Ўзбекистонда пахта терими мавсуми авж паллага чиққан бир пайтда мамлакат жоме масжидларида жума кунги намозларда аҳоли пахта теримига чиқишга даъват қилинди. Баъзи имомлар, ҳаттоки, пахта териш ҳар бир мусулмон учун "вожиб амал" дея ҳукм чиқарган. Шу билан бирга аксар масжидларда намозхонлардан пахта терими учун пул ҳам йиғилмоқда.
Тошкентнинг “Чинни бозор” деб ном олган Ҳунармандлар ва хўжалик моллари бозорида савдо қилаётган тадбиркорлардан бозор маъмурияти томонидан “пахта ҳаражатларига” пул йиғилаётгани айтилмоқда. Озодликка мурожаат қилган тадбиркорлардан бири берган бу хабарга кўра, битта пахта мавсумига ҳар бир тадбиркордан 1 миллион сўмдан олинмоқда. Бозор маъмурияти бу иддаоларни инкор этди.
Андижон вилояти, Асака туманидаги мактаблар ўқувчилари ота-оналарининг Озодликка айтишича, улардан 5000 сўмдан пул йиғилиб, бу пулга ҳар бир синф учун биттадан мардикор ёллаб пахтага жўнатилган. Мутасаддилар ота-оналардан пул йиғилганини билвосита тасдиқлади, лекин уларнинг айтишича, ота-оналар "ўз ихтиёри билан пахтага теримига ҳисса қўшмоқда".
Сурхондарë вилоят, Қизириқ тумани ҳокими 22 сентябрга ўтар кечаси пахта тозалаш заводидаги йиғилишга чақиртирилган маҳалла ва бюджет ташкилоти раҳбарларини саҳарги соат 3¸5 гача пахта тердирди. Айни пайтда¸ Озодлик билан боғланган бир неча қизириқлик манбага кўра¸ "ҳоким туман пахта заводи ҳисобчиларини қамоқ билан қўрқитиб¸ ундан йўқ пахтани бор қилиб ëзишни талаб қилган".
Жиззах вилояти, Зарбдор тумани, Мустақиллик маҳалласида пахта теримига чиқарилган 28 яшар келинчак Дилором Жўраева олти ойлик ҳомиласидан айрилди. Зарбдорликларга кўра, келинчак маҳалла фаолларининг босими остида теримга мажбурланган. Мутасаддилар эса мазкур воқеада келинчакнинг оила аъзоларини айблашга уринди.
Жорий йилнинг 16 сентябридан 18 сентябригача ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларидан иборат “Қўрқмаслар” гуруҳи Тошкент вилоятининг бир неча туманида бюджет ташкилоти ходимларининг пахта теримига мажбурий жалб қилиниши юзасидан мониторинг ўтказди.
Навоий давлат кончилик институтининг пахта теримига чиқарилган биринчи боcқич талабалари “дедовшчина”дан шикоят қилди. Биринчи курс талабаларининг Озодликка хабар қилишича, катта курсда ўқиётган талабалар улар устидан зўравонлик қилмоқда. Кимё-металлургия факультети пахта штаби бошлиғи талабалар шикоятини эшитмаёқ рад этишга шошилди ва трактор шовқинини баҳона қилиб, алоқани узиб қўйди.
“Президент ваколатини олган одамнинг топшириғини бажармасликка ҳаққинг йўқ!” Бу сўзларни Жиззах вилояти Жиззах тумани пахта штабининг ўзини Лазиз Файзиқулов деб таништирган ходими пахта теримига чиқишни истамаган майда тадбиркорга нисбатан таҳдид оҳангида қўллади. Озодликка етиб келган аудиофайлда пахта штаби ходими Лазиз Файзиқулов майда дўкондога, агар у пахта теримига чиқмаса, дўконини бутунлай беркитиб ташлаш билан таҳдид қилади.
Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёвнинг Жиззах вилоятига сафари муносабати билан шу вилоятнинг Ғаллорол тумани марказида яшовчи тиниб-тинчимас тингловчимиз Набижон ота Жўрабоевни суҳбатга тортдик. У кишининг айтишича, Мирзиёв билан Жиззахга етиб борган ва бир қатор мулозимларни амал курсисидан учириб кетган шамол ҳозирча Ғаллаоролда сезилгани йўқ. Лекин, бутун мамлакат бўйлаб эсаётган бошқа “шамол” – пахта шамоли шиддати пахта экмайдиган бу туманда ҳам пахта экадиган туманлардагидан паст эмас.
Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 8-оилавий поликлиниканинг пахтага ҳайдалган ва кунлик нормани бажармаган ходимларига ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда. Озодликка йўлланган видеода поликлиника мулозимининг ходимлардан бу борада мажбурий тилхат олаётгани акс этган. Мулозим айтиб туриб ёздирган тилхатда кунлик 50 кило нормани бажармаган ходим, ўз аризасига кўра, ишдан кетиши қайд қилинган.
Ўзбекистон ҳукумати пахтани етиштириш ва эскпорт қилишда коррупцион схемаларга чек қўймас экан пахта яккаҳокимлиги сақланиб қолаверади. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кампания фаоли, Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова ана шундай фикрда.
Давомини ўқинг