаси борлиги исботланган”, дейилади маҳаллий Тергов қўмитаси расмий хабарномасида.

Шунга қарамасдан, полиция ва махсус органлар назорати кучайтирилган ўлкада 18 март куни ҳам “Триумф” спорт мажмуаси ёнида митинг бўлиб ўтиши тўғрисида хабарлар тарқалди.

Тармоқларда меҳнат мигрантларини жисмонан йўқотишга қаратилган даъватлар пайдо бўла бошлади.

Кузатувчилар бу оммавий чиқишлар республикада анчадан буён йиғилиб келган муаммолар натижаси эканига эътибор қаратиб, содир этилган жиноятга миллий тус берилиши жиддий салбий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

​Таниқли ёқут журналисти ва блогери Дмитрий Михайлов ўзининг Фейсбук саҳифасида бу чиқишларни миллий низога айлантирмоқчи бўлганларни танқид остига олди:

Сводкаларни кузатиб бораётган одамлар бирорта зўрлаш тўғрисида хабарни тинглаб “А, маҳаллий ёқутлар экан зўрлаган. Қўявер”, деса, “О, мана бунисида қирғизлар экан! Қачонгача! Ҳаммани митингга чақир!”, деб жар соляпти. Ички ишлар министри муовини Николай Мамчур ўз ходимасини зўрлашга уринганида маънавият ҳимоячилари қаерда эди? Руҳоний Мелетий болаларни зўрлаётганида ким нима деди (87 зўрлаш, атиги 17 йил олди)? 2018 йил декабрида бир меҳмон уй эгасини калтаклаб, 6 яшар қизчасини зўрлаганда бу ўртоқлар қаерда эди? Гап бу можаролар “ўзимизнинг” миллат вакиллари томонидан содир этилганида холосми?”.

Айни дамда, маҳаллий қирғиз диаспораcи раҳбарининг ўз юртдошлари қилмишлари учун кечирим сўраган видеоси тармоқларда тарқади.

Ёқутистонда муҳожирларга қарашли барча дўконлар ёпилган
Ёқутистонда муҳожирларга қарашли барча дўконлар ёпилган

Озодликка Якутскдан уланган ўзбек муҳожирларидан бири вазият таранглашиб бораётганини тасдиқлар экан, бу ўлкада миллатчилик айримлар учун қўл келишини сўзлади. Тушунарли сабабларга кўра исмини ошкор қилмасликни сўраган ўзбекистонлик суҳбатдош икки кундан бери муҳожирлар ишлаб келган барча дўкону устахоналар ёпилганини айтиб берди.

- Бу жанжал ўзи кеча кечқурун бошланган эмас. Олдиндан пишиб келган нарса. Бир магазинга товарини қайтариб бераётсак сотувчи ёқут “Сенлардан фойда йўқ! Қаерда юрганингни унутгансанлар!”, деб баҳона қиляпти. Документ бўйича Миграция бўлимига кирсак, фақат “Кет, кет! Нима қиласан бу ерда – кўпайиб кетдиларинг”. Бу давлат ходимининг гапи! Кеча учта бола бир аёлни зўрлабди. Кечаси жанжал бошланди. Қирғизларни кетсин деб, таксистларни кўчаларда ушлаб, мошиналарни қувяпти – шунақа ишлар бўлаяпти.

Ўзбек-қирғизлар ҳозир тўхтаган. Бу иш орқасидан ўзбек, тожик, ҳатто чечен ва доғистонликларга таъсир қилаяпти. Вазият авж олди, шекилли. Полиция ҳаммаси машиналарда кўчаларга чиқарилган. Ўзбекларни ҳам дўконларини ёпишга мажбурлашидан фақат қирғизларга ёмон бўлмаяпти. Ҳамма ўзбеклар мева-сабзавот сотса, қирғизлар автобус-таксиларда, қурилишларда ишлаб келади,- деди ўзбекистонлик муҳожир.

Шу кунда Ёқутистонда Қирғизистондан келган 7 мингга яқин меҳнат муҳожири ишлаб келаётгани маълум.

Пойтахтда бўлиб ўтган митинг ортидан шаҳар мэри Сардана Авксентьева шаҳардаги барча транспорт, савдо ва умумий оватланиш тизимларига қарашли корхоналарни миграция қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб текшириб чиқишни буюрди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG