11 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг айрим олийгоҳлари талабаларни пахта теримига жўнатишни бошлади. Ҳукуматнинг жорий йилда пахта терими мажбурийлик кўринишида бўлмаслик ҳақидаги ваъдасига қарамасдан деярли барча олийгоҳлар талабаларига 15 сентябрдан оммавий сафарбарлик бошланиши айтилган.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида оммавий пахта теримига киришилди. Мамлакатнинг шимолий вилоятларида эса пахта кеч очилгани сабаб, оммавий терим 10 сентябрдан бошланиши айтилмоқда. Озодликнинг айрим туманлардан олган хабарига кўра, ҳокимлар пахта теримига бюджет ташкилотлари ишчиларини мажбуран жалб этишга киришган. Вилоятдаги олийгоҳлар талабалари ҳам ҳар эҳтимолга қарши тайёр бўлиб туриш ҳақида огоҳлантирилган.
Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги тадбиркорлардан пахта теримида иштирок этиш мажбурияти битилган тилхат ёздириб олиняпти. Бу ҳақда хабар берган тадбиркорларнинг айтишларича, улар пахта теримига ўзлари ёки ўрнига мардикор ёллаб чиқариши керак. Айни пайтда, вилоятнинг Ангрен шаҳридаги боғча ва мактаблар тарбиячи ва ўқитувчилари ҳам пахта териш учун ўрнига одам топиш ҳақида огоҳлантирилган.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва вилоят ҳокимларининг бу йил ўқитувчи ва шифокорлар пахта теримига чиқарилмайди, деган баёнотидан сўнг ҳам жойларда ўқитувчиларни “ҳар эҳтимолга қарши” теримга чиқиш ёки ўрнига одам топишга тайёр туриши ҳақида маҳаллий раҳбарларнинг огоҳлантираётгани ҳақидаги хабарлар Озодликка бот-бот келмоқда. Баъзи ҳудудларда ўқитувчиларнинг “ўз ихтиёрлари” билан теримга чиқиш “ташаббуси” тайёрланаётгани айтилади.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, вазир муовини Эркин Муҳитдинов АҚШ Сенати халқаро алоқалар бўйича қўмитаси ҳайъати аъзолари билан учрашув чоғида мажбурий меҳнатни тақиқлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 8 август кунги баённома қарори имзоланганини айтган.
Ангрен шаҳар ҳокимининг корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига юборган “тезкор хабарнома”сида белгилаб қўйилган вазифалар орасида пахта теримида қатнашадиган отрядлар аъзолари суратлари жамланмаси – виньеткаларни шакллантириш топшириғи ҳам бор.
Бухоро вилояти мактаб ўқитувчилари бу йилги пахта теримида қатнашиш учун тилхат ёзиб беришга мажбурланяпти. Бу ҳақда Озодликка хабар берган ўқитувчиларнинг айтишларича, барча мактаблар ўқитувчилари “бу йилги пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай” териб беришга кафолати ёзилган тилхатни терим учун ташкил қилинган отрядларнинг бошлиқларига беряпти. Расмийлар эса бу йил ўқитувчилар пахта теримига чиқарилмаслигини айтмоқда.
Давомини ўқинг