Нақд пул тақчиллиги ортидан нақдсиз тўловлар ҳам кечикмоқда

Сентябрь ойининг сўнгги ўн кунлигига келиб Ўзбекистондаги аксар давлат ташкилотларига маош беришга ваколатли Агробанк пластик карталарга нақдсиз тўловларни ўтказишда жиддий муаммога учрамоқда. Банк масъулларидан бирининг эътирофича¸ нақдсиз тўлов тизимидаги муаммо илдизи давлат ғазнасида пул йўқлигига бориб тақалади.

“Банк олдида юзлаб одам¸ пластикка ойлик ўтказилишини сўраяпти”

“Наманган вилояти Агробанк бўлимларида бугун турнақатор навбат – онлайн¸ яъни узкарталар ишламаяпти. Программа сбой берди¸ деган баҳонани келтиришаяпти. Бечора бюджетда ишлайдиган ходимлар арафа¸ ҳайит куни қорнини тикиб ўтирадими¸ ҳайронман. Бухгалтериялар ведомостни банкка аллақачон топширганман дейди¸ банк пул йўқлигини бекитиш учун ëлғон баҳона келтираяпти. Вилоят Марказий банки¸ республика Марказий банки ишонч телефонлари чақириб-чақириб тўхтайди¸ биров жавоб бермайди. Ишламайдиган рақамларни реклама қилиб нима қилади булар”¸ дейди 23 сентябрь куни Озодликка боғланган Намангандаги давлат идораларидан бирининг масъул ходими ўз шахси сир қолиш шарти билан.

Бу манбага кўра¸ бутун вилоятда таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари маошлари¸ уларнинг хоҳишига қарши 100 фоиз пластик карточкага ўтказилган ва эндиликда бу карталар ҳам бўшаб ëтибди.

“Нақд пул бўлмаса¸ энди пластик карточкагаям ойлик туширилмаса¸ биз ҳеч нарса харид қила олмай қолдикку! Нима қилайлик энди¸ оч ўтирайликми? Бугун ҳайит арафасида уйга у бу нарса кўтариб борадиган кун бўлса? Энди нима қиламиз – иложини топиб¸ кимдандир пора оламизда. Коррупцияга қарши кураш деб жар солади-да¸ ўзлари одамларни шунга мажбурлаяпти!”¸ дейди ўзи давлат идорасида мулозим бўлиб ишлаëтган Озодлик манбаси.

Озодлик билан суҳбатда Агробанкнинг Тошкентдаги бош идораси вакиллари ойликларни пластик карточкаларга туширишнинг қай сабабга кўра кечикаëтганига оид изоҳ беришни исташмади.

Агробанкнинг вилоят бўлимларидан бирида пластик карталар учун масъул ходим Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда нақд пул тақчиллиги ортидан энди Ўзбекистонда нақдсиз пул муаммоси ҳам бошланганини эътироф этди:

- Бизга юқоридан буйруқ келган – нақд пулни фақат теримчига¸ улардан ортса¸ пенсионерга берасан¸ деб. Давлат ташкилотлари ходимларига ойлик кечикаëтгани сабаби бизга эмас¸ ғазначиликка боғлиқ. Давлат ташкилотларини молиялаштириш билан ғазначилик шуғулланади. Бизга ғазначилик нақдсиз пул берса¸ уни биз ташкилотлар ҳисобига бўлиб ташлаймиз. Бизга ҳозир камида 200 та ташкилот ўз ходимларига ойлик бериш учун ведомост топширган. Энди биз ғазначилик қанча пул берса¸ шуни икки-уч кун ичида ана шу 200 та ташкилотга бўлишимиз керак. Чиндан ҳам буни компютер дастурларимиз кўтара олмайди. Ҳозир бор пулни ташлашга ҳаракат қилаяпмиз. Одамларга уйга кетиб¸ картасига пул тушишини кутишини айтаяпмиз¸ лекин одамлар бизга ишонмай қолган. Эшик тагида чиндан ҳам тумонот одам¸ ҳамма ойлик сўраяпти¸ дейди вилоятлардан биридаги Агробанк бўлимининг пластик карталар учун масъули.

Бу манбанинг айтишича¸ ойлик ва бошқа тўловларни пластик карталарга вақтида ўтказиш билан боғлиқ муаммо икки-уч ой аввал кўзга ташлана бошлаган¸ аммо сентябрь ойи охирига келиб¸ кескинлашган.

“Авваллари ғазначилик ойнинг 30 куни бўлса¸ шу 30 кун ичида ойлик ва тўловларни бизга мунтазам ташлаб берарди. Бу ойга келиб¸ пул берилмади ва охирги икки-уч кун ичида пул қисман ўтказилаяпти. Бутун республика бўйлаб Агробанкда уч кундан бери шу аҳвол¸ республика буни яхши билади. Юзлаб ташкилотнинг минг-минглаб ходими ойлик ва тўловларини биз бир-икки кунда бера олмаймиз ахир”¸ дейди Агробанк бўлимларидан бирининг пластик карталар учун масъули.

Нақд пул тақчил¸ нақдсиз пул нега тақчиллашмоқда?

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаевнинг тушунтиришича¸ нақд пул тақчиллиги Марказий банк билан тижорат банклари фаолиятига боғлиқ муаммо.

“Тижорат банклари дўкон¸ корхона ва хизмат соҳасидан нақд пулни йиғиб олиб¸ инкассация қилиб¸ уни банклардан корхоналарга бериши керак. Пластик картага нақдсиз пулни тушириш эса Иқтисодиëт ва Молия вазирлиги¸ Солиқ қўмитаси ва соҳа вазирликларининг бюджетга даромад тушириш фаолияти билан боғлиқ”¸ дейди иқтисодий таҳлилчи:

- Корхоналар ўз даромадидан солиқ тўлайди ва давлат бюджетининг асосий кирим қисми ана шу солиқлардан ташкил топади. Молия вазирлигининг Ғазначилик бошқармаси ғазнага тушган нақдсиз пулни перечисление билан давлат ташкилотлари ва корхоналар ҳисобига ташлаб бериш учун банкларга ўтказади. Банклар эса¸ ҳар бир ташкилот бир ой¸ бир квартал ëки бир йилда берадиган ведомост бўйича¸ бу пулни улар ходимларининг пластик карталарига ойлик шаклида бўлиб беради. Булар ҳаммаси нақдсиз бўладиган молиявий операциялар. Агар бугунга келиб Ўзбекистон ҳукумати давлат ташкилотлари ойликлари ва пенсияларни нақдсиз шаклда пластик картага ҳам ўтказиб бера олмай қолган бўлса¸ бу давлат бюджетининг даромад қисмида жиддий муаммо бор¸ деганидир. Бу иқтисод учун хавфли вазият ва иқтисоднинг барча тармоқларида домино эффекти бошланиб кетишига сабаб бўлиши мумкин¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон иқтисодида юз кўрсата бошлаган нақдсиз пул тақчиллиги сабаб ва оқибатлари ҳақида Сапарбой Жубаев мулоҳазаларини қуйида тинглашингиз мумкин.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сапарбой Жубаев билан нақдсиз пул тақчиллиги ҳақида суҳбат